www.ziyouz.com kutubxonasi
162
шундай деб туриб қадаҳларга коняк қуйди. Асадбек узатилган қадаҳга қўл узатмагач, нима
қилишини билмай ноқулай аҳволга тушди. Асадбекнинг:
— Ўзинг ич, — дейиши уни бу аҳволдан қутқарди. Қадаҳни Бек акасининг соғлиғи учун
кўтариб, яна ошхонага қайтди.
Кўп ўтмай икки косада манпар келди. Асадбек хотинига «кўрдингми, буларни», дегандек қараб,
истеҳзо билан жилмайиб қўйди, бироқ, қўлига қошиқ олмади. Манзура ҳам «енди бу ёғи нима
бўларкин» деб ҳаракатсиз ўтираверди. Манпар совушга улгурмай тобоқи жўжа ҳам
келтирилиб, ёқимли ҳиди иштаҳани қитиқлади. Ана шундан кейин Асадбек чўнтагидан пул
чиқариб санагач, дастурхон устига ташлаб устига конъяк шишасини бостириб қўйди-да,
ўрнидан турди. Асадбекнинг бу қилиғидан талвасага тушган муовин:
— Бек акажон, бизни уялтирманг, — деб ялинди.
— Ҳалиги йигитларни танийсанми? — деб сўради Асадбек унинг гапига парво қилмай.
— Биринчи кўришим... танимайман, — деди муовин довдираб.
— Чўтал беришмайдими сенга, шунақа лақмамисан? Эртага Жамшид деган йигит келади, ўша
болалар шу ерда бўлишсин.
Кузатиб чиққан муовин уларнинг пиёда кетишаётганини кўриб ажабланди, лекин «машина
чақирайми?» дейишдан қўрқиб, индамай тураверди.
2
Eрталаб Асадбек нонушта қилиб бўлгач, Манзура тўйдан гап очди:
— Маҳмуднинг қирқи ўтгандан кейин деганман-ку? — деди Асадбек унга жавобан.
— Йигирмалари ўтди... Майли, сиз нима десангиз шу. Лекин.. кунини белгилаб, тўйга
айтаверсак бўлармиди... биласиз-ку, одамлар тиллари билан юрадиган бўлиб кетишган...
— Яхши... Бор, Самадингни чақир.
Манзура гапни кўпайтирмай ўрнидан чаққон турди-да, ўғлини бошлаб қайтди. У тўйнинг
маслаҳати бўлар, деган фикрда яна эрининг рўпарасидан жой олди. Лекин Асадбек ҳозиргина
тўй ҳақида гап бўлганини унутгандай ўғлидан бутунлай бошқа нарсани сўради:
— Кеча Қамар амакинг чиқибдиларми? Нималарни гаплашдинг?
Манзура Абдусамадни бошлаб келаётганида йўл-йўлакай «аданглар тўй кунини
белгиламоқчилар, тортинмай гапингни айтавер», деб шипшиб қўйган эди. Шу сабабли ўғил
отасининг саволидан ажабланиб, онасига қараб қўйди. Манзура «қайдам, ўзим ҳам ҳайронман,
бу кечаги гап эди...» дегандай пастки лабини аста тишлаб, нигоҳини олиб қочди. Абдусамад
эса мужмалроқ тарзда:
— Уйни сотмоқчимишлар, пулдан қийналиб қолишганмиш, — деб жавоб қилди.
— Сен нима дединг?
— Адамлар билан маслаҳатлашаман, дедим.
— Дуруст... — Асадбек шундай деб ўғлига синовчан тикилди. — «Сотаман», деб бошқаларга
ҳам айтибдими?
— Йўқ. Биринчи бизникига чиқибдилар. Гапларининг мазмунидан бизга сотмоқчига
ўхшайдилар.
— Ўзинг нима дейсан?
— Сиз нима десангиз...
— Мен сенинг фикрингни билмоқчиман. Сенам битта оилага бош бўляпсан. Четнинг ҳаётини
кўрдинг. Қани, бир нима дегин-чи?
Бу гапдан сўнг она-бола кўз уриштириб олдилар.
— Ойингга қарама, мен сендан сўраяпман, менга қараб гапир.
— Сотишга астойдил аҳд қилишган бўлса... олганимиз маъқулроқмикин?
— Сен унақа мижғовлик қилма. Кечадан бери ўйлангандирсан, аниқ бир фикрга келгандирсан?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |