www.ziyouz.com kutubxonasi
160
— Гражданин нега тўпалон қиляпсиз?
Асадбек уларга бир хўмрайиб қаради-ю, индамади. «Натали» дейилгувчи хизматчига эса яна
амр қилди:
— Е!
Кўзлари жавдираб Манзура ўрнидан турмоқчи бўлди:
— Адаси...
— Ўтир жойингга!
Хизматчилардан бири тез-тез юриб қалин парда ортидаги ошхона томон ўтди. Дам ўтмай ўша
томонда ресторан хўжайинининг муовини кўринди. У аввалига сочлари оқариб кетган
Асадбекни танимади. Дадил юриб келаётиб, Асадбекнинг ўткир нигоҳи билан кўзлари
тўқнашди-ю, биров оёғига ўроқ ургандай таққа тўхтади. Шу нафаснинг ўзида тиззасига
қалтироқ югурди. Аммо турли одамларни кўравериб, муомаланинг минг бир турини
ўзлаштирган муовин тезда ўзини қўлга олди. Нохушликдан хабар бериб, энди эргашиб
келаётган хизматчига ўгирилиб, бир нима деб шивирлади. Хизматчи «маъқул» ишорасини
қилгач, эпчиллик билан олдинга ўтиб, дугоналарининг ҳимоясига шай турган икки аёлни аста
туртди-да, нарига бошлади.
«Нега бир ўзлари? Нега бизни ҳеч ким огоҳлантирмади?» — Муовин шу саволлар тўрига
ўралиб Асадбекка рўпара бўлгач, таъзим билан салом берди.
— Бек ака, ғафлатда қолибмиз, узр...
«Ҳа, ҳали ҳам Бек акангман. Бек аканглигимча қоламан! «Асадбек шу гапни кўнглидан ўтқазиб
унга қаради-ю, танимади. Яқин уч-тўрт йил ичида бу ресторанга кирмагани учун хўжайини ким,
шотирлари ким билмасди. Буни ё Чувринди ё Кесакполвон яхши биларди.
— Хўжайин сенмисан бу ерга? — деб сўради Асадбек.
— Йўқ... хўжайин... ўзингиз биласиз, Норбўта акамгилар. Сал тоблари йўқроқ эди, изғиринда
белни олдириб қўйибдилар.
— Сенларни белдан эмас, калладан олган.
— Бек ака, бу ёқда жой тайёр эди, ўтайлик. Натали, тур, ишингни қил.
Хўжайини талаби билан қўзғолган хизматчини Асадбек қаҳрли қараши билан жойига михлади-
да, ҳамон таъзимда турган муовинга буюрди:
— Сен ҳам ўтир, Натали жононингга қарашиб юборасан. Бунинг ўзи тирсиллаб турибди, яна
бўкиб қолмасин.
— Бек ака, жой тайёр эди-я...
— Сенга ўтир, дедим. Шу котлетнинг биттасини еб берасан.
Муовин ўтиргач, Асадбек Манзурага аталган котлетни у томон суриб қўйди. Муовин «сени деб
мен ҳам балога қолдим-ку, ол е», деган маънода хизматчига қаради-ю, санчиққа қўл узатди.
Манзура бу можаро эрининг фойдасига ҳал бўлганини билиб турса ҳам игна устида ўтиргандай
ҳаловатини йўқотди. Асадбек эса кўзини котлетхўрлардан узмай жим ўтирди.
«Яхшики бу бўғирсоқ мени таниб қолди,— деб ўйлади у.— Бўлмаса ошхонадан икки барзанги
чиқиб, икки қўлтиғимдан олиб, кўчага ташлармиди? Ҳа, оппоқ сочимнинг ҳурматидан раҳми
келса шундай қиларди. Бераҳмроғи худди ахлатга ташланадиган латтадай судраб чиқарди.
Балки хотинимнинг кўзи олдида бир-икки тепки еб шарманда ҳам бўлармидим? Кейин-чи?
Аламимдан Жамшидни ёки бошқасини юборармидим? Унда нима фойда?.. Энди ёлғиз юраман,
бундан бу ёғига аҳвол шуми? Одамлар иззат қилади, деб талтайиб юраверган эканман-да...
Ёнимда йигитларим бўлмаса Асадбек деганлари сариқ чақадек гапми? Болохонадаги йигитлар
кетишгач, уйимга ит ҳам, бит ҳам бостириб кираверадими? Бу бўғирсоқ ҳали ўрнимни
Ҳайдарга бўшатиб берганимни билмайди. Билса шу котлетни башарамга отишдан тоймасмиди?
У кечаги Асадбекдан қўрқяпти, бугунгисининг орқасига тепишдан тоймайди...»
Шу онда Асадбек янглиш фикр юритаётганди. Бу фикри ўзи яхши кўриб айтиб юрадиган
«йўлбарс-йўлбарсдир, ҳеч қачон қўзичоқ бўлмас», деган гапига зид эди. Тўғри, бирон идора
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |