www.ziyouz.com кутубхонаси
224
«Азизим» десам, майлими?
— Э-э, бемалол... Лекин мени исмимни айтиб чақиришса, кўпроқ ёқади.
— Ҳа-а, сиз ҳам...
— Марҳамат.
— Сиздай... Таваккал аканинг сиздай дўсти, укаси борлиги учун оламан.
— О, мен эсам, акамнинг сиздай суюклиси борлиги учун оламан шуни, — дедим.
11
Гулсара қўлидаги пиёлага тикилиб қолган эди. Ирғиб ўрнидан турди-да, айвон эшигидан ярим
танасини чиқариб, ароқни пастга сепиб юборди. Сўнг синиқ жилмайганча (шу онда асли қиёфасига
қайтгандек эди) жойига ўтириб, пиёлани тутди.
— Қуйинг. Менинг тостим учун ичамиз. — Кейин, ўйчанлик билан давом этди: — Ижодингиз асло...
асло бўшашмасин, Қувватжон. Қандайдир қийинчиликларийиз бўлса, илойи, вақтинчалик бўлиб
чиқсин. Ҳим, ўтган гал одамнинг феъли ўзгармасин, дебмикан — бир нима девдингиз. Шундоқ: сизнинг
шу феълингиз сира-сира ўзгармасин... Кеннайим борлар-а?
— Албатта, — дедим. — Иккита фарзандим ҳам бор... Худога шукр, мени тушунишади, ўз ҳолимга
қўйиб қўйишган... Мен уларни ҳар қанча бошимга кўтарсам, арзийди.
— Ўшаларнинг бошидаям омон бўлинг... Аввало, сиз — ёзувчисиз. Ҳим, менимча, анча объектив
писателсиз... Бундай одам кимлигига ақлим етади...
— Бу совуб қолди.
У қаҳ-қаҳ отиб кулди (яна сархуш кайфиятига қайтди). Беш-олти паррак қази билан бир тақсимча
норин олиб келган экан, улардан газак қилдик.
Табиий, Гулсара шунчаки гаплашиб ўтириш учун келмаган, қандайдир (Таваккал билан боғлиқ!)
дардини очиб, ҳасрат қилмоқчи, балки маслаҳат сўрамоқчи эди.
Мен гап тизгинини ўша томонга тортишга баҳона излар эканман, у худди ўша кунги (!) сигара
қутисини чиқариб, бирини лабига қистирди. Мен чақмоғимни чақиб, унга тутдим. Кейин ўзим ҳам
«Родопи»дан тутатиб олдим.
Гулсара узун ва кенг этак остидаги оёкдарини ча-лиштириб, бир-икки дуд олди-да, тавба қилдим,
шунақаям йўталиб қолдики, кўкариб кетаёзди.
— Кечиринг-кечиринг, — деди ҳансираб. — Манинг... манинг қандайдир касалим бўлса керак. —
Сўнг шу ҳолида жилмайди. — Лекин юқумлимас. Ўзим фельдшерман, ахир... — Кейин сигара
пачкасини бирдан ғижимлади. — Жуванмарг бўл... Олти ойдан буён тугамийди бу савил.
— Кучли бўлса керак, — дедим мен. — Шунинг учун мен чексам ҳам йўталтирворади.
— Йўқ, манинг ўпкамдами, юрагимдами бир иллат бор, Қувватжон. Ўзим биламан... Салбий бўлиб
қолганми, чёрт знает. Ўша куни ресторандаям кўрдийиз-ку... — Шунда мен унга тикилдим. У менга
тикилди: энди мақсадга ўтмаса бўлмас эди. — Айтмоқчи, — дея бирдан яна жилмайди, — окайиз келиб
туриптилар-ми? Ё ўша-ўша бадар кетдиларми?
— Келгани йўқ, — дедим. — Лекин бир-икки марта қўнғироқ қилиптилар Қаршидан. Менинг
йўғимда. Боримдаям телефон қилган бўлиши мумкин. Тушолмагандир... Бунинг устига, ёзда меҳмонлар
кўпаяди дачада. Ҳозир ҳам бор.
— Телефон зайнит?
— Худди шундай... Сизга қўнғироқ қилиб тургандир? Балки учрашгандирсизлар яна?
— Йўқ, йўқ, — деб беозоргина кулди. Кулгисида йиғининг саслари бор эди.
— Нега энди? — дедим. — Балки ўзингиз...
— О, ман ҳеч қачон телефон қилмийман! — У бу гапни теран бир ишонч билан айтдики, «ғурурдан
ҳам худо берган экан», деб ўйлаш мумкин эди.
— Тушунарли, — деб қўя қолдим.
Шунда у қандайдир киноя аралаш нописандлик би-лан сўради:
— Нега бизнинг Тиблиси сафаримиз ҳақида сўрамийсиз? Наҳотки қизиқ бўлмаса? Ўзийиз кузатган,
оқ йўл тилаган эдингиз, жаноб ёзувчи?
— Мен истиҳола қилиб турибман, — дедим. — Ортиқча любопитства яхшимас дейишади.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |