www.ziyouz.com кутубхонаси
172
қилиқларингиз эсимизда турибди. Масалан, ҳалиям менинг жағим оғрияпти...
Мансур елкасини учирди-ю, қимирлаб ҳиринглади.
— Мениям елкам оғриянти.
Чол мастона кулди.
— Ажойиб одамсизлар-да... Қани, хўжайинжон, пиёлани оласизми? Ё бўлдими?
— Нимаси бўлади? Олади! — Буюргандек деди Шотўра. — Ол, курра!
— Тўра ака, яна бир марта шу сўзни тилга олсангиз, туриб кетаман. Сиз билан ҳеч гаплашмайман.
— Гаплашасан. Гаплашмасанг, сирингни очаман. Районда бош кўтаролмай қоласан... Ич, ука! Э,
ҳазил-е! Борингларга шукур! Сизлар бўлмаганда билмадим... — Кейин Мансурга юзланди. — Нимага
мени урмадинг? Роса туширдим-ку? Худо урсин, нима қилаётганимни билмай қолдим.
— Ана шунинг учун, — Мансур ёнида ётган таёқни олиб унга берди, — марҳамат... — Кейин
носқовоғини олиб, тиззасига урди. — Умуман, рашчёт бўлдик.
— Менимчаям, шундай, — тасдиқлади директор муовини.
— Баъзан сендан ҳам ақлли гаплар чиқиб қолади, а? — деди Шотўра Мансурга. — Турмада мулла
бўлиб олгансан-да! Ҳақиқатан ҳам кўп гапларингда маъно бор.
— Қуллуқ, ака.
— Хўй, чиновник, олсанг-чи уни? Совуб кетди... Ўзи ичкиси келиб турибди-ю, ноз қилади... Менга
қара, бу кетишда сендан раҳбар чиқмайди. Сабабини айтайми? Марҳамат. Сен соддасан — бир. Фикр
юритишинг кечаги одамники — бу икки. Тижоратни билмайсан, яъни, иқтисодий саводинг йўқ,
қолаверса, порахўр эмассан, яъни, студентлардан бир нима ундиролмайсан. Ўқишга кираётгандаям,
имтиҳон топшираётгандаям... — Шотўра киссасидан «Прима» сигаретини пачкаси билан олиб чўққа
яқин қўйди. — Директоринг — гений...
— Мен одамнинг орқасидан гапирмайман, — деди муовин. — Бироқ «гений» сўзини асраб қўйиш
керак... — Ўшангачаям яшаб турамиз, — давом этди директор муовини чайналиб. — Аммо идеология
яратилиши керак. — Дин — милиён йилнинг маҳсули. Сосиализм идеологияси ҳам — эски эди: бой
билан камбағал тенг бўлиши керак деган гап эди-да. Эртакларимиздаям бор-ку?.. Шунинг учун одамлар
унга эргашди.
— Оҳ! — Шотўра чиндан ҳам ҳайрат ила тек қолди. — Шу гапинг кўп доно гап бўлди, ука. Ҳим,
раҳма-ат... Шунинг учун ичсанг арзийди. Ичмасанг, менга бер... Э, мана, ёш бизнесмен гижинглаб
турибди.
— Олаберинглар. Энди менга жавоб берасизлар, — деди Мансур. — Лекин суҳбатимизнинг охири
яхши бўлди...
— Ҳм, ҳаммамиз ҳам бир очилдик, — деди Шотўра муаллим. — Сен келганинг туфайли.
Каклигинг...
— Каклигимни емайман-у... — деб юборди Ман-сур. Аммо қандай йўқотишни билмас эди. Шунинг
учун ночор хўрсиниб, эгилганда...
«Э, чиқариб қўйворсам-чи? — деган ўй келди кўнглига. Бироқ шу заҳоти рад этди: — Одамлар тутиб
еб қўйишади. Қўлга тушади, узоққа учолмайди...»
Мусиқа муаллими ғамгин жилмайди.
— Йўқотма, ука. Билиб турибмиз ҳаммамиз, тоғда каклик бармоқ билан санарли қолди ҳисоб. Агар
об-ҳаво ўзгармаса, қолган-қутганиям энасининг...
— Шундай сўзларни камроқ айтсангиз, — деб қўрни кавлади қоровул.
— Кечирасиз, ота, — деди Шотўра тезгина. — Бу тил бузилиб кетган... Ҳа, Мансуржон, — энди
овози ҳам ўзгариб ва ғайритабиий самимият касб этиб, давом этди: — Ҳадемай баҳор келади. Сенинг
совлиқларинг қўзилайди. Кунлар очилади, қушлар тухум босади. Аммо тоғларимизда какликлар овози...
— Эшитилсаям — кам, аҳян-аҳянда, холос. Бу би-линиб қолди. Бизга ўхшаган ёвузлар камми? Ҳў-
ў...
Хуллас, айтмоқчиманки, макиёнинг ҳали керак бўлиб қолади.
— Раҳмат, ака, — деб унинг тиззасига кафтини қўйди Мансур. — Мен ниманидир тушундим.
— Қуллуқ.
— Энди ичаман, — деди директор ўринбосари ва пиёлани даст кўтарди.
— Худога шукур, — деди қария энди хўжайинга кабобни узатиб. — Шундай яхши гаплар яхши-да.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |