www.ziyouz.com кутубхонаси
173
Ҳе-е, одам бир илиқ сўзнинг гадоси бўлиб қолипти.
Чол «плуг оти» ҳақида айтган пайтдагидек улфатлар яна ўйчан ва мулзам тортиб қолишди. Аммо
шак-шубҳасиз, ҳар бирининг кўнгли тубида илиқ ҳислар, қадр-қимматними, меҳр-дилдорликними
эслатадиган, балки бу ҳислар омухтасига яқин туйғулар бош кўтариб турардики, бу ҳол уларнинг
чеҳрасига ҳам тепиб, нурли нигоҳлар ила бир-бирига кўз соларди.
Шундан кейин ҳам гурунг давом этди. Аммо энди ғиди-биди бўлмади: бир-бирининг ярим гапидан
фикрини англар, булар ўртасида қандайдир тотувлик ҳамда маслаклари бир-бирига яқин одамларга хос
вазмин бир аҳиллик пайдо бўлган эдики, биронтасининг оғзидан бу ҳолга раҳна солувчи бир сўз чиқса
ҳам, бошқаси уни эшитмаганга олар ё ўша дамнинг ўзида уни бостириб юборарди.
Ҳа, бу давра қандайдир фикрлар даврасига айланган эдики, буни ҳар бири ҳам сезар ва беихтиёр
қадрлар, унинг бузилиши, афтидан, даҳшатли туюларди.
Ана шу кайфият туфайлими ёки куннинг совуқлигиданми, иккинчи шиша ҳам бўшадики, кайфи
деярли сезилмади.
Ниҳоят, қария:
— Бирлигимиз бузилмасин, меҳрли-оқибатли бўлайлик. Қуруқ туҳмат, бемаҳал ўлимдан асрасин.
Юртимиз обод бўлиб, одамларга инсоф берсин! — деб фотиҳа ўқигандан кейин қўзғалишди.
Бу вақтда кун аллақаерга кўтарилиб қолган, атрофдаги шовқин, милтиқ отишлар ҳам тинган, табиат
сокин бир осойишталик оғушида эди.
— Ҳа, эса Мансурбой, келинни сўранг. Кеча кўп хизмат килган, ота-онасига раҳмат. У етим қиз-а?..
Ҳа. Оғирликни кўтарган-да, оиланинг қадрига етади, — деб Мансурга қўл берди Шотўра муаллим.
— Раҳмат, ака, — деди Мансур чин кўнгилдан. Илло, хотини ҳақидаги илиқ гап унинг кўнглинй яна-
да кўтариб юборган эди. — Ўзингиз ҳам янгамизни сўранг.
Муовин Мансурнинг қўлини қаттиқ қисиб:
— Сизга омад ёр бўлсин! — деди. — Феълингиз шахсан менга жуда ёкди. Биз бир-биримизни
билмас эканмиз-да. Ҳим, афтидан, бунинг учун мана шундай шароитлар керак бўлар экан... Хўш,
акабой, билиб қўйганингиз яхши, биз ҳам шайтонлик қилмай ўртаҳол яшаймиз. Чунки қаноат қиламиз,
яхши кунлар келишига ишонамиз.
— Албатта келади, — деди Мансур. — Вапше, бу ўзимизга боғлиқ.
— Ҳа, Мансуржон, омон бўлинг, — дея қўш қўллаб унинг бармоқларини тутди қоровул чол. —
Неварани ўпиб қўйинг... Бобосига кетипти. Раҳматли падарингиз подачиликдан бошқа нарсани билмас
эди. Эсимда «Ошало-ол!» деб келганлари...
— «Ошалол» эмас, «оши ҳалол!» — деб тузатди мусиқа муаллими. — Ёлингиз оқариб кетипти-ю,
шу сўзниям тўғри айтолмайсиз.
— Биз энди эски одам.
Булар бари ёшликдан тоғи-тошнинг ушоғини санаб, арчазорларда ётиб — гулханларда пишириқ
қилиб-еб ўсган одамлар эдики, бу ер яланглик, ўт кетса ёнадиган бир туп мойли гиёҳ бўлмаса-да,
беихтиёр гулхан чалаларини тепкилаб ўчиришди. Кулга оёқлари билан қорни суриб босишди.
Шундай қилиб, ажрашдилар.
Мансурнинг димоғи чоғ эди. Аммо ярим йўлда: «Бошим оғриб қолмасин тағин» деб, бармоғи билан
томоғини қитиқлаб, қайт қилди. Юзини қор билан ишқаб, қип-қизил бўлиб, ҳовли энгаридан кирди-ю,
оғил оғзида тўкилган сомонни титкилаб, қақолаб юрган товуқларига кўзи тушиши замон тонгги
какликларни эслади. Кейин Қорақошни кўргиси келди ва мана шу ҳовли-ю, мол-ҳол ташвиши ҳамда
каклик билан боғлиқ ўйлар омухталигида ишга тушиб кетди.
Куракни олиб, супа пастларидаги қорни куради, энгараккача йўл очди. Кейин ҳаво илиётгани ва
туман тобора сийраклашаётгани учун дарров нарвонни томга қўйиб, чиқди. Эскичасига — тупроқ
тўшаб, сомонли-тузли лой билан сувалган томни орқа томонига қорини кураб ташлаб, хотини пастдан
отгани супурги ила супуриб ташлагач, қор куртугига сакраб тушди. Унинг кайфияти яна-да кўтарилган,
юз-кўзидан ҳовур таралар, ўзи иссиқлаб кетган эди.
Печка биқинида омонат ўтирганича иссиқ чой ҳўплар экан, ўзига ўйчан-ўйчан қараб қўйиб, карсон-
да хамир муштлаётган хотинига:
— Ҳа? — деди. — Жиндак ичган эдим, сездингми?
Хотин кулимсиради.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |