www.ziyouz.com кутубхонаси
176
— Ҳе, қўзичоқ ҳадемай дикиллаб кетади... Шу ҳайвонлар жуда мослашган-да яшашга. Қўзининг ҳам
оёғи чиқмай ётаверса, нима бўларди.
— Рост. Табиат доно, доно... — Кейин кулимсиради Мансур. — Муовиннинг хотини жуда уятчан
экан, кампир. Ҳув, патир ёпиб берган эдинг-ку?.. Шундай-шундай, опангиз йўқладилар. Томоқларидан
ўтмай шуни юбордилар, десам, турган ерида айланиб қолди. — У хахолаб кулди. — Кейин бечора
йиғлагудек бўлиб олди: «Биз бўлкага ўрганиб қолганмиз, ака», деди... Э, қойил эмасман шу йигитга.
Ўзи замдиректор. Културни киши. Ўзбек. Тандири йўқ экан-а! Шуям оила бўлди-ю!
— Нон ёпишни билмасдир-да.
— Билар экан! Курранинг ўзи айтди. Кейин... Учрашганимизда. Бу қанақаси, дедим. Ана,
тегирмонлар ишлай бошлади. Дон топилади, дедим... Ўзлари ялқов бўлиб қолишган. Дангаса... Вабше,
одам ўзига ишониши керак.
— Боласини эмизинг. Ийсин... Вуй, кўз тегмасин, қаранг, қандай қуюқ.
— Жиндак қағаноқ ҳам қиламиз. Мана, Полвон кўриши керак, ейиши керак.
— Майли. Мошина сигнал бераяпти... Рабочилар келишди. Бу гал неча кунга кетасиз?
— Билмадим, кампиржон. — Мансур қўзичоқни онаси тагига киритиб, оғзини эмчакка тутди. Ва у
ютоқиб сўра бошлагач, ўрнидан тураркан, бир йўла Полвонни кўтариб олди. Уй тарафга қараганча: —
Тез қайтишга ҳаракат қиламиз, — деди. — Сел келгандир, баъзи жойларни олгандир. Кабелга зиён
етган бўлса, оворагарчилик-да, кампир.
— Ҳалигининг хотини кечга қолмай келсин.
— Келади. Ўзи ўша қайнонасидан безор... Фарзанд кўрса-ку, ўралашиб қоларди.
— Милтиқни ўқлаб кетинг.
— Албатта. Лекин халастойдан жойлайман. Дориси бор, ўқи йўқ. Одамни қўрқитса, бўлди-да... Қара,
— ёнбағирда шиддат-ла ўтлаётган қўй-эчкиларга юзланди, — оғзи кўкка тегди жониворларнинг. Энди
муттасил кўк едириш керак. Сомон берсанг, ичи кетади...
— Менга айтаяпсизми шу гапларни?
— Ҳе-ҳе-ҳе. Ўзимга-ўзимча... Гапиргим келяпти-да, кампир. Эй, эшит, Хойинбека сайраяпти!
Айвонда эди...
— Мошинангизни таниган-да.
— Вей, вей. Тўғри айтасан! Ўзиникидай билиб қолган!
— Қайси куни айвонда журиб эди, мошина келиши билан кузовга чиқиб олди.
— Ҳе-е, ярамас. Тоққа борамиз дегани-да бу?
Мансур ёнбағирда сўппайиб-сўппайиб турган олма ниҳолларини четлаб ва симтўр деворни кўздан
ўтказганича илдамлаб бораркан, бир елкаси тушиб кетган, тақамўйлов, малла киши қийшайиб чиқиб
келарди.
— Ассалом алайкум! — деб кўришди Мансур у билан. — Қалай?
— Шу, келдик, — деди у. — Келинингиз ҳам келди.
— Вой, сиз авлиё-ку, оға!
— Энди, шу-да.
Айвон пастида оғирлигини дам у-дам бу оёғига со-либ, солланиб турганча папирос чекаётган шофёр
Абулқосим қоматини тиклаб:
— Келинг, шеф, — деди ва бармоқлари чангакдек қўлини узатди. Мансур билан ҳам қўш қўллаб
кўришиб, жинси шими-ю курткасига завқланиб боқиб:
— Зўр-зўр, — деди.
— Кеча мишиғи оқиб юрганлар кийганда, биз кийсак, нима қипти. — Кулиб қўйди у. —
Тижоратчиман, дейди. Ишбилармон... Мана, иш билади! Давлатнинг магазинидан олиб, ўзининг
дўконида ўн бараварига пуллайди, ароқниям...
— Ҳай-ҳай, ҳозир шундай замонки, азизим, кўп одамлар жувоздан чиққан отдай айланиб қолишган,
— деди Мансур. — Тушундингми гапимни?
— Э, ўтган сафар ҳам айтгансиз... Мине от этово не легчи! Ярамаслар.
— Йўлга шаймисан?
— Канешна.
— Бу, фасон бўлиб олибсан?
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |