www.ziyouz.com кутубхонаси
182
ёққа ҳайрат ва ҳаяжон ила қараб туришарди.
— Ў, қойил, — деди Ўтбосар ва ўрнидан дик этиб турди. — Ўртоқлар, бундай қилайлик. Ана,
арчалар... Ҳар биттамиз биттасининг остига кириб ётайлик. Худо ҳаққи, мен шуни истайман! Бу нима
ўтириш? Мақсад— какликларнинг учиб келишини кузатиш-ку, а, Мансур ака?
Мансур мамнуният билан маъқуллади.
— Албатта шундай қилиш керак.
Абулқосим:
— Мен анавини танладим, — дея ўркач биқинида қийшайиб ўсган пакана арчага йўл олиши билан
жамоага маълум бўлдики, унинг танлаган жойи — нақ пистирманинг ўзи: у ердан Қорақош яширилган
арча тугул, нариёқ, яъни, қуйидаги Қизилжар ҳам бурчак-бурчагигача баралла кўриниб туради, демак,
ўйиқдаги қоятошларга чиқиб сайрай бошлаган хўроз какликларни ҳам бемалол кўриш мумкин.
Алқисса, ҳар ким бир арчани танлаб, унинг тагига писиниб боришаркан, резина этиги қўнжигача
лойга беланган Эшқувват ҳам тубандан бир калтакка суяна-суяна чиқиб келди. Мансур унинг бўйнида
солланиб турган дурбинни кўрди-ю:
— Укажон, шунингни бер, — деб олдига борди.
Эшқувват дурбинни бериб, елкасидаги осмахалтани тошкурсига қўйди. Мансур ҳансираб:
— Мана, дурбин. Мана, ука... — дея юрт эгасининг ортидан арча тагига кирди. Ва жарликка қарабоқ
унинг кифтига қокди. — Яхши. Жойиниям топибсиз.
Ўтбосар олискўргични олиб, кўзига тутди.
— Сизлаяпсизми?
— Ҳа энди, ҳурмат қиламиз-да... — Унинг ёнига чўккалаб ва ўйчан тортиб давом этди: —
Ишбилармон, корчалонлар кам дейсизми — чиқяпти. Ҳамма жойда шундай... Лекин, — боз унинг
кифтини силаб қўйди, — сандақаларни билмадим, нечта экан... Қара, уже территориянгни
қўриқлаяпсан... Ҳим, аммо-лекин Эшқувват бизни тўхтатганда, сал малол келганди. Ҳозир ўйлаб
қарасам, сизлар ҳақсизлар... — Сўнг: — Ахир, ахир, — дея миясининг қат-қатидан қийналиб чиққан
фикрни айта бошлади: — Биламиз-ку ўзимиз: илгари ҳамма ер — давлатники дер эдик. Тўғрироғи,
Русияники эди... Кейин ҳам мулк давлатники бўлиб қолди.
Бироз вақт... Сўнгра, мана, кишиларга бўлиб берила бошланди... Ҳой, Ўтбосар, — у бирдан
ҳаяжонланиб кетди: — Тарихдан ўзинг ҳам биласанки...
Ўтбосар дурбинни ётқизиб қўйди-да, ёнидан «Малборо» сигарети чиқариб:
— Чекинг. Гапиринг, гапиринг, — деди. — Алақсиманг...
— Шу-да, — деди Мансур шундай бойвачча фермернинг диққатини ўзига оғдиргани учун ичдан
шодланиб, ҳамда уялиб.
— Тушундим. — Ўтбосар яна дурбинни олиб, кўзига тутди ва қуйига қаратди.
Мансур яна муддаоси ҳақида ўйланиб қолиб:
— Аммо-лекин шу мулкни, ерни, мана, тоғ-тошлар, ўрмонларни унга қайишадиган кишиларга...
— Жим! — деди Ўтбосар. — Биттаси чиқди. Чил эмас-ов... — Дарҳол дурбинни Мансурга берди. —
Ёрилган қояга қаранг. Чапрокда. — Сўнг хўрсиниб юборди.
Мансур дурбиндан биринчи бор қараши эди: улкан, яланг чўққи кўринди. Кейин каттакон арча ва
бирдагина айри қоя лабида қанотларини силкитаётган ерранг қушга кўзи тушди. Тикилди: у ҳурпайиб
олиб, ўзини офтобга тоблай бошлади.
— Чил-ку, — деди. — Укабой, у чил. Менимча, курк бўлган. — Дурбинни Ўтбосарга узатди-ю,
унинг малла қошлари азобли чимирилганини кўриб, айтганига пушаймон еди: каклик десаям бўларди...
— Менимча,— деб чайналди. — Лекин дурбинни биринчи марта ушлашим. Армияда ҳам...
Шунда ёнларидаги арча панасини макон тутган Абулқосим:
— Битта чил чиқди, — деди.
— Каклик! — алам билан деди Ўтбосар дурбинни яна кўзига тутиб.
— Каклик бўлса, сайрамас хилидан экан-да, — тўнғиллади шофёр.
Ўтбосар дурбинни кўзидан олди.
— Рост. Чил экан... — Сўнг не бир илинж ила деди: — Чилни дала каклиги дейишадими?
— Ҳа, ҳа, — дарров тасдиқлади Мансур. — Как-ликнинг укаси-да у! — Сўнгра ўзининг юраги
сиқилиб кетди ва дунё кўзига тор кўриниб қолди: «Каклик йўқ-ку? Нимага сайрамаяпти? — Кейин
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |