www.ziyouz.com кутубхонаси
162
Хўш, Мансур ака, гапингиз бўлмаса, кечирасиз, бизни ҳоли қолдиришингиз ҳам мумкин. Рост
айтяпман: биз сизни таклиф этмаганмиз. Ўз оёғингиз билан келдингиз. Биз сизни қабул қилдик.
— Бўлди. Бўлди қил, — деди Мансур. — Бўлмаса, гап мундай... Сизлар, сени раҳбарлигингда мен
ҳақимда нимани ёзсанг, ёзинглар. Урди дейсизларми, сурди дейсизларми — бемалол. Ҳатто калтак
билан солди десанг ҳам, мен бўйнимга оламан. Нимагаки, ҳали шундай ниятим ҳам йўқ эмас эди.
— Худо-я, тавба, — деб тўнининг ёқасини тутамлаб ушлади қоровул.
— Шундай... Сизни серкага ўхшатганимниям бўйнимга оламан. Ҳой, муаллим, башарангизга
тупурганим ҳам бўйнимда. Ҳе, сизлар...
— Раҳмат. Бу — мардликдан нишона, — деб қўйди директор ўринбосари.
— Лекин сизлар ғирт номарднинг ишини қилганларингниям ёзасизлар.
— Нима-нима?
— Сен номардсан, — таъкидлади Мансур. — Илжайма... Оғзингни яна қонга тўлдираман. Ана
шундай... Қулоқ сол, сўтак. Қулоқ беринглар. — Мансур бармоғи учида қорда ётган гўштни кўрсатди.
— Шу, шу жонивор оч қолиб, мажбур бўлганидан келган эди. Тўғрими? Тўғри...
— Мансуржон, кечирасиз-у, айтиб қўйишим керак, — деб гап қилди чол. — Оламда неки бор,
барчаси инсон учун яратилган. Ҳадиси шарифда ҳам шундай дейилган.
— Ўлдир, ют, калтакла... Раҳм-шафқат сенга ёт. Сени йиртқич ҳайвондан фарқинг йўқ,
дейилмаганми, отахон? Ҳе, соқолингиз тўкилсин! Сиз худогаям чап берасиз.
— Вой-вой, эшитяпсизларми?
— Эшитяпти... Булар ҳам сиз айтган худонинг бир бандалари. Алҳамдулилло, мен ҳам
мусулмонман... — Мансур муовиннинг пиқ этиб кулганини сезди. Ва бирдан иккала қўлини ҳам
теппасига кўтарди. — Хато килдим. Бу ерда биттамиз ҳам комил мусулмон эмасмиз.
— «Миз» деб гапирмасанг ҳам бўлаверади, — деб қўйди мусиқа муаллими. — Ҳа-ҳа, укабой,
нимагаки, одам ўлдириш билан, хўш, олло-таоло бандаларимнинг рисқи деб яратган бир паррандани
ҳалол қилишнинг фарқи бор.
— Вў, сиз ҳам жуда-а уста бўп кетибсиз-ку, оға? — деб илжайди Мансур. — Ҳа, энди, устозингиз
шу қария бўлганидан кейин...
— Бас-е! — деб юборди шунда Шотўра. — Бўларини айт. Муддаоинг нима?
— Ҳа, биз кутяпмиз, — деб уни маъқуллади директор ўринбосари.
Мансур яна ичида эзилиб кетди: ҳа, сал майдалашди. Булар эса сезгир.
Мансур қўлларини тиззасига тираб гапирмоққа шайланди-ю, тағин тек қолди: асосий гашш айтди,
шекилли... Ҳа, булар, мана бу «курра»ям саволига жавоб бермади-ку? Йўқ-йўқ: талабини инобатга
олмади.
— Хўш, нимага ҳайрон қолдинг, бу ёвузликни ҳам қўшиб ёз деганимга-да — Мансур фикри равшан
тортиб ва тазйиқли жилмайиб, унга тикилди.
— Ёвузлик? — Муовин шерикларига ялт-ялт этиб қараб олди. — Қанақа ёвузлик?.. Э-ҳа, мана, бобой
ҳам айтди-ку ҳадисни... Қолаверса, нима қипти овга чиққан бўлсак? Ана, туманда кўринмаяпти,
ҳокимнинг ёрдамчиси ҳам бор!
— Йўғ-е? — Мансур чиндан ҳам ҳайратланиб-ажабланиб сўради. Ва чимирилиб, девордек оқликка
тикилиб қолди. — Тавба, — деди кейин.
— Шунақа, укабой, — шеригининг сўзини ўзича давом этгирди мусиқа муаллими. — Бунинг ҳайрон
қоладиган жойи йўқ. — У ҳатто елкасини қисиб қўйди.— Нима бўпти? Қор қалин тушипти. Бундай қиш
бўлмаган сира. Бўлган-у, ўтмишда... Хуллас, пиёда ов сезони кепти...
— Йўқ, энди, бу гапингиз тўғри, — деди Мансур қийналиб ва сўзламоққа сўз қидириб. — Лекин,
лекин... какликлар камайиб қолган-ку? — Уларни бирдан чув тушургандек табассум қилди. — Жуда
саноқли қолган, биродарлар... — Сўнг чираниб тушунтира кетди: — Мен кўп юраман. Биласизлар.
Тўқсон километр— у ёқ, тўқсон километр — бу ёқ. Орада жар ҳам бор. Тоғ ҳам, арчазор ҳам, текислик
ҳам...
— Қишлоқлар ҳам.
— Балли! — давом этди Мансур: — Кўриб юрибманки, каклик озайиб қолган. Олдинлари
кийиклар...
— Биламиз, биламиз, — деди муаллим ҳозиржавоблик билан. — Қоплонлар, айиқлар ҳам бор эди!
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |