Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
176
Манзура «куёвингизни бир марта ҳам бориб кўрмадингиз-а», деб хархаша қилаверганидан
кейин Асадбек касалхонага отланди. Аввалига ўлимини истаган, сўнг раҳми келиб олиб қолган
одамни йўқлашни ўзи учун паст кетиш деб ҳисоблаётган Асадбек касалхона дарвозасига
етмаёқ изига қайтгиси келди. Гарчи «шу одам яшасин», деб марҳамат қилган бўлса-да,
куёвининг гуноҳини ҳали кечмаган эди. Суюкли қизи Зайнабнинг қора кунлари учун Элчинни
кечириш мумкин ҳам эмасди. У тақдирнинг қора ўйинлари билан муроса қилишга мажбур эди.
Орада қизининг тақдири бор экан, ҳар қандай аблаҳнинг малъунликларига чидашдан ўзга
чораси ҳам йўқ эди.
Ҳамшира билак томирини тополмай игна санчавериб Элчиннинг тинкасини қуритган дамда
Асадбек боштабиб кузатувида кириб келди. Ҳамшира уларни кўриб, ишини чала ташлаганича
чиқди.
Қайнота билан куёвнинг кўзлари тўқнашди.
— Билиб туриб атай қилдингиз-а? — деди Элчиннинг кўзлари. — Бунчалик маккорлигингизни
ҳисобга олмаган эканман. Бир қўлингиз билан бошимни силаб, иккинчиси билан жонимни
суғуриб олмоқчи бўлдингиз-а?!
— Сен бола бундан баттар азобларга лойиқсан, — деди Асадбекнинг кўзлари. — Мен умр бўйи
азоб тортгин, деб сени ўлимдан сақлаб қолдим. Сен менинг юрагимни тилиб, туз сепгансан. Бу
яра ўлгунимча мени азоблайди. Сен ҳам ўлгунингча қақшайсан. Шунда ҳисоб-китобимиз тўғри
бўлади...
Кўзларининг суҳбати тилга кўчмади. Боштабиб ҳузурида бундай тикилиб туравериш ноқулай
бўлгани учун Асадбек:
— Қалайсиз ҳофиз, опоқмисиз? — деди. У меҳрибон ота каби ҳол сўрамоқчи эди, аммо меҳрдан
маҳрум дилдан тилга ширин сўз чиқмас экан.
Eлчин лабларини беҳол қимирлатиб «раҳмат» дегандай бўлди. Қайнота билан куёвнинг
суҳбати асосан шу билан чекланди. Буларнинг ўрнига боштабиб гапириб «Eлчинбекнинг аҳвол-
руҳияси яхши томонга ўзгараётганини» таърифлаб кетди. Ҳатто табобат тарихидан озгина
гапириб ўтди. Бир-бирига унсиз равишда тикилиб тургандан кўра бу одамнинг сайрашини
маъқул деб билган Асадбек луқма ҳам ташламади, гапини кесиб ҳам қўймади. Элчин ҳориган
тарзда кўзларини юмгач, Асадбек ўрнидан турди.
Қайтишда шаҳар марказидаги уч қаватли иморат ертўласига жойлашган, «видеобар»
ниқобидаги идорасига кирди. Даҳлизда Бўтқа билан Жамшид телевизор кўриб ўтиришган эди.
Эшикка орқа қилиб ўтиришгани учун икковлари ҳам Бек акаларининг кириб келганини
сезишмади. Асадбек:
— Биров келиб дастмояларингни кесиб кетса ҳам билмайсанлар-а! — деб бақириб бергач,
бараварига сапчиб турдилар. — Бўтқа, бу ер идорами, ё амма-холангнинг тавонхонасими?!
Ўзини оқлашга уриниш, кечирим сўрашнинг фойдасизлигини билган Бўтқа «Бек ака...»
деганича бошини эгиб тураверди.
Асадбек хонасининг эшигини очиб, орқасига қарамай «Жамшид» деб чақирди-да, ичкари
кирди.
Чувриндинининг ўлими, Кесакполвоннинг хиёнатидан сўнг Жамшид Асадбекнинг энг яқин
одами мартабасига кўтарилган бўлса-да, хожасининг ёнида ўтириш у ёқда турсин, ўзини эркин
тутишга кўника олмаётган эди. Ҳозир ҳам Бек акасининг изидан кириб «Буюринг,
хизматингизга тайёрман», деган мулозим кўринишида қўл қовуштириб тураверди. Диванга
ўтирган Асадбек унга бир қараб қўйди-да, ёнидан жой кўрсатди.
— Ҳалимдан дарак борми? — деб сўради Асадбек, Жамшид ўтиргач.
— Аниқ бир гап йўқ. Қозининг айтишига қараганда Ҳайдар акам билан аеропорт томонга
кетишган экан. Суриштириб билсам, у Красноярга учган. Ҳайдар ака кузатиб қўйганлар.
— Красноярга? Ҳайдар аканг кузатибдими? — Асадбек шундай деб ўйланиб қолди: «Хонгирей