www.ziyouz.com кутубхонаси
143
— Тоза ҳаётдан ортда қоп кетган экансиз-да, тақсир, — деб яна тантана қилди фельдшер. — Ахир
мактабингиздан тубанда эски қуртхона бўларди-ку, Калинин колхозининг собиқ идорасида. Ҳовузиям
бор...
Домла эслаб:
— Бўлди. Раҳмат, — деди.
— Ўшаққа борасизми? — сўраб қолди Эсон дўхтир.
— Бориш керак, — жавоб берди муаллим собитлик билан. — Бизнинг ўқувчимиз шундай киши
бўпти-ю, биз бир оғиз табрикламасак, уят бўлади.
— Ҳе, отангизга раҳмат! — деди дўхтир. — Ундайлар кўпайсин деб дуо қилинг. Энди замон
уларники...
Зокир Ўрин даврага тағин енгил таъзим қилиб ва кичкина, ихчам гавдасига ярашмайроқ турадиган
салмоқли юриш билан чойхона олдидан ўтди.
Домла толиққан эди. Аммо бу янгилик завқидан ва Хўжамёрни кўриш, кўришиш ва ҳимматли
ишларига барор тилаш онларининг жозибасидан чарчоғини ҳам унутиб, мактаб қошидан ўтиб кетди.
У Хўжамёрнинг болалик қиёфасини ҳам, пахта терим маҳалларида такасалтанг юришлари-ю,
«качегар бўламан» деб ўчоқ бошида қолишларини ҳам ҳисоб формулалари каби эслаб борар, шу асно
унинг оқибат тижоратчи бўлишида замин излар, чунки шу заминни шарҳлаб уни шод этишни ҳам
ўйларди. Бироқ ҳарчанд бош қотирмасин, отаси даллоллигидан ўзга сабаб топа олмади. Домла учун
тағин ачинарлиси шу эдики, Хўжамёр нақ ҳисобдан ҳам ўртача ўқир эди: ҳа, бирон масала ёки мисолни
шариллатиб, ечиб ташлаганини эслолмайди.
«Лекин қобилият кейин ҳам юзага чиқиши мумкин, — деб ўзича тўнғиллади Зокир Ўрин ниҳоят. —
Буям талантдай гап...».
Домла рўмолчаси билан манглайини артиб жиларкан, йўл бўйидаги водопровод дастагини босиб
челагини сувга тўлдираётган келинчакни кўрди ва ундан манзилни суриштирмоқчи эканини фаҳмлади-
ю, етиб келганини билди.
Ўнг қўлдаги яп-янги темир дарвозанинг бир табақаси очиқ, у ердан томлар узра юксалган балх
тутининг эгик шохлари кўзга ташланиб турарди: ҳа, бу тут ҳам домлага таниш. Болалигида... ҳу йироқ
замонларда унинг кичкиналигини пеш қилиб, дарахтнинг учки новдаларини кесиш учун чиқаришар эди,
Зокирбой одобли бола бўлганидан барг кесиш баҳона тутга қорин тўйдириб тушишни ҳам ўйламасди.
«Бу йил кесишмаптими?.. Э, пилла териб бўлинди-ю, «кесишмапти» эмиш...»
Домла шу ўйдан кейин Эсон дўхтир айтганидек — чиндан ҳам «ҳаётдан ортда қолгани», аниқроғи,
мамлакатдаги ташқи сиёсату ҳаётдаги товланишлардан тўйгани учунми — турмушнинг бошқа
йўриқларига хийла лоқайд бўлиб қолганини тан олгани ҳолда, дарвозадан кирди.
Катта чоркунж ҳовузни кўриши лозиммиди — асфальт ётқизилган йўлкада турган кўк «Волга»
билан кумушранг хорижий мошинага кўзи тушиб, ҳайрон бўлди. Кейин кенг йўлканинг сўлга
бурилгани ва қари тутнинг эгик шохларини кўриб, мамнун тортди: тут... ўзини кутиб олаётгандай
туюлди.
Шу ҳиснинг қувватида — бу ерда бемалол юришга ҳаққи бор каби мошиналар ёнидан бемалол ўтди-
ю, баҳайбат дарахтнинг тагида стол атрофида ўтиришган уч-тўртта кишига рўпара бўлди. Улардан
битгаси таниш эди: яқиндаги дўкон қоровули.
— Ассалом алайкум! — деди домла қўнғирокдек овозда.
Танимол ўрнидан сапчиб туриб, меҳмонга пешвоз чиқди.
— Валекум ассалом. Келинг, Зокир Ўринович!
Домла салмоқли юришда бориб, у билан кўришди.
— Ҳим, раҳмат... Хўш, ўзингиз қалайсиз? — деб сўради худди шу қоровулнинг аҳволини билгани
келгандек.
— Шу Хўжамёр аканинг апчаркаси бўлиб юриппиз, домлажон, — деб жавоб берди у илжайиб. —
Ҳа, хуш кўрдик... Хўжайин керакми?
Домла тек қолди.
— Кераг-у... — деди домла. — Лекин нега «хўжайин» дейсиз? Нега Хўжамёр сизга «ака» бўлар
экан?.. Шошманг-да! Тағин «афчаркаси бўлиб юрибман» эмиш... Бу нимаси?
— Энди... — «Апчарка» қийналиб-қипсиниб, лўмса юзини синиқ илжайиш қоплаган ҳолда,
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |