www.ziyouz.com кутубхонаси
159
Уччовлон ҳам унга кўз отишди-ю, чол ўтни пуфлашда давом этди. Директор ўринбосари кўзини
муштумида уқалаб орқага сурилди. Бурни қизил муаллим:
— Келинг, бой ота, — деди.
— Э, майишат катта-ку!
— Ҳа, озодлик гаштини суряпмиз, — яна пинак бузмай деди муаллим.
Бу гап Мансурга наша қилиб, ких-кихлаб кулди. Ва бориб, улар билан алоҳида-алоҳида кўриша
бошлади. Муаллим унга тирсагини ушлатиб:
— Анави тошлардан бирини думалатиб келинг, бой ота, — деди. — Қуруқ келдингизми? Кечаги
савиллардан қолмадими?.. Бор, сизда бор. Яшашни сиз билар экансиз, Мансурбой.
Мансур кулиб, қор босган тошлардан бирини қўзғатаркан:
— Ҳе, турмага душманингиз ҳам тушмасин, — деди. — Бу ёпишиб қолган-ку...
Шу пайт этакдан — туман ичидан милтиқ товуши келди. Рўмолчаси билан кўзларини артаётган
директор ўринбосари:
— Бекор қиляпти-да, бировга тегиши мумкин, — деди холисона, мағрур бир тарзда.
— Гўрниям отолмайди шу милиса, — деб тўнғиллади муаллим. — Бутилкани уролмаган-у... Қўйинг,
биттасига ўқи тегсин. Тўғрими, бой ота? Сал ошириб гапирсангиз, қаматаман, йўқотаман деб
кариллайди.
— Ҳе, яхши ният қилайлик-е, — дея, думалатиб келгани харсангга ўтирди Мансур. — Ҳа, омин...
Аллоҳ акбар! — Кейин кулди. — Шотўра ака, нимага бизни мундай «бой»га чиқариб қўйдингиз? Тўрт-
бешта тиррақи совлиқ билан бой бўлар эканми киши?
— Албатта, — деб жавоб берди Шотўра муаллим. — Нимагаки, масалан, бизда тўртта товуқ ҳам
йўқ... Ҳолбуки, қуш гўшти парҳез таом ҳисобланади. Организмнинг ана шунга бўлган талабини
қондириш учун, мана, ота-бобомиз қилмаган ишни қилиб ўтирибмиз.
— Илгари овга ҳеч чиқмагансизми?
— Ҳеч қачон!... Ҳе, укам, сеникига ўхшаган шаллақи каклигим бўлсаки, буталарнинг остига қўйиб,
бабақларни заманит қилиб, сўйиб-сўйиб олсам...
— Ҳе, менам йилда чиқсам, бир-икки марта чиқаман.
— Биз ярим мартаям чиқмаган эдик... Мана, озодликдан баҳраманд бўлиб, а, тўрвасоқол? — дея
қоровулга нуқиб сўзлади. — Сен нима дединг, курра? — Техникум бошлиғи муовинига ҳам ачитиб
деди. — Хуллас, учта ошна бир бўлди, оғзи-бурни кир бўлди деганларидай, битта кул кабоб қилайлйк
деб чиқдик-да.
Директор ўринбосари ғижиниб:
— Одамни камситмай гапиринг, ака, — деди. Сўнг Мансурга мурожаат қилди: — Ҳа, зиёфатингиз
яхши ўтипти, Мансур ака. Биз чақирилмаган бўлсак ҳам, хурсанд бўлдик. Мана бу бобой тонгдан бери
сизни алқагани-алқаган.
— Ҳў, кўп савобга қолдингиз, иним, — деди қоровул кўрсаткич ва бошмалдоғида бурнини сиқиб
ташлагач. — Отангиз ҳаёт бўлганда бўйи бир қарич ўсарди.
— Ўлинг сиз, — деб кулди мусиқа ўқитувчиси. — Яқин-яқингача пиёнисталик қилиб, кечалари вино
сотарди. Энди мачитга қатнайдиган бўлди бу киши. Қаранг, текин тамоқ ёқар экан. Хўроздай қип-қизил.
— Ҳе, уйингиз буғдойга тўлсин, — деб илжайди қария. — Мансуржон, булар мени ажув қилади-да,
кечирасиз. Мен ҳам индамайман, майли, кулсин... Ростини айтсам, шулар куладими, чеҳраси очиладими
деб эргашиб чиқдим...
— Сизнинг тушунмаслигингиз — табиий, — деди директор муовини. — Сиз кечаги одамсиз... Лекин
намозингизни бемалол ўқийдиган бўлдингиз, мачитлар очилиб. Шотўра акам айтганларидай, сахий
бизнесменлар ҳам қарашяпти. Бунинг устига, ҳей бобой, кўрнамаклик қилманг.
— Ҳа, энди, пенсиямиз...
— Сизнинг пенсиянгиз бизнинг маошимиздан катта, — деди Шотўра какликнинг оёғи-тўши
санчилган юлғун бутоғини чўққа қўйиб.
— Ундай деманг-е, оғажон.
Шу пайт олислардан эшитилиб турган шовқин-у бақириқ-чақириқлар дафъатан яқинлашиб кела
бошлади-ю чуриллаган ва шувиллаган товуш — какликлар овози ва қанотларининг саси туман ичидан
ўқ каби чиқиб, нақ булардан пастрокдаги қор куртугига учта каклик боши билан санчилиб қўнди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |