www.ziyouz.com кутубхонаси
184
қоладигандек баттар жадаллади. Бута остига энкайиб кирди. Қафаснинг тахтага боғлиқ жойларини
тимирскилаб тугунни изларкан, бармоқлари титрар, томоғидан ҳиқ-ҳиқ этган товуш чиқарди.
Ниҳоят, қафасини кўтариб ва «кишт-кишт»лаб какликни ерга туширди-да, уни кўришга ортиқ тоқати
қолмагандек шошиб бурилди. Кўнглининг таг-тагида Қорақошнинг бу бошпанадан чиқмаслигига умид.
уйғонгани ҳолда, унинг қафасини кўтариб, бу ёққа чиқди.
Баъзилари курситошларда ўтирган, айримлар тик турган ҳолда ўзига қараб туришган экан.
— Бўлди, — деб пичирлади-ю бўлмади: ўзича кулди, кейин қафасни ташлавориб, қўлларини ёзди ва:
— Йў-ўқ! Обош бўлди! — деди. — Хурсандмисизлар? А? — Энди қандайдир аламини қурдошлардан
оладиган сингари икки қадам босди. — Ҳўв, Шотўра ака, кўрдингизми, ана, уям озод бўлди... — Сўнгра
бу сирли сўз оғзига таъм бериб, такрорлади: — Озодликка чиқди! Ўзимизга ўхшаб...
Кейин Мансурнинг йиғлагиси келди-ю, чурқ-чурқ этганча ортидан эргашиб келган какликка қараб
қотиб қолди. У бошини бемалол кўтариб, ўзига боқди. Сўнгра қаттиқ силкиниб, қоқинди ва оёқларини
беўхшов, кериб-кериб босиб, ерга тумшуғини урган бўлди. Ўзича донлади.
Қўшхонадаги томошаталаблар ҳам қушга сумрайиб қолишган, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини
диққат билан кузатишар ва аксари ўзича бош қимирлатиб ишшайиб қўяр, айни чоғда парранданинг
ҳозироқ қанот силкитиб учиб кетишидан қўрқув ҳисси ҳам йўқ эмас эди.
Нега? Ундан айрилиб қолишдан ачинишми ё ундан кейинги хавотирланишми, балки чин бир
худбинлик сабаб эди бу ҳолга...
— Ё қудратингдан! Товуқдан фарқи йўғ-а, — деди негадир чўнқайиб олиб, терган арча бутоқларига
кафтини босиб турган Қоровул чол.
— Бу, бу барибир ҳеч қаёққа кетмайди, — деди Абулқосим сезиларли ҳаяжон билан. — Илгариям
қафасдан кўп чиққан. Ҳовлида айланиб юриб, яна қайтиб кирган.
— Бу сафар кетади, — деб пишиллади Мансур бирдан. — Кетади! — деди кейин зўриқиб ва
какликни кишт-киштлаб ҳайдай бошлади. — Жўна! Маконингга келдинг-ку, ярамас! Кишт... Вей,
қанақа сурбетсан! Бу ерда одамлар ўтирипти. Сенинг душманларинг... Ана, жарликка уч!
У шу алфозда қўлларини сермаб ва чапак чалиб какликни қувлар, демак, ҳайдар экан, у диккиллаб
чопар, айланар — гўё эгаси билан ўйнар эди.
— Ҳой, тек туринг, Мансур ака, — деб қолди Ўтбосар. — Сал томоша қилайлик.
— Ана, сени кушанданг томоша қилайлик деяпти. Қайда! Сўйиб емоқчи!
— Оббо! Мансур ака! — Энди бақириб юборди Ўтбосар. — Кетса, ўзи кетади!
— Кетади. Кеткизаман! Бас!.. Шунча маломатга қолдирди... Ҳе, сендай Қорақошни қара-ю... —
Сўнгра бирдан тўхтаб, баралла йиғлаб юборди-да, шарт қайрилиб, буларнинг ёнига келди. Эшқувват
келтирган емишлар қошидаги тошга таппа ўтириб олиб, этакларга тикила бошлади.
Шотўра ўтирган тошини унга яқинроқ суриб, тиззасига қўл қўйди.
— Хафа бўлма, ука. Ўзи, шундай қилишингни сезар эдим... Раҳмат. Ниятинг яхши. Ҳим, ҳаммага
сабоқ. — Кейин ён-веридагиларга жаҳл билан тикилиб-тикилиб қаради-да, кўзи Ўтбосарга қадалиб: —
Ана, пермер бобо! — деди. — Сиз бўлсангиз, бизни овга келди деб ўйладингиз... Сен ҳам Эшқувват! —
Кейин директор ўринбосарига боқди. — Ҳўв, раҳбар, сен нега гапирмайсан? Бу синонинг баҳосини бер
энди!
— Ака, халақит берманг, — деди келганидан бери деярли гап қотмаган ва бута остига киргандагина
сал чўнқайган Олимбой муовин. — Уни қаранг. Табиий ҳаётдаги ҳаракатларини кузатиш керак, ахир.
Масалан, Андерсон хоним ёввойи табиат бағрида хонаки йиртқичларни ўргатаман деб... ўрганишга
бутун ҳаётини сарфлаган экан. Бу, масалан, йигирманчи асрнинг...
— Шеф, — деб қолди шунда этикларини бир-бирига ишқаб лойини туширганча қушни кузатаётган
Эшқувват ҳали ўзи чиқиб келган энишга туйқус боқиб.
Бу оддийгина сўзнинг айтилишидаги хавф саси барчани у қараган томонга қаратди ва Мансур ҳам
аста бошини бураркан, эллик қадамлар пастда чаман бўлиб очилган наъматак панасида писиниб турган
қип-қизил тулкини кўрди.
Кўрди-ю, сапчиб турди.
— Емоқчи!
— Рост, — деди Шотўра. — Овозини эшитиб келган... — У ҳам аста қўзғаларкан, тулки ғойиб бўлди.
Эшқувват уни қувадигандек таёғини кўтариб жилганди, Утбосар тўхтатди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |