www.ziyouz.com кутубхонаси
134
хотиржам-шаддод бир тарзда давом этди: — Хотинингиз, қизингиз билан келган эдингиз. Биринчи
майда кўчага чиқдинглар.. Ҳалиги параддаям бўлдингизлар. Тўғри, одам оз бўлди. Қари-қартанг. Лекин
байрам-да. Шаҳар ҳокими сиз билан кўришди. Кейин уйларингга кет-динглар... Кўрган эдим. Танийман
сизни.
— Юртдош сифатидами?
— Ҳа-да, — деди у кескин. — Лекин шеърларингизни ўқиб тураман. Қўлимга тушганда.
— Ҳим, маъқулми?
Ожизмиз-да, азизим. Жиндек мақтовга қулмиз... Йўғасам, бу саволнинг нима ҳожати бор эди!
— Яхши, — деди у. — Ўзимизни ёзасиз. Тоғларимизни... Сизнинг шеърларингиз ҳаммаси
тушунарли. Содда.
— Раҳмат.
Унинг гапи — мен учун катта мукофот эди.
— Тошкентга қачон қайтасиз? — сўраб қолди у.
— Ҳим, билмайман, — дедим. Шунда Болтабой гапга аралашди:
— Домла хоҳласалар, эртага кетадилар. Хоҳламасалар, бир ой ҳам тураверадилар.
Бу гап ҳам менинг шаънимга айтилган ўзига хос мақтов эди. Бироқ мақтовнинг тагида мени... нима
десам-а, қизғаниш ҳам йўқ эмасди.
Поданинг сертош сойидан мошинанинг тарақ-туруқ қилиб ўтишиданоқ Болтабой аёлни ёмон
кўраётгани ёки ёмон кўриб қолганини аниқ сездим.
Аммо, мени сўксангиз — сўкинг, бу гапларни хотинимга етказсангиз ҳам — майли, миқ этмай
ўтиравердим: Нега? Нимага? Ёлғиз Оллоҳга маълум.
10
Подадан кейин ўр бошланади. Ўр, ўр! Тақир тошлоқлардан айланиб ўтади йўл. Ва ниҳоят, тоғ
ўркачига чиқиб борадики, ана у ердан мен яшаб турган ўша қишлоқ бир туп қора дарахт каби кўринади.
Қарасам, Болтабой «Газик»ни суриб, сакратиб ўрлатиб бораяпти. Шунча тикиламан афтига, бир
қарамайди!
— Болтабой, бир минут тўхта, ука, — дедим.
У мошинани таққа тўхтатди-да:
— Домла, сиз ўйламаяпсиз... Сизни ҳамма дурбинда кузатиб туради! — деди. — Бу киши борса,
дарров кўришади. Кейин гап-сўз... Мисир аканинг ҳам шаънига яхши бўлмайди...
Худо ҳаққи, мен бу аёлни қишлоққа — меҳмонхонага боришини тасаввур ҳам қилмагандим:
шунчаки, унинг ёнимизда экани завқли эди.
Ва бошқа жиҳатларни ўйлагим ҳам келмасди.
— Тўғри, тўғри айтасиз, — дедим. Шунда орқадан садо чиқишини кутдим: чиқмади.
Нима қилиш керак?
Бу ёнбағирлар ҳам мен учун қадрдон, ёшлигимнинг шошқин даврлари кечган манзил эди. Бу
адирларда какликдан кичикроқ, аммо гўзалликда ундан сира қолишмайдиган чил деган қушлар кўп
бўлар, улардан талайини отган ҳам эдим.
Ёмғир томчиларини нари-берига сураётган ойна чўткасига қараб турдим-турдим-да:
— Қайтар. Пастга — сойга эндир, — дедим. — Сойга. Бироз ўтирамиз.
Хонимдан яна садо чиқмади. Болтабой эса моши-нани чапдастлик билан буриб олиб, орқага қайтди.
Сўнгра бўртиб-бўртиб турган тошлар устидан авайлаб ҳайдаб, ҳайҳотдек сойликка эндира бошлади.
Пода қишлоғида кичрайиб қоладиган сойликни боши — кенгайиб кетган, ҳар қирғоғи бамисоли
тоққа айланган ва шимолдаги улуғ қирраларга туташадиган бу макон ҳам менинг суйган
манзилларимдан бири эди.
Гап шундаки, сой тубида, сув жиякларида бир қаватли, икки қаватли уй баравари келадиган
баҳайбат ҳарсангтошлар думалаб ётади. Табиий, уларнинг кўпи анави тоғсимон қирғоқдан қулаб
тушган ва текис жойда туриб қолган. Кўпчилигйнинг ён-веридан арча, тоғолча, аччиқ бодом шохлари
чиқиб туради. Тағин, бундай харсанглар тагида камарлар кўпки, уларга бемалол кириб ўтириш, гулхан
ёқиш ва ҳатто ётиб қолиш мумкин.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |