www.ziyouz.com kutubxonasi
165
оз тикилиб, дарров жавоб қайтармади, сўнг:
— Қанақа бўларкин... автобазасига анча ўрганиб қолувди, хўжайинлари «янги мошин келса,
сен оласан», деб ваъда қилишибди...
Асадбек бу мужмал гапнинг асосида қандай хавотир яширинганини фаҳмлаб, афсус билан
кулимсираб қўйди:
— Қамар ака, шу гапингизга қойил қолмадим. Неча йиллик қўшнимиз-у, лекин сиз ҳам
бошқаларга ўхшаб ҳар хил миш-мишларга ишонасиз. Худди мен ўғлингизнинг қўлига болта
бериб жаллодга айлантириб қўядигандай қўрқасиз-а?
— Унақа эмас, Бек ака, сизни ҳурмат қиламан.
— Ҳурмат қиласиз-у, лекин қўрқасиз. Сизга айтмагандирман, ўзингиз одамлардан
эшитгандирсиз балки, мен болалигимдан бошлаб қиморнинг хадисини олганман. Гапнинг
дангалини, нақдини, ҳалолини, хуллас, ўғил боласини ёқтираман. Илгари ҳам болаларингизни
беринг, деганимда мижғовлик қилувдингиз. Мен пул топишни биламан. Агар хоҳласангиз
ўғлингизга кооператив таксилардан биттасини бериб қўяй, истасангиз узоққа қатнайдиган
КамАЗлар бор.
— Бек ака, узоқнинг иши қийин. Бориб келгунча хавотирдан ёрилиб кетарман.
— Унда ўзимнинг мошинамни ҳайдайди. Доим кўз олдингизда бўлади. Ўйлаб кўринг,
кўнглингизда озгина гумонми, хираликми бўлса — мен таклиф қилмадим, сиз эшитмадингиз.
Орада гиналик йўқ. Мен «уйни сотманг», деб чиқдим, сиз шунга кўндингиз — бошқа гап-
сўзимиз йўқ.
Асадбек шундай дегач, ўрнидан турди.
Кўчага қадар кузатиб чиққан қўшнисини таомилга кўра уйига таклиф қилди. Қамариддин бу
лутфга «Худо хоҳласа тўйларда чиқармиз», деб яхши ният билан жавоб қилди.
Eрининг ҳовлига кириб келаётганини кўрган Манзура ошхонадан чиқди-да, «Ҳайдар ака
келганлар», деб меҳмонхона томонга қараб қўйди. Асадбек Кесакполвоннинг бугун албатта
келишини биларди. Шу боис хотини айтган янгиликдан ажабланмади. Эри билан Ҳайдар акаси
орасида қандай гап ўтганидан, охири икковидан бирининг ёки икковининг ўлими билан
якунланувчи йўлга қадам қўйганларидан бехабар Манзура Кесакполвоннинг кириб келишида
ғайри табиий ҳолатни сезмади, унинг қаймоқ, иссиқ нон кўтариб кириб келишини одатдаги
ташрифлардан деб билгани сабабли эрига айтган хабарида таажжуб оҳанги йўқ эди.
Меҳмонхонадан чиқиб келаётган Муштарийга кўзи тушган Асадбек хотинига «келининг нега
кирди у ёққа?» деган маънода савол назари билан қаради.
— Чойни олиб кира қолинг, девдим, — деди Манзура.
— Бу уйда эркак зоти йўқми, хизмат қиладиган?
Манзура «Самаджонга ўзингиз иш буюрдингиз, Ҳамиджоннинг тоби йўқлигини айтдим-ку», деб
ўзини оқлашга журъат қилолмай, эрига мўлтиллаганича қараб тураверди. У эрининг сўкиб
беришини кутган эди. Муштарий яқин келиб қолгани учун Асадбек хотинини сиқувга олмади.
Келинига:
— Қизим, бизда келин бегон эркак ўтирган уйга кирмайди. Меҳмонга аталган нарсани шундай
остонага қўйиб секин овоз беради. Тўғри айтяпманми, онаси, сен шунақа қилардинг, а?
— Ҳа, бегоналарга шунақа қилинади. Ҳайдар ака амаки қатори бўлганлари учун...
Eринниг авзойи бирданига ўзгарганини кўрган Манзуранинг гапи оғзида қолди. Асадбек
«Буларга амаки бўладиган укам ўлиб кетган», деб тўнғилламоқчи эди-ю, келин ҳузурида
ноқулай аҳвол юзага келиши мумкинлигини фаҳмлаб, индамай қўя қолди.
Кесакполвон деразанинг ўнг томонида, ҳар доим ўтирадиган жойида ёнбошлаганича
қаймоқхўрликни бошлаб юборган эди. Косадаги қаймоққа ботирилган нон бўлакларини чой
қошиқда биттадан олишга қаноат қилмай беминнат бармоқларини ишга солиб қўя қолганди.
Асадбек остонада пайдо бўлиши билан Кесакполвон қаймоқ юқи бармоқларини ялаб ўрнидан
турди-да, кўришмоқ учун билагини тутди. Асадбек кайфияти дуруст бўлса, Кесакполвоннинг бу
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |