www.ziyouz.com kutubxonasi
172
— Сенинг ўқ илонни унутмоғинг мутлақ лозим эмас, — деди у. — Бек сендан ҳам мендан ҳам
айёр. Унинг жон бермоғи мушкул.
— Айёрликка айёр, — деди Кесакполвон, — у мени аҳмоқ қиламан, деб пойлоқчиларига жавоб
бериб юборибди. Мен эсам унинг рўпарасидаги уйни сотиб олиб, пойлоқчи қўяман. У шохида
юрса, мен баргида юраман. Ошиқ тепиб, ютқизиб, мишиғини оқизиб юрганида уни мен одам
қилганман. Бу ёғидан хотиржам бўлаверинг.
— Хонгирейнинг сенга муҳаббати жуда юксакдир. Борлиқ юмушларингни шунга яраша қилавер,
— деди Маматбей унга сигарет узатиб. Селим эса ёққични ёқиб тутди. Бу марҳаматдан ийиган
Кесакполвон оромкурсига ястанди. Унинг бу қилиғи Маматбейга малол келиб, Селим билан кўз
уриштириб олди.
— Бугун сени анча қидирдик. Бундан бу ёғига қаердалигингни аниқ билиб туришимиз керак.
Бизнинг ишимизда бир дақиқа ҳам жонингни ё нари, ё бери қилиб қўйиши мумкин.
Бу танбеҳ Кесакполвоннинг қонини қайнатди.
Асадбек баъзан оғир гап қилганида у жириллаб берарди, хожаси бунга жавобан яна заҳрини
сочар ёки индамай қўя қоларди, унинг эркалигини кўтарарди. Кечагина Ҳосилбойваччани
кўрганида думини қисиб юрувчи, энди эса Хонгирейдан ваколат олиб ўзини хўжайин
ҳисоблаётган Селим ҳам, Хонгирей номидан иш кўрувчи Маматбей ҳам унинг эркалигини
кўтармаслиги аниқ. «Иккови ҳам микрофонга ёпишиб чиранувчи овози йўқ ашулачига ўхшайди.
Микрофонини тортиб олсанг, бу ашулачининг баҳоси сариқ чақа. Буларнинг қўлидаги кўзир
Хонгирей. Эртага кўзирдан ажралишса микрофонсиз ашулачининг ўзи бўла қолишади. Бу
харомилар билан ўшанда гаплашаман.» — Кесакполвон шу қарорга келиб, тобелик либосида
«хўп» деди.
— Хонгирей бизга муҳим топшириқ берди. Красноярдаги харидорларимизнинг иштаҳалари
яхши. Лекин уларнинг сўраган нарсаларини дарров юбориб бўлмайди. Аввал озроғини юбориш
керак. Курерликка ярайдиган ишончли одам борми?
Кесакполвон ўйлаб ўтирмай «бор» деб жавоб берди. Булар учун энг ишончли одам унинг
назарида Жамшид эди. Булар балки Жамшидни ўзларича белгилаб қўйиб, синаш мақсадида
сўрашаётгандир? Агар шундай бўлса, Жамшиднинг ёлғиз ўзини юбормайди, Қозини ёки
бошқасини ёнига қўшади. Кесакполвон шу тўхтамга келиб турганида Селим «Одам ишончли
бўлсин, лекин йўқотсанг, ачинмагин», деб фикрини бузиб юборди.
— Англадингми, қардош? — деб сўради Маматбей.
— Ишнинг хатари бор, — деди Селим Кесакполвоннинг жавобини кутмай. — Лекин оқиб
келадиган фойда битта-иккита одамнинг жонига арзийди. Бугун кеч ўнда одаминг Красноярга
учиши керак. Мол анавинда, — Селим шундай деб эшик ёнидаги янги жигарранг дипломатни
имлаб кўрсатди. — Қулфини очишни харидорнинг ўзи билади. Одаминг эрталаб харидорга
телефон қилади. «Бир соатда етиб бораман», дейди. Лекин бир соатда ҳам, ўн соатда ҳам
бормайди. Эртасига телефон қилиб, ана ундан кейин боради, — Селим ён чўнтагидан сурат
чиқариб, Кесакполвонга узатди, — Харидор шу одам. Турадиган жойи, исми, телефони
орқасига ёзилган.
Кесакполвон бир суратга, бир Селимга қараб, ажабланди:
— Козлов-ку? — деди таажжубини яширмай.
— Ҳа, Козлов, — деди Селим хотиржам равишда.
— Бунинг изи йўқолган, деб эшитувдим, — деди Кесакполвон Маматбейга қараб.
— Биз из йўқотмаймиз, биз изни қуритмагимиз мумкин, — деди Маматбей. — Козлов Хонгирей
ҳузурига бош эгиб борди. У энди Красноярда бизларга хизмат этажак, англадингми?
Кесакполвон бу режа асосида бир шумлик ётганини сезиб, «тушундим», деб гапни калта қила
қолди. «Козлов бош эгиб борса Асад биларди. Ё у хабарсиз қолдими? Ё билса ҳам менга
айтмадими? Ахир бизнинг Козловда анчагина оларимиз бор-ку?» Кесакполвон бу муаммога
жавоб топмай туриб, Маматбей:
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |