www.ziyouz.com kutubxonasi
173
— Қардашинг бугун учмаги лозимдур, — деб таъкидлади. Бу билан у боражак курернинг
кимлигини ҳозир билишни истаётганини маълум қилди.
— Унинг кўп нарсани билиши шарт эмас. Бунинг ичида нима борлигини айтма. Омонатни
Козловга етказиши шартлигини билса кифоя.
Шу онда, Кесакполвон учун кутилмаган тарзда хаё-лига бир фикр келди-ю, бундан ўзи ҳам
қувониб кетди. «Хитларнинг одами» деб гумон қилинаётган Ҳалимжонни синаб олиш учун айни
вазият етилганини англаб, унинг номини тилга олди-да, озгина таъриф ҳам берди.
Маслаҳат пишгач, Кесакполвонга, ижозат берилди. У хўжаларидан топшириқ олгани келган
малай ҳолида ўрнидан турди. Селим уни хона эшигига қадар кузатиб, дипломатни қўлига
тутди. Нари борса тўрт-беш килодан ошмайдиган дипломат Кесакполвон учун ғоят оғир
туюлди. Маматбейнинг кам гапириб, кузатиб ўтириш, асосий топшириқни Селим айтиши,
ниҳоят, юкни тутқазиши «Бу ерда мен хўжайинман, сен эса дастёримсан», деган ишора эди.
Кесакполвоннинг Селим билан биринчи учрашувидаги хавотири амалга ошди — у беклик
тожини киймай, югурдаклик чориғига муносиб кўрилганини англади-ю, ўзининг пешонасига
қарсиллатиб ургиси келди.
Кўчага чиққач, ўзича бир кашфиёт қилди: «Асад шунинг учун ҳам Хонгирей билан ишлагиси
келмай, мени рўпара қилибди-да...»
2
Красноярга учажагини Ҳалимжон ҳавоаланига келганда билди. У Кесакполвон билан йўлга
чиққанида «Янги хўжайинни кузатаман шекилли», — деб ўйлаган эди. Чувриндининг ўлимидан
сўнг икки ошна муносабатларини кузатиб, ораларида жарлик пайдо бўлаётганини сезган,
Асадбекнинг идорага кам бориши, ишларга аралашмай қўйишидан амал курсиси Кесакполвонга
ўтганини тахмин қилиб, бундан керакли жойни бохабар этган эди. Шу тахминига асосланиб
Кесакполвонни ўзича «янги хўжайин», деб атаётганди.
Қўлига дипломат билан сурат тутқазилиб, вазифа топширилгач, нима дейишини, нима қилишни
билмай гарангсиб қолди.
— Ҳа, нимага довдираяпсан? — деб сўради Кесакполвон.
— Уйга айтмай кетавераманми? — деди Ҳалимжон.
— Ўзим айтиб қўяман. Сен бола ўзингни тарозига солма. Бизда «уйим-пуйим» деган гап
бўлмаслигини ҳали ҳам билмайсанми? Эсингдан чиққан бўлса иккала қулоғингга қуйиб ол:
бизда «нега?» деб сўралмайди. Биз «хўп» дейдиганларни яхши кўрамиз. Сени иккита жонга
қарз қилиб қўйганмиз, а?
Буниси Ҳалимжон учун янгилик бўлди:
— Иккита жон дейсизми?
— Балки учтадир... — деди Кесакполвон ён томонига қараб чирт этиб тупуриб. — Манқангни
оқизиб келганингни унутдингми? Биз қутқармаганимизда ғилай қонингни ичармиди, жонингни
Ҳосил табаррук қилиб берганидан кейин қўлма-қўл бўлиб кетармиди? Агар хотининг ҳозир
иккиқат бўлса, учинчи жон ўша-да.
Ҳали туғилмаган гўдакнинг жонини ҳам гаровга осонгина, ҳудди оддий гапни айтаётгандек
тиркаб қўйиши Ҳалимжонни сескантириб юборди. «Учта жоннинг тақдири шуни эгасига етиб
боришига боғлиқми?» дегандай кўзини Кесакполвондан олиб қочиб, қўлидаги дипломатга
қаради.
Паттани белгилатиш учун юришган дамда қошу кўзларига қадар малла бир йигит худди
қадрдонларини учратиб қолгандай кулимсираб келиб улар билан кўришди.
— Ҳайдарбек ака, омадни қаранг, бу ошнам билан бирга учарканмиз, — деганидан сўнг
Кесакполвон унинг ким томонидан юборилганини англади. Ҳалимжоннинг «Ким бу?» деган
маънодаги қарашига жавоб бермади. «Керак бўлса йўлда танишиб оларсанлар», дегандай у
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |