www.ziyouz.com кутубхонаси
175
момогулдираклар гулдираётир: гўё осмони фалакнинг қандайдир босқичларида афсонавий ағдарма
мошиналар тош тўкишмоқдаки, у тошлар, қаёқ нишоб бўлса, ўша ёққа думалаб кетишмоқда.
Сўнг эса чақмоқларнинг ўткир ханжар-ла тилгандек оқиш чизиқлари кўкка сингиб йўқола бошлади.
Ва кун ўтли оқ гулхан ўз йўлида муаллақ тўхтаб қолгандек порламоққа тушди. Унинг атрофидаги
мовийликда қора-қадрдон нуқталар, қай-бир шоир айтганидек, самовий қуш — турналар кўринди.
Ерда — адирларда яшиллик униб чиқаетир: майсалар, шувоқлар, қўзигуллар...
Ҳур-ҳур шабада... Шабада қияликдаги чарсиллаб тутаётган гулханни эгади, ер бағирлатиб тагидаги
алангани ловуллатади. Атроф ўткир ва соғинган қалбни йиғлатар даражада хушбўй ҳидларга тўлиб
кетади.
Гулхандан чапрокда — нишобда қийшайиб ўсган ва ҳали қуриб қолгандек сарғиш бутоқларидан
куртакчалар ниш отмаган бўритикан остидан қорин жунлари осилган ва ҳўл қора совлиқ ўрнидан
туришга интилаётган мўъжаз қўзичоқни яламоқда; шундай шошиб ялайдики, кўзлари тўймаётганидан
каттариб кетгандай, тағин қисқа-қалтироқ овоз чиқариб — маъраб ҳам қўяди. Берироқда-тепарокда
қўйнинг эшини, яъни қўзичоқни ўраб тушган пардани қўлида осилтириб турган Мансур уй томондан —
сўқмоқдан гушш кийган Полвонни етаклаб, бошқа қўлидаги кичкина челакни олдинроқда тутиб
келаётган қизил кўйлак хотинига:
— Тезроқ-е! Манову қузғунни кўрмайсанми! — дея чираниб бақиради.
Чиндан ҳам, тепада бир жуфт қарға айланмоқда ва бетон ҳовузнинг қирғоғига қўниб турган зағизгон
жон ҳолатда чағиллаб, гўё у ҳам келинга: «Жонинг борми? Чоп!» дегандай бўларди.
Ниҳоят, келин ўғлини қўйворди-да, челакни бу қўлига олиб илдамлади.
Буни кўриб, тавба, Мансур уларга пешвоз югурди.
Хотинига етдим деганда, йўлдошни ташлаб:
— Юв, — дея ўтди ва боласини кўтариб, кўксига олди. — Айланиб кетай... Ана, қўйлари туғди.
Ҳозир қағаноқ пиширамиз. Ана, қузғунларни кўринг. А-на! Учаяпти! Еймиз дейди. Қўзичоғингни
еймиз, дейди. Булар — жуда аблаҳ. Кўзини ўяди, билдингми? Тўғри келса, отиш керак буларни.
Хотини шиллиқ пардани чимдиб кўтарганча совлиқнинг бошига борди ва ўша ерда чўнқайиб,
қўзичоққа жилмайиб-жилмайиб қараганча ва нималар дея эркалаган ҳолда, йўлдошни юваркан:
— Отасига кетипти. Калласини қаранг, — деди. — Яхши қўчқор бўлади.
— Бўлади-и. Бизга қўчқор ҳам бўлаверади, — дея ўғлини тушириб, Мансур ҳам қўзичоқ қошида
чўнқайди. — Ҳе, жонивор. Яла, яла... Кампир, ажойиб-а, яламаса бўлмайди... Биласанми, товушқон ҳам
боласини ялаб, анавиндай қитиқлаб ични кеткизмаса, ичи қотиб қоларкан.
— Ҳаммаси шу, — деди Ипак ва кулимсиради. — Нимага уйда очилган какликлар ўлади?
— Ҳа-е, ўлади, кампир. Муштдай бўлади-ю, ўлади, — ҳайрон бўлди Мансур.
— Сиз билмайсиз, — деди хотини. — Менинг эшитганим бор. Ёввойи какликлар тоғда қандайдир
тош ер экан. Балки гиёҳдир. Ишқилиб, бир нарса ер эканки, у ичини суриб турар экан.
— О-о, буни қара-я!
Мансур совлиқнинг бошини ушлаб турар, хотини унинг ортига ўтиб, ҳайвоннинг орқа оёқларини
кериб қўйганча, пақирга соғар экан:
— Ҳой, чол, қағаноқ қилгандан кўра, шу оғизсутдан ҳалиги жўраларингизни уйига бир-бир пиёла
юборсак-чи? — деди. — Болаларининг оғзи тегади.
Мансур бир дам анграйиб қолди-да:
— Эй, тўғри айтасан, — деди. — Ҳа. Шу нарсанинг мени хаёлимга келмаганини қара... Ўзи, минг
йилдан бери оғизни татиб кўришмагандир.
— Бир-бир коса сут ҳам бераман, — давом этди келин. — Қуруқ оғиздан нима қиларди улар?
Сигирни сутига қўшиб қайнатса, гелагай бўлади.
— Ҳа! — деб юборди Мансур яна ҳовлиқиб. — Жуда маъқул ўйладинг-да. — Шу пайт ёнида
қўзичоқнинг бўйнидан қучиб ўтирган Полвон инграб қол-ди: қўзичоқ йиқилиб, оёқларини
типирчилатар эди. Буни кўриб, совлиқ ҳам интилди. Ва Мансур қўзини тагидан кўтариб, турғизди. —
Бў-ўлди. Мана, болангиз. Яланг... Сутда ҳақи бор деяпсизми? Биламиз. Лекин бизниям ҳақимиз бор.
Сизни бекорга боқиб, парвариш қилмаяпмиз. Сўйсак, аллақачон ҳазм бўлиб кетар эдингиз... Полвон,
тур! Ер зах, зах, билдингми? Ана шундай... Сен ҳам қўзичоқдан қолишмайсан. — Мансур завқланиб
кулди. — Иккисиям энди той-той бўлаяпти-да.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |