www.ziyouz.com кутубхонаси
171
тушимгаям кирмаган эди... Вабше, мен кераксиз одамман! — деб туйқус бақириб қолди. — Уларга
ўғриликни ўргатадиган кимса керак экан...
— Албатта. Ундайлар бор, — дея муовин пиёлани яримлатиб узатди. — Хафа бўлманг, бир кун
келади ундай ёшлар ҳам...
Қоровул юлғун сихни олиб тутди.
— Ичинг, газак қилинг, Тўражон... Куйинманг.
— Алжиманг, — дея кабобдан бир бўлак олди Шотўра. — У вақтларда душман аниқ эди, йўл ҳам
аниқ эди... Ҳамма биларди буни.
— Ундай эмас, — деди директор муовини. — Биз бозор иқтисодига, яъни энг табиий ривожланиш
йўлига тушдик. Тарих гувоҳлик беришича, инсоният жамияти пайдо бўлгандан буён — шу амалда
бўлган.
— Сиз ўлгандан кейин болаларингиз қолади, — деб гап қўшди Мансур. — Балки улар яхши яшаб
кетишар... Агар ақл, тадбир билан иш тутишса...
— Сенга ўхшаб, а?
— Нима, менинг йўлим ёмонми? Набарот... Ана, Олимбой жўрам айттанидай, энг табиий йўлдаман.
Худо урсин-а... Ўз-ўзимдан шу йўлни тутдим.
— Қўй, сеники менга намуна бўла олмайди. Сен энди бир чиқиб қолдинг-да.
— Ихтиёрингиз, ака.
— Бўпти. Шу заҳри қотил, илойи, зиғирча бўлсаям шифо бўлсин. Илойи, оҳ, одамларга шу қадар
ишонгим келади! Шунчаки яхшилик тилайман... Лекин бунинг бўлган-тургани, нима десам экан, жуда
ожиз, худбин махлуқ экан-да, бу одамзод. Ука, бу гапим — ақлли гап.
— Аммо-лекин «инсон — ожиз» деганингизга мен ҳам қўшиламан, — деди муовин. — Бундан
шундай хулоса чиқадики, демак, инсон ўзини ўзи тарбиялаши керак... Бу йўриғда дин ҳам унга қўл
келади.
— Худо ҳаққи, тўғри гапиряпсиз, — деди Мансур жилмайиб. — Битта аристон бор эди. Эрта-ю кеч
намоз ўқир, тиловат қилар эди. Ўша одам семириб, қип-қизил бўлиб қамоқдан чиқиб кетди. Ҳеч нарса
мана шу тирноқчаям таъсир этмади унга.
— Ҳе, исломиятда ҳикмат кўп, — деб мулоҳаза айтди қоровул бобо. — Ғирт безорилар, такасалтанг,
бекорчилар ҳам мачитга қатнаб, бир меҳнатсевар, одамшаванда бўлиб кетишди... Ўзим гувоҳман,
йигитлар. Оқшомлари амри маъруф бўлганда таъсирланиб кетиб, ўзим ҳам йиғлаб-йиғлаб оламан.
Дунёнинг ҳақиқати бу ёқда экан-ку, дейман. Кеча ҳазрати имом машварат қилиб: «Худодан
қўрқмагандан қўрқингиз», деб айтдилар. Биз буни кўп муҳокама қилдик. Хулоса шу бўлдики,
жамиятдаги барча нуқсонлар, бузуқчиликлар — бари...
— Худодан қўрқмаслик орқасидан! — титраб деди Шотўра... — Ўзингиз қўрқасизми?
— Ў, албатта. Наузанбиллоҳи миназолиман...
— Раҳмат.
— Кабоб совуди.
— Бу бошқа гап. — Мусиқа муаллими пиёлани бўшатиб, чолга қайтарди. — Раҳмат. — Чол тағин
қуяр, муаллим каклик оёғини этдан тозалар экан: — Мен ачинмайманми шунга? — деди бирдан
қўлидагини Мансурга кўрсатиб. — Жуда ачинаман-да, акаси бўйидан... Лекин ночорликдан десанг ҳам
ҳақсан, анави болахўрларга аччикдан-аламдан шундай ёвузлик қилди, десанг ҳам сен ҳақсан... Аммо
мен ҳам ачиндим. Ҳали калтак билан солганимда, ичимда бир нималар узилиб кетгандай бўлди. Унга
сари аламим келиб, калласини узиб ташладим... Мансур унга тикилиб қолиб:
— Қизиқ, — деди-да, елкаси қимирлаб кулди. — Мени калтаклаётганда-чи, раҳмингиз келмадими?
— Йўқ! — кескин деди муаллим. — Индамасанг, ука, онт ичаман, кечгача сени уришим, уриб
ўлдиришим мумкин. Ишонасанми? Ҳали кўзимга бало-қазодай кўриндинг... Мен, умуман, сенда, сенинг
айрим гапларингда — ўзимни кўрдим-да. Тушундингми? Ўзим ҳам шу фикрда эдим-да!
— Ўқувчиларгаям шундай сабоқ бергансиз-да? — сўров мақомида деди директор муовини.
— Албатта. Бошқа нима дер эдим? — У чайқалиб кулимсиради. — Ана, натижаси, эшитдинглар...
— Кимлигини айтинг, — сўради Мансур. — Мен бир кўрай. Панада ушлаб, ҳиқилдоғидан оламан.
«Ўқитувчини ерга уришни ким ўргатди сенга?» дейман...
— Хай-хай! — деб кулди муовин. — Эсдан чиқма-син: устингиздан акт тузмаган бўлсак ҳам, қилган
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |