www.ziyouz.com кутубхонаси
145
— Шунақа... иш, иш, иш, — деди Хўжамёр ва хўрсиниб нафас олди. Кейин: — Хўш, домла... — дея
Зокир Ўринга тикилиб қаради-да, мийиғида илжайди. — Сал қартайибсизми дейман?
Зокир Ўрин сергак тортиб:
— Ҳа, шу энди, эскилар айтганидек, олма билан ўрик бўлармидик, Хўжамбой, — деди.
Хўжамёр бемалол ҳиринглаб:
— Рост айтасиз, — деди. — Мана, биз ҳам... Сочларни қаранг. Ҳа, лекин, домла, дунёни кўриш керак
экан. — Шифтларга қаради. — Туркия, Олмония, Амриқо... Буларни кўрмасдан яшашни мен энди
тасаввур қилолмайман. — Сўнгра домлага ҳасрат қилгандек деди: — Бу мамлакатларнинг ҳар биридаям
ўзбеклар бор экан, қаранг-а!
— Албатта, бор, — деди Зокир Ўрин жиддий бош ирғаб. — Ҳатто, Австралияда ҳам бор эмиш...
— Лекин ҳаммаси тижорат билан шуғулланаркан, — гўё домланинг гапини давом эттирди Хўжамёр.
— Яшашларини кўрсангиз! Шундай офислари борки!.. Масалан, Истанбулда шундай бир марказга
кириб қолдим, боёқишлар бирам хурсанд бўлиб денг, «Бюриниз», деб туришипти. Дарров кофе... — У
ўз сўзини бўлиб, боз селектрни босди. — Асал, чой нима бўлди? — «Ток келмай қолди» деган жавоб
қайтди ускунадан. — Ана шу-да аҳволимиз, — гўё сўзларига якун ясади Хўжамёр. — Биз шу қадар
орқада қолиб кетганмизки, домла... — У бошини оғир чайқади. Кейин бу ҳолни, ўйлайвериб
бошоғриққа йўлиққандек чаккаларини қисди.
— Ҳа, рост. На чора, биз учун ибрат — бошқалар эди... — деб ҳамсуҳбатининг фикрини маъқуллади
Зокир Ўрин. — Дунёдан узилиб вокуумда яшаганмиз-да.
— Оҳ-оҳ, от-тангизга раҳмат! — деди Хўжамёр. — Вакумда яшаган эканмиз, вакумда... — Сўнг
элан-қаран ўрнидан турди ва сигаретни авайлаб тутганча столни ёнлаб келаркан, домла кулдонни унга
суриб қўйди-ю, у сигаретни идишга босганича Зокир Ўринга қиялаб тикилди. — Аҳвол қалай, домла?
— Аҳвол яхши, — деди домла. Кейин синиқ жилмайди. — Эл қатори. Элга келган тўй-да, бу кунлар
ҳам...
— Ҳимм, сизларнинг маошларинг кўпайиб қолди-я? — Хўжамёр бурилиб, жойига қайтди.
— Анча! — дарҳол жавоб қайтарди Зокир Ўрин ва боз жилмайди. — Тўғри, пулнинг қадри тушиб
кетаётган пайтда бу унчалик билинмайди. Аммо яшаса бўлади... Чидаймиз-да, Хўжамбой! Чидаш керак.
— Сўнгра илҳоми тоша бошлади. — Мустақил бўлишни шунча йил кутдик. Уни деб куйиб-кул бўлиб
ўтди улуғларимиз, алломаларимиз...
Хўжамёр тағин домланинг сўзини бўлди:
— Менга бир гапингиз нашъа қилиб кетди, ростини айтсам. Хўш, «яшаса бўлади» деганингиз. —
Сўнг деразага маъноли термилиб қолди. — Яшаса бўлади... — Шу тобда ундан теран маъноли, ҳаётий
мулоҳазаларга тўла ҳикматларни кутиш мумкиндек эди. У эса: — Умуман, айтганда, шундай, рост, —
деб жойига ўтирди. — Демак, ҳали аҳвол ёмонмас экан.
— Ёмонмас, — деди Зокир Ўрин. — Бироқ, Хўжамбой ука, кимга қандай? Гап мана шунда...
Мамлакатимиз аҳволини тушуниб, борига қаноат қилиб яшаётганлар ҳам бор. Тушунишни истамай,
кечаги кунни қўмсаётганлар ҳам бор. Аммо уларниям тушуниш мумкин: ҳар кимнинг ҳам яхши
яшагиси келади.
— Уҳ, ана бу — доно гап! — деб юборди Хўжамёр. — Ҳар ким ҳам яхши яшашни истайди! Хўш, биз
сингари бизнесменларнинг вазифамиз эса худди мана шу аҳволни баҳоли қудрат енгиллатиш...
Фикримни тушунтиролдимми, домла?
— Жуда! — деди Зокир Ўрин ҳаяжонланиб. — Лекин раҳмат сиз... сизларга! Ана, чойхонадан
келдим ҳозир. Ўша ердаям сизларни... Э, раҳмат-е! Келинг, қўлингизни битта қисиб қўяй, илтимос.
Юракдан!
— Ҳе, домлагинам-е.
Хўжамёр қўлини қистириб, жойига кетгач, домла баттар таъсирланиб, бош эгиб қолди-ю, кўзи
соатига тушиб, бирдан ҳушёр тортиб кетди.
— Демак, ҳим, гапимнинг хулосаси шулки, — деди,— сени... кўриб, кўп хурсанд бўлдим,
Хўжамбой. Йўлда... йўлакай ҳув ўқувчилик даврларинг эсимга тушиб кетди: ажиб бир даврлар экан! —
дея бирдан хитоб қилди. — Пахта теримида ёш болалар азоб чекарди, бу ҳол уларни эксплуатация
қилиш билан тенг эди, деб қанча ваъзхонлик қилмайлик, ўша даврлар — бизнинг кечаги кунимиз, яқин
тарихимиз, ёшлигимиз бўлиб қолади. — Сўнг уҳ тортиб юборди. — Болалик бизга ҳамма вақт ажиб,
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |