www.ziyouz.com кутубхонаси
150
У уйланган, иккита боласи бор экан — очиқ айтди.
— Лекин сизни яхши кўраман, — деди.
Мен нима дейин? Яна кўзёши қилдим.
— Сиз билан учрашиш, сизни кўриш — мен учун бахт, — деди у. — Мен фақат шунинг учунгина
сизнинг дўконингизга кирардим.
— Мен сезардим, — дедим.
— Сиздан айрилиш — мен учун фожеа.
— Мен учун ҳам.
Мен унга ўрганиб қолдим: онамни, акамни алдаш ҳам менга завқ берарди. «Тезроқ тонг отса, тезроқ
ларёкка борсам», дер эдим тунлари.
Шундай қилиб, бир йил юрдик.
Уйимизга совчилар кела бошлади. Илгариям кеп турарди-ю, энди кўпайиб кетди: ахир, ўн саккизга
чиқдим.
Сиз ҳозир менинг башарамга қараб, раҳмингиз келар...
Ўшанда оқим оққа, қизилим қизилга айрилиб, би-ир кўҳли бўлиб кетган эдим.
Кўзгуга қараб билардим.
Энди ўйласам, ўшандаги учрашувлар завқи...
...одамнинг ҳуснини очиб юбораркан.
Бундан ташқари, ҳар куни янги кийим кийишга ҳаракат қилардим. Опамдан қолган кўйлаклар
борми, онамнинг шол рўмоли борми...
Лекин бизнинг оиламиз ўртаҳол эди. Отам сувчиликда ревматизмга йўлиқиб, шунинг заҳмида
кетган, опам церроз печен...
Қисқаси, совчиларнинг бирига акам розилик берипти.
Мен йиғладим.
— Пул йиғай, ўқийман. Театр институтига кираман, — дедим.
— Керак бўлса, эринг ўқитиб олади, — деди акам.
Йигит билан учрашдим.
— На чора, — деди у. — Улар ҳақ...
— Ахир, мен сизни яхши кўраман-ку?
— Мен ҳам...
— Лекин кейин ҳам... хоҳласангиз, учрашиб турамиз.
— Йўқ-йўқ! — дедим. — Акам билса, ўлдиради.
— Акангиз шундоқ ҳам сезганга ўхшайди...
— Э, худо!
У бирдан уҳ тортиб юборди-да:
— Менга раҳмингиз келсин, болаларимгаям, — деди. — Уларни етим қил... десангиз, ҳозироқ
хотинимни қўйвораман!
— Йўқ, — дедим.
Мениям йиғлагим келяпти.
Мен уни қучоқлаб олдим: икки бахтсиз шундай ўтириб, ажралдик.
...Эрим билан олти ойча яшадим. Бахтимга қобил, мўмин чиқди. У ҳатто, кечирасиз, менинг илгари...
эркак билан бўлганимниям сезмагандай эди.
Лекин кўнглим барибир анавуни қўмсарди...
Бу вақтда ларёкни ташлаб, яқинимиздаги клубда ҳаваскорлар тўгарагида ишлардим: қизчаларга ўйин
ўргатардим.
Бир куни саҳнада ўйнаб кўрсатаётсам, залда таниш биров кўринди. Биз машқ қилаётганда, қоровул
ҳам, кутубхонага келганлар ҳам залга кириб ўтиришарди.
Диққат қилиб қарасам...
...ўша.
Чироқларни ёқдим.
Ана шундан кейин нима иш қилганимни билмайман: ансамблга айтиб, дилхирожни чалдирдимми,
тановарними —эсимда йўқ; шундай ўйнабманки, шогирдларим ўрганиш ўрнига томоша қилишибди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |