www.ziyouz.com кутубхонаси
52
Айниқса, ўша йилларда...
Йўқ-йўқ, сиз унинг ҳидини ҳидлаб, очиғини айтаман, мендай роҳатланиб кўрмагансиз.
Нега куласиз?
Тасаввур қилинг: кенг пахтазор! Орзу қилган пахтазорингиз! Оппоқ очилиб ётибди. Ғурурингиз,
фахрингиз... Хўш, унинг ҳиди сал қўланса экан, нима бўпти?
Бунинг устига, ўшанда уни ҳеч ким «химикат-ёмон» демасди. Бемалолчилик... Шийпонимиз анави
ерда-ю, бу ёқдаги иккинчи теримдан чиққан далага самолётдан дори сепишарди. Сал сасирди-ю,
барибир-да: у сепилиши керак, ғўзанинг барги тўкилиши керак. Акс ҳолда машина киролмайди. Терим
кечикади.
Кейин шармандалик!
Мен унинг ҳидини ёмон деган киши билан ўшанда ҳам... бўғишардим-ов.
Ишонинг, у менинг... ўша ҳид менинг энг азиз таассуротларим билан боғлиқ!
Бундан ташқари, мен сизга очиғини айтишим керак, киши ўша ҳидга ўрганар экан! Мана, сигарета
чекасиз, яхши. Бировлар нос отади, наша чекадиганларам йўқ эмас... Хуллас, дастлаб чекишганда,
бошлари сал айланади, кўнгил безовта бўлади, ҳатто қусади. Лекин кейин-чи?
Мен бу дорига ана шундай хумори бўлиб қолган эдим десам, ҳайрон бўлманг.
Э, ака!
Бу дунёда яхшилаб, ўйнаб-кулиб, завкданиб яшаш керак... Энди ўзингиз ўйланг, менинг бутун
завқим-яшаш тарзим ўша ҳид билан боғлиқ-да! Ҳали мен «дардим куз билан боғлиқ» дедим шекилли.
Қаранг, тўғрисини айтиб қўя қолган эканман.
Болалик ҳам, ҳе, техникум, Насибахон билан хир-монда гурунг... Ўша хирмондан ҳам мен
роҳатланардим-да: нима, чигитни қирс-қирс синдириб — тишингизда синдириб ётганингизда, ўша
ҳидни сезмайсиз-ми?
Сиз сезмагансиз-да, холос.
Бироқ, ўшанинг нашъаси сизнинг томирларингиздаям бор!
Э, нималар деяпсиз?
Кечирасиз...
Нима? Пахтадами?
Э, ўн йилча ишладик-да!
Қурилишда ишлаб юрибман денг. Кейин... Туриб-туриб юрагим сиқиларди. Бир нарсаларнинг
хумори тутади. Насибами дейман. Айланаман, изғийман... Иттифоқо куз келиб қолди-ю, биздан ҳам
беш-ўн кишини қўшни районга пахта теримига олиб чиқишди.
Бордим. Хирмонжойдан ўтдим. Даланинг ёқасида турибман. Ишонасизми, ака, худди бегона жойга
келиб қолган мусофирдекман. Пахтаям пахта эмасдай.
Билсам, бу далага анча кунлар олдин бир марта дори сепилган экан-у, ҳавога учиб кетган экан.
Таъбим хира бўлиб, орқага қайтдим: далага киргим келмайди. Тентираб юриб, бир гаражга бориб
қолдим. Кўп тунука банка, темир бочкалар қалашиб ётган экан.
Шунда димоғимга гўёки атирнинг ҳиди келиб қолди-ку! Чопиб бордим. Худди овчаркага ўхшаб
искаланиб кетдим. Булар бутифосдан бўшаган идишлар экан.
Шу ҳидлайман-е!
Кўпдан бери ҳидламаганим учун бўлса керак, бир маҳал бошим айланди, кўзим тинди, ўхчиб чиқиб
кетдим. Ариқ бўйига бориб ўтирдим. Бирон соатдан кейин ўзимга келдим.
Кейин... шундай роҳа-ат!
Биламан, сиз менга қарши гапирасиз ҳозир: бу фикрларимга мутлақо қўшилмаслигингиз мумкин.
Майли. Мен сизга «Нега чекяпсиз? Сигарета зиён?» демайман аммо.
Менсиз ҳам, ана, қутисига ёзиб қўйипти.
Энди-энди пахта дориси ҳам зарарли деган гаплар чиқа бошлади.
Инкор этмайман: бўлиши керак!
Аммо... пахта-чи? У давлатга керакми, йўқми, ака? Ахир, пахта давлатимизнинг тиргакларидан,
устунларидан-ку! Бойлигимиз, фахр...
Биз уни етказишимиз керак экан, сал зиён кўрсак, нима қипти?
У ёғини сўрасангиз, зарарсиз нарсанинг ўзи йўқ!
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |