САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
50
ХУМОР
Ассалому алайкум!.. Раҳмат. Йўлда тушаман. Термизга етмасдан. Стационарга боряпман. Рангимни
кўриб, ҳайрон бўлдингизми? Касалим юқумли эмас. Ишонаверинг... Раҳмат-э. Автобусга етиб
боргунимча жўнаб қолди... Куз тушиб қолди-я. Аҳ, қандай яхши фасл. Шоирларнинг севган фасли.
Абдулла Ориповни яхши кўрасизми? Менга жуда ёқади. Эслайсизми, куз туркуми бор:
«Очиқ айвон остин маскан этган дам
Хазон даврасида кутаман сени...»
Яхши-и.
Пахта тергансиз-а? Э, нима деяпман. Пахта термаган ўзбек боласи бор эканми!
Аммо-лекин бошқаларни билмайман-ку, мен... пахта терими деса, жоним қолмасди: қанот боғлаб
учгим келарди. Ўзиям яхши-да, а?
Шундай очилиб, чарв мойдай оқиб ётган бўлса!
Этакни эмас, қопни судраб кетаверсанг-у, оғзини
очиб, терган пахтангни ичига отаверсанг. Мен шунақа қилиб терардим. Яхши теримчи эдим о, илтор
эдик. Техникумдаям алохида бригадада терардим... Сизга халақит бермаяпманми? Йўқ,
чалғитмаяпманми демоқчиман?.. Рахмат. Жуда зерикдим... Бир киши билан гаплашгим келди. Қарасам,
яп-янги машина ялтираб келяпти. Кел-э, деб таваккал қилиб қўл кўтаргандим. Тўхтадингиз.
Барака
топинг. Ўзи бу ернинг одамига ўхшамайсиз? А-а, ўзимам сездим-ов! Томоша яхши-да, биродар!
Айниқса, кузда!..
Мен «куз-куз» деяпман, ҳайрон бўлманг. Мана шу дардим ҳам куз билан боғлиқ, ака. Шундай... Э-э,
куз! Ҳа-ҳа-ҳа! Сиз шеър ёзганмисиз? Мен ёзганман. «Куз» деб... «Ку-уз!» деб, йўғон ундовни
қўйганман-у, тамом! Нимани ёзишни билмайман. Бир кеча ой ҳақида ёзмоқчи бўлдим. Ундаям шу
аҳвол: «Ой!» деб сарлавҳа қўйдим-у, қолдим. Дераза олдида ўтиргандим. Ойга тикиламан денг. У ҳам
шаҳар осмонида хира бўлиб кўринади.
Техникумда ўқиб юрганимда... Хадрадаги «Горький техникум»ни биласизми? Иморатнинг номи шу.
Биз қурилиш техникумида ўқирдик, ётоғимиз ҳам ўша ерда эди.
Мен тўртинчи қаватда турардим. Пастда — фонтан. Қизларнинг кокилларидек...
Яхши вақтлар эди.
Баъзан техникумга шоирларни чақирардик. Ўзим тўгарак бошлиғи эдим. Ҳалиги ашула, рақс
тўгарагимиз бор эди. Рубобниям ўшанда дуруст чертардик.
Ажойиб вақтлар эди.
Лекин бизни бирон қиз ҳам яхши кўрмас эди-да!.. Мана, афтимга қаранг... Кечирасиз, қарамасангиз
ҳам майли. Жуда бадбашара ман-да. Тағин, гармон безлари тараққий этганми, қаранг, мирзатеракдай
бўлиб кетганман. Мана, каллада соч ҳам йўқ... Соч-ку кейин тўкилди... Лекин битта марғилонлик қиз
сал майл билдирган эди. Ёлғончи бўлмай. Ўзлариям жуда новча, хипча қиз эдилар. Ёнимизда филфакда
ўқирдилар. Яхши ашула айтардилар. Биз рубобда жўр бўлардик... Гоҳо филфак билан келишиб, концерт
қўярдик-да. Шунда репитицияда учрашардик. Бир марта... хонамга келганлар. Э, айтишга уяламан:
хонани озода қилиб ўтирсанг, ўласанми денг! Ўзинг шоиртабиат-у, аҳволинг бу... Хонага киришингиз
билан ачиган нону ювилмаган пайпоқнинг ҳиди анқирди.
О, у киши ўшанда менинг бир майкамни ювиб берган эдилар. Бегона қиз-а! Вой, қандай олижаноб
эди!.. Мен бўлсам, уятдан ўлиб қўя қолай дердим.
Ростини айтсам, кейинини ўйламасам, тўртинчи
қаватдан ўзимни ташлардим...
У кишими?
Битта домласига тегиб кетди.
Улар Бўка районида пахта теришарди-да. Биз Оқолтинда. Бориб турардим. Қовун-тарвуз олиб... Бир
ажойиб йигит бор эди. Тарихдан жуда зўр эди. Уларнинг бригадасига етгандан кейин, ўша йигитни
топардим. У Насибахонни чақириб чиқарди.
Ҳе, баъзан кечаси етиб борардим. Биз ҳам пахта терамиз-да! Кейин у ёққа жўнардим... Кейин у киши
шийпонга кетарди. Мен Оқолтинга қайтардим. Йўли анчагина бор. Баъзан хўрозлар икки қичқирганда
етиб келардим... Лекин сира хафа эмасман. Хафалик қайда! Чопиб-чопқиллаб ўша йўлни
босиб
ўтардим.
Э, у тунлар!