www.ziyouz.com кутубхонаси
53
Шу нафас олаётган ҳавоингиздаям зарарли микроблар бор. Машинанинг орқасидан чиқаётган тутун
ҳам — кони зиён... Э, ҳамма нарсани ўйлаб, ҳар нарсадан ҳадиксираб яшасанг, яшашнинг қизиғи
қолмайди...
Ҳозирми?
Ярим кило селитрам бор. Устига сув пуркаб тура-ман. Шуни искаб-искаб қўяман. Намиққан тузнинг
ҳиди келади-ю, ҳарна-да...
Ҳа-да, чиқдим-да кейин ҳам...
Бултур Жиндибулоққа бориб, саккиз кун механизаторларга қарашдик. У ерда иккита далага
самолётдан бутифос сепишаётган экан. Кейин мен атай уларнинг хизматига ўтдим.
Яхши тўлашаркан. Шунга қарамай, у ерда ишловчилар, талабгорлар кам экан.
Қиладиган ишим — бетон ҳовуздан дорини пақирлаб олиш, обориб, самолётнинг бакига қуйиш.
Баъзан ҳовуздаги дорига сув озроқ қўшилган бўлса, одамни жуда тентиратиб қўяди. Шунда ҳеч ким
ишламай қўяди.
Мен ишлардим...
Ахир, кимдир ишлаши керак-ку?
Кейин, анча-мунча пул билан, маза қилиб қайтиб келдим.
Нега менга мундай тикиласиз?
Рангим...
Айтдим-ку, агар касаллигим бўлсаям, юқумли эмас. Юқумли бўлганда, аллақачон Анисага юқиб
қолган бўларди. У хотиним, ахир...
А? Йўқ, билмайди. Айтмайман: нима қиламан айтиб?
Биламан: у қаршилик қилади. Яхши биламан: у менинг ароқ ичмаганимдан хурсанд. Сигарета
чекмаганимдан хурсанд. Рус аёлига нима керак?
Кечирасиз, мен энди... ўзимизнинг аёлларга қиёслаб гапиряпман.
Лаббай? Ҳа, баъзан қон қусаман. «Туберкулўз бўлдимми?» деб дўхтирларга учровдим... стационарга
жўнатишди. Бир текширувдан ўтишинг керак дейишди...
Бугун районга қайтсам керак.
Ҳа-ҳа, соч ҳам кейин, айниқса, бултур тўкилиб кетди. Оғизга қаранг, ўзимнинг тишим эмас. Ярми
садаф, ярми пласмасса...
Ҳа, қувватим йўқ... жуда оз, ака... Ҳали айтдим-ку, автобусга етолмадим.
Ўзимизнинг докторлар «малакров» дейишди. Жигар ҳам сал оғриган бўлиши керак.
Э, иссиқ жон-да! Одамлар самолётга тушишдан қўрқади. Машинага минишдан қўрқадиганлари ҳам
бор. Аммо ўшалар тўғри йўлда бир қоқилиб тушишса, оламдан ўтиб кетиши мумкин.
Аммо эрталаб жуда мазам қочди. Таъбим анча хира бўлди...
Нима дедингиз?
Ёт деса — ётамиз-да...
Куз келиб қолди-я, ака!
Қаранг, чуғурчиклар ҳам келибди! Ҳе-е! Ку-уз!.. Шоирларга яхши-да!
Бизлар... бизлар завқ олишни биламиз, холос.
А? Узоқроқ ётиб қолсам, ўрмалаб бўлсаям чиқаман. Куз келибди-ю, далани кўрмасам бўладими?
Мақсад? Ҳам хуморни қондириш, ҳам ҳисса қўшиш.
Лаббай?.. Сиз бир нарсани тушунмаяпсиз: у дори — менинг... Кайфим, маҳбубам, Насибам...
Қолаверса, таржимаи ҳолимга сингиб кетган, ахир! Тушуняпсизми? Менинг бутун... ҳаётимнинг
маъноси, Ватан олдидаги бурч, илк муҳаббатим... ўшалар қаторида туради.
Ундан воз кечиш...
... Ҳа-ҳа-ҳа! Сиз сигаретани ташлаб кўринг-чи! Қайда! Ўпкаси чириб кетаётганини аппаратда
кўрганларнинг ҳам чекишни ташламаганини биламиз.
Шунақа бўлар экан-да ҳаёт!
Америкада таъқиқланган?
Илтимос, тўхтатинг... Анавинга қаранг! Йўл ёқасига! Ажриқзоргаям сепишипти-ку? Сап-сариқ
бўлиб ётипти!
Нима?
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
54
Йўқ-йўқ, бир кайф қилиб олай... Бошқа машинага осиларман кейин. Бу ёғи яқин қолди.
1987
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |