www.ziyouz.com кутубхонаси
55
ҲАЙКАЛ
Боққа кирсам, Сталиннинг ҳайкалини бузишяпти... Шундай бир куз куни эди. Олтмиш олтинчи
йилми-еттинчимиди — аниқ айтолмайман. Хуллас, эгнимда мана шу каломинка кител, мана бу «За
отвагу» ҳам — кўкракда; чой ичгани киргандим-да боққа. Эслайсизми, қандай соя-салқин жой эди!
Ўриклари пишиб, тўкилиб ётарди. Ҳа, аптека қуриб, расвосини чиқаришди. Ҳозир парк шаҳардан четда:
биров бормайди... Сталиннинг ҳайкалини эсланг! Баланд супада оппоқ бўлиб турарди. Шинель ҳам,
мўйлов ҳам бир ярашган. Кителини ҳам ҳеч маҳал эгнидан ташламаган экан.
Боққа кирдим. Чойхонадаги одамлар ҳар ёққа сочилиб-жавдираб туришипти. Ҳайкалнинг пойида
ижроқўм раиси Бўтаев билан музейнинг директори Холиқбердиев! Доҳийнинг пойида карлик бўлиб
туришипти. Шунда ҳайкалнинг орқасидан Қулмуҳаммад жўрам, фронтовик ошнам, чиқиб келди-да:
— Ортига ағанайди. Кўчатни синдирмайди, — деди.
Эшитяпсизми, Сталиннинг ҳайкали ҳақида гапиряпти? Доҳийни эмас, кўчатни ўйлаяпти...
— Ҳей, нима қиляпсизлар ўзи? — деб уларнинг олдига бордим.
Бўтаев пучуқ бурнини тортиб:
— Келинг, Кимсан ака. Шуни йиқитиш керак, йўқотиш керак бўп қолди, — деди.
— Кимни? Кимни йўқотиш керак? Йиқитиш керак?
У ҳиринглаб кулди.
— Биламиз, сиз ветеранларнинг бу одамга ихлосинглар баланд. Лекин бу — энг катта халқ душмани
экан, ака... Хрушёв бобонинг докладини ўқимадингизми?
— Ўқидим, — дедим. — Балки сиздан олдин ўқиган-дирман, ўртоқ раис! Лекин у кишиям доҳийнинг
ҳайкалини бузинглар демаган...
— Кимсан ака, нервингиз бурнингизнинг учида туради-я! Қизишмасдан ўйлаш керак-да... Ўлиги
мавзолейдан олингандан кейин ҳайкали бу ерда турадими? Минг одам киради бу боққа. Ёшлар киради...
Ахир, сиёсатгаям қараш керак-да!
Мен жимиб қолдим: сиёсатни тилга олгандан ке-йин лаб-даҳанинг боғланиб қолади-да. Шунда
қисталоқ:
— Бузинг, Қулмуҳаммад ака! Ҳамма кўрсин! — деб буюрди.
Ҳалиги бетон супанинг пастида каттакон гурзидай болға турган экан. Қулмуҳаммад олди-ю,
айлантириб солди денг! Доҳийнинг иягига урган экан, боши учиб кетди.
Кўз олдим қоп-қоронғи бўлиб қолди. Ҳайкалнинг орқасига қандай қилиб ўтганимни билмайман.
Каллага энгашган эдим, болға яна гурсиллади. Шартта изимга қайтдим. Қулмуҳаммад доҳийнинг мана
шу ерига — кўкрагига урипти.
— Э, баққа бер-э, энангди... — деб болғани тортиб олдим. Қулмуҳаммаднинг башарасига
шапалоқлаб солиб юбордим. Кейин болғани Бўтаевга тутдим. — Олинг! Мени уринг!.. Мен розиман! —
Йиғлаб юборибман. — Шу одамни деб қон тўкканман, кантужин бўлганман. Ҳалиям биқинда асколка
бор!
Одамлар келиб мени ушлашди. Унга сари жаҳлим чиқиб кетди.
— Бу одам юртни ўйлаганда сен қайда эдинг?! Э, жўжахўроз, политик! ? — Оғзимдан у кирди, бу
чиқди. Эсим ҳам жойида эмас, шекилли. — Ахир, ахир... Бу одам доҳий-ку? — деб бақирдим. — Кеча
«Яшасин!» деб юрган эдинг... Ҳа, ҳароми! — Қулмуҳаммадниям сўкиб кетдим. — Урушга «За Сталин!»
деб кирган ким эди? Курский дуга эсингдами, иплос? Сен салкам пошист экансан-ку!
Ғала-ғовур бўлиб кетди. Қаёққа қарайман! Сўкяпман!.. Энди, оға, бу жон — фойдага қолган жон.
Буёғига нимадан қўрқаман? Шунда бир-иккита мусулмонлар ҳам бор экан, менинг тарафимни олишди.
— Ҳе, шуни олиш керак бўлса, бузиш шартми? Ул-бул... — деган гаплар қилишди.
Чамаси, Бўтаев ҳам шундай бир ҳимояга маҳтал эканми:
— Йўғасам буни ағанатайлик. Майли, ўзларинг бирон жойга обориб кўминглар, — деб қолди.
— Мана, биз оламиз-да! — дедим. — Кўмаманми, кўммайманми — уёғи билан ишларинг бўлмасин!
— Майли, биз сизларнинг олдингиздан ўтдик. Биз халққаям қулоқ соламиз, — деди-да,
Холиқбердиевни эргаштириб кетди.
Энди Қулмуҳаммаднинг йиғлаганини айтинг:
— Менга қадри йўқмиди доҳийнинг? Чақириб айтишди-да: «Сиз сиёсатга қаршимисиз?» деб...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |