www.ziyouz.com кутубхонаси
142
АРОСАТ
Устоз Абдулла Қодирий ўзининг тўнғич ромони бўлмиш «Ўткан кунлар»ни «Модомики, биз янги
даврга қадам кўйган эканмиз...» деган серандиша сўзлар билан бошлаган эдилар. Аслида, улуғ бобомиз
ўшанда фақат битта ўзининг кўлидан келадиган буюк ишга қўл урган эдилар ва зиммасидаги тарихий
вазифани сидқидилдан адо этганлар. Ваҳоланки, у кишига ҳеч ким «Ўткан кунлар»ни ёзиб бергайсиз,
тақсир, деб буюртма бермаган эди. Зеро, ҳақиқий ёзувчи мудом виждони буюрган ишни бажаради,
ижтимоий «заказ»ни эса...
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев ўз виждонига, Ўзи ато этган истеъдодига содиқ
қолган камёб ёзувчиларимиздан ҳисобланади. У кишининг янги ҳикояси ҳам дафъатан «янги давр
буюртмаси» бўйича ёзилгандек туюлиши мумкин. Лекин «Аросат» синчиклаб мутолаа қилинса, ёзувчи
ИНСОННИ ТУШУНИШга ҳаракат кцлаётганини ва биз ўқувчиларни ҳам ИНСОННИ ТУШУНИШга
чорлаётганини англаш унчалик мушкул бўлмайди. Дарҳақиқат, «инсонни тушуниш керак», деб таълим
берган эди Эрнест Хемингуэй. Назаримизда, ёзувчининг бирламчи вазифаси — инсонни тушунишдир.
Инсонни тушунмаган ёзувчи (асар қаҳрамони эмас!) охир-оқибат Аросатда қолади.
(«Ватан» газетаси шарҳи)
* * *
Зокир Ўрин чойхонада ўтирган эди, оёқларини сўридан осилтириб, чалиштириб, унинг қаршисидаги
сўридан жой олган эрмакталаб нашаванд, фаррош ва сартарошга Эсон дўхтир гап берарди, тик турганча
ҳовлиқиб:
— Сизлар ҳам юрибсизлар-да, жўралар, дунёдан бехабар... Хўжамёр ахир Масковдаги хайрия
пондларидаям ишлаб, ишбилармон бўлиб келди. Бу орада у икки марта, йўғ-е, уч марта Туркияда
бўлди! Бир марта Амриқода!.. Бизнес ишколаниям битирган у! Нима деяпсизлар... Йўғасам, мана —
милёнер бўлар эди!..
— Ҳов фельдшер, қайси Хўжамёрни айтаяпсан? — деб туйқусдан сўраб қолди Зокир Ўрин.
— Домла, сиз ҳам ғаплатда қолган экансиз-ку! — деб этсиз башарасини куйдирган калладай
тиржайтирди Эсон. — Ахир, ўзингизнинг ўқувчингиз-чи? Мадиёр даллолнинг ўғли! Суррайиб юрарди-
ку отасининг изидан?.. Менимча, бир-икки йил синпидаям қолган эди.
— Э, шундай демайсанми, — дея жез тишларини кўрсатиб илжайди домла ва хурсандлиги шунчаки,
торгина кўкраги қабариб кетди. — Ҳа, уни ўзимиз ўқитганмиз. Синфида қолганиям рост. — Кейин
ўйланиб, елкасини қисди. — Яхши, унда тижоратга қобилият бор экан. Биз ўшанда тижорат аҳлини
ўғри-каззоб деб ёмонлар эдик.
— Энди ўзингизга келдингиз, домлажон, — деб бу кишига гап уқтирмоққа бошлади дўхтир. —
Ҳолбуки, ўша вақтлардаям «Ўтган кунлар»даги Отабекни «миллий қаҳрамонимиз», деб мақтар
эдингизлар.
— Рост, рост, — тан олди Зокир Ўрин жиддий тортиб. Сўнг яна қалбаки тишларини кўрсатиб: —
Лекин савдогарчилигига ўтмас эдик-да... — деди.
Эсон дўхтир муаллимни мот қилиб бўлгандай тантанавор кулиб юборди. Унга қўшилиб домланинг
ўзиям сийрак сочли хумдек бошини ирғаб куларкан, бошқалар ҳам зўр аския эшитгандай хахолай
бошлади.
Кейин домла хаёлчанлик билан чойнак ёнига беш сўм ташлаб оёғини ерга қўйди. Кичкина
қоринчасидан пастга силжиган қайишини тирсаклари билан қисиб — кўтариб олиб, сўри қошига
кийгизиқлик сарғиш шляпасини бошига қўндирди. Сўнг жамоага зиёлича таъзим қилиб:
— Хуш қолинглар. Раҳмат, Эсонбой, сизгаям, — деб бурилиб, хиёбонга чиқди.
Ана шунда унинг калласига бир хаёл келди: «Қара-я, ўша бола одам бўпти. Милёнер тижоратчи
бўпти. Қандайдир корхона очиб, элгаям нафи тегаётганмиш. Шундай кунларда...».
Домла Зокир Ўрин мактабда дарсларини ўтиб бўлиб уйига кетаётганда, азбаройи чанқаганидан
чойхонага кирган эди. Бинобарин, энди уйига бориши керак. Бироқ... ҳозир нечук чойни ичиб
тугатмасдан ўрнидан тургани-ю, хиёбонда тўхтагани сабабини нохос англаб қолди.
— Ҳов Эсонбой, бу Хўжамёрнинг корхонаси... иш-жойи қаерда? — деб сўради ортига қайрилиб.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |