www.ziyouz.com кутубхонаси
236
қилган. Ҳим, хотини ҳақида ҳурмат билан гапиради. Сизни эса... — Кейин жаҳлим чиқа бошлади. —
Хоним, агар у йигит жувонга... зор бўлганида, ўшанда... ҳар қадамда топарди.
— Бунга шубҳам йўқ.
— Сизни шундан ўша ёққа — Грузияга олиб кетиши, қолаверса, ўша биллур кўзли узукни харид
қили-ши...
— Эй, кечирасиз, сиз мани ким деб ўйлавоссиз, — деб қолди у бирдан. — Кўнглингизга олманг,
илтимос қиламан сиздан, Қувватжон, ўлай агар... Худо тепамдан уриб, тарикдай сочиб юборсинки, ман
биров билан юрмадим ҳеч. Кулиб қараган бўлишим мумкин. Ҳазил-ҳузул дегандай...
— Ҳим, ишонаман.
— Мани ўша ёққа олиб бориптими, демак, арзиган бўлсам керак? — шундай деди-да, ғурурига
қўшиб уялганини ҳам яшириш учун кулиб юборди. — Жичча қуйинг, азизим... келган, кетган бўлса —
яхши бўпти.
— У сизни соғинган, — дедим. — Бекорга «Тановар»ни ҳадеб қўйдирмаган.
У менга тикилиб қолди ва:
— Да, это интересно, — деди.
— Шунақа.
— Бўпти, хафа бўлманг.
— Бир-биримиздан ҳеч қачон хафа бўлмаслигимиз учун.
— Яшанг! Хафа бўлишнинг ўзи, вабше, фойдаси йўқ, экан... Ўзинг эзиласан. Душманларинг
аҳволингни кўриб кулишади. Дўстларингни раҳми келади.
20
Ҳусанжон шошиб келиб, стол четига кафтларини тираганча:
— Кетиптилар, — деди. — Хизмат қилган официантка такси заказ қилган экан. Кеча бизда ётмаган,
администратор билан ҳам гаплашдим.
— Ҳим, ўтиринг... Қаерга кетишганини айтмаган бўлса керак? Такси — шаҳарда қатнайдими фақат
ё междугароднийлари ҳам борми ҳозир?
— Ҳозир фарқи йўқ, окажон, — деди Ҳусан. — Оммо-лекин битта қарз гапни айтиб қўйишим
керак... Хоним, сизни икки марта сўрадилар. Илгари келишларидаям сўровдилар. Ман сизни бир бор
кўрганимми, сиз ҳам у кишини сўраганизни айтувдим. Ҳу, бирон ойлар муқаддам...
Гулсара мийиғида жилмайиб, секин-секин бош ирғади. Кейин менга қараб кулди.
— Бир марта сўровдим... Шу кўргим келувди-де аблаҳ окайизни.
— Аттанг-аттанг, — дедим мен. Аммо Гулсара ҳам уни кўришга, дарҳақиқат, умидвор эканига
шубҳам қолмади. Бу эса, менинг: «Гулсара ҳам уни севиб қолган», деб ҳукм чиқаришимга асос бўлдики,
уларни уч-раштиришни — дўстона бурчим, деб ҳисобладим. (Бироқ «бурч»нинг ижроси яна чўзилиб
кетди...)
— Мен тепага чиқишим керак, — деди Ҳусанжон. — Окамиззи энди қўлдан чиқармайман!
— Омон бўлинг.
— Ичкаригаям кириб туринглар... Маҳаллий клиентлар жа саналиб қолишди. Ҳозир ҳам турислар
ўтиришипти.
— Бизгаям навбат келар, — дедим.
— Келмасаям ўксимиймиз, — деди Гулсара. Кулишдик. Ҳусанжон кетди. Мен фужерларга яна
шампандан қуйдим. Гулсара чиннигулни авайлаб-авайлаб ҳидлар эди, дафъатан кафтида қисиб, бурнига
босиб турди-турди-да, столга ташлади. Кейин бирдан сергакланиб:
— Қалдирғочлар қалай? Қалдирғочларийиз? — деб сўради. — Бола очгандир?
—Аллақачон.
—Кичкина жишдир?
— Темирқанот ҳам бўлди... — шундай деб, жувоннинг ул мурғак қушчаларга бўлган ғойибона
меҳри менга таъсир этиб кетганини сездим: назаримда, у қуш ҳақида эмас, одам боласи ҳақида
сўраётгандек эди.
Кейин, иттифоқо: «Э, бу аёлнинг ҳам фарзанди бўлганмикан — бормикан? — деб ўйладим.— Лекин
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |