Ижтимоий тармоқларда 100 000 кишидан ортиқ аъзолари бўлган блогер “Б” ўз саҳифаларида кўнгилочар ва маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи “ABC” MЧЖнинг (дискотека ва кўнгилочар хизматлар кўрсатиш) фаолиятига тегишли бир нечта постларни эълон қилади. Хусусан, 2020 йил 6 июндаги Facebook саҳифасида эълон қилинган постда “Ўзларини тадбиркор деб ҳисобловчи бу кимсалар атрофда яшовчи фуқароларга етказаётган зарари билан иши йўқ, фақат ўз чўнтагини ўйлайди. Пул учун ҳар қандай нарсага тайёр очкўзлар. Индамаган сари бошга чиқишади. Масалан, ҳозир соат кеч 3. Лекин мен ёмғирли кўчада. Чунки уйда ухлашнинг иложи йуқ. Сабаби “ABC” MЧЖ валломатларнинг тадбиркорлиги учун бутун аҳоли пункти эрталабгача мусиқа эшитишга мажбур. Тўғрисини айтсам, жонимга тегдинглар. Энди сизлар билан жиддий шуғулланаман. Соат 23 дан кейин халқнинг тинчлигини бузишга ҳақларинг йўқ. Аблахлар!!!”
Ушбу пост эълон қилиниши билан болгер “Б” 102 номери орқали ички ишлар бўлимига боғланиб, “ABC” MЧЖ томонидан аҳоли пунктида соат 23 дан кейин давомий шовқин сурон бўлаётгани, МЧЖ вакиллари аҳолининг фикрини умуман эшитмаётгани ҳақида мурожаат қолдиради. Мурожаат натижасида “ABC” MЧЖ мансабдор шахсига нисбатан МЖТКнинг 192-моддаси билан маъмурий баённома тузилиб, у жаримага тортилади. Орадан икки ой ўтмасдан “ABC” MЧЖнинг ўша мансабдор шахси иккинчи марта МЖТКнинг 192-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан жарима жазоси қўлланилади. Бундан ташқари иккинчи мартада “ABC” MЧЖнинг А. Исмли ходими ҳам айнан ўша модда бўйича маъмурий жавобгарликка торитилади.
Блогер “Б” нинг “ABC” MЧЖ фаолияти тўғрисидаги ижтимоий тармоқлардаги бир нечта постлари, шунингдек унинг кўплаб аъзолари томонидан ушбу постларнинг улашилиши (share қилиниши), блогер мурожаати асосида участка нозирларининг “ABC” MЧЖга ташриф буюриши натижасида кўплаб мижозларнинг чиқиб кетишлари, айримлари хизмат ҳаққини тўламасдан кетишлари, постлардаги бир томонлама муҳокамалар сабабли “ABC” MЧЖнинг ишчанлик обрўсига жиддий зарар етганлиги, талбиркорлик фаолияти самарадорлиги пасайганлиги, “ABC” MЧЖ ёнида яшовчи бошқа фуқароларнинг “ABC” MЧЖ фаолиятига эътирозлари мавжуд эмаслиги, блогер “Б” руҳий касаллиги каби важларни илгари суриб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга нисбатан тарқатилган маълумотларни ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва даъвогарнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган деб топиш ва даъвогарга етказилган 2 млрд сўм миқдордаги маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳақида адвокатга мурожаат этади.
1 топшириқ
Иш бўйича даъво аризаси, қарши даъво аризаси, суд мажлисида кўриб чиқиладиган илтимосномалар, суд ажримлари, суд мажлиси баённомаси лойиҳаларини тайёрланг.
2 топшириқ
Исботлаш доирасини кенгайтиринг ва қўшимча далилларни яна қўшинг.
3 топшириқ
Рол ижрочиларининг нотиқлик санъати ва актёрлик маҳоратига эътибор беринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |