www.ziyouz.com кутубхонаси
51
эмиш! Ҳа, ошингни ейин, сендай хешимнинг!..
Қиммат момо онамизни маззаммат қилди.
— Мен сенга бирон ёмон гап гапирдимми, ит!!.— дея шанғиллади. — Ичим куйганидан, ичим
ачиганидан гапираман-да, ит!.. Пешонанг нимага бундайин шўр десам, гап бу ёқда экан-да,
ит!!.
— Бедана тезотар бўлса, ўз бошини ўзи ёради! — деди бир аёл.
Қиммат момо онамизни маззаммат қилди-қилди, кафтларини катта очди.
— Омин! — деди, — мендайин бир бегуноҳ момони сочимнинг оқига қарамайин урган бўлсанг,
илоё, оламдан бепушт ўтгин! Менинг ёшимга етолмайин жувонмарг ўлгин, оллоҳ-акбар!.. —
деди.
Аёллар ичини тортди, аёллар бош чайқади.
— Илоё, оғзингдан чиқиб, ёқангга ёпишсин!— деди Барчин хола.
Онамиз паноҳ излади, онамиз нажот излади.
Ёш тўла кўзлари олазарак-олазарак боқди.
Пастда ҳайрондан ҳайрон қараб турмиш отамизни топди.
Бир кўнгли, отамиз олдига борайин, деди. Айтиб-айтиб йиғлайин, деди.
Аммо теварак-бошдан ор қилди.
Ҳалқа-ҳалқа кўзёшлар ичидан отамизга термулди. Мўлтираб-мўлтираб термулди...
Онамиз тағин йиғлади. Билакларига йиғлаб-билакларига йиғлаб қўя берди.
— Дунёда бир менми, бефарзанд! — дея айтиб-айтиб йиғлади. — Тирноққа зор бўлиб ўтганлар
нечов! Мен ҳали кўрарман, умидим кўп... Фарзанднинг эрта-кечи бўладими... Бировга эртароқ
беради, бировга кечроқ беради...
— Бир қишнинг бир ёзи бўлади, қарғанинг қағиллагани қолади, Оймомо дўстим!
— Мен уни кўрдим, Барчиной дўстим, кўрдим! Яратганнинг ўзи уни тушларимга солди,
кўнгилларимга солди! Нима қилайин, вақти-соати етмаган эканми, қўйнимга солмади...
Тушларим тўлди, кўнгилларим тўлди. Нима қилайин, қўйним тўлмай турибди, қучоғим тўлмай
турибди... Барчиной дўстим, мен уни толтушда кўрдим, толтушда! Дугоналари билан тутимиз
остида босмалим ўйнади. Ишонмасангиз, Олапар итимдан сўранг. Босмалимда унга тенг
келадигани бўлмади. Ўн икки хилида-да адашмади. Айниқса келин хилини бир ўйнади-бир
ўйнади! Дугоналари оғзини очиб ўтира берди! Мен унинг отини билолмай қолдим. Барчиной
дўстим... Робиянинг чақалоғи биғиллаб уйғотиб юборди. Тағин кўзларимни юмиб, унинг йўлига
қарадим. У бошқа келмади... Барибир келади. Барчиной дўстим, келади, мана кўрасиз... Ана
шунда уни шу ерларга етаклаб келаман! Мана шу момоларингга бир босмалим ўйнаб бер,
дейман, Барчиной дўстим!..
— Айтганингизга фаришталар омин ўқисин, Оймомо дўстим!
4
Отамиз тепада бўлмиш гапларни эшитди. Аммо эшитмасликка олди.
Узум узиб-узиб, ари уясига дуч келди.
Ари уяси кунгабоқардай-кунгабоқардай бўлди.
Арилар ғуж-ғуж тешикларда тумшуқларини бир-бирига тегизиб яшади. Борди-ю, четдан таҳдид
бўлса, арилар ёппасига ҳамла қилди. Шиддат билан учиб келиб, таҳдид қилувчи кўзига ё
қулоғига ёпишди.
Отамиз чопони ўнгирини бошига ёпди. Енгларини тирсакларигачайин қайирди. Билакларини
яланғоч қилди.
Оҳиста энкайиб, ари уяси осилиб турмиш ток новдани силкиди.
Арилар ғимирлади, ёппасига қўзғолди. Иккита-учтаси отамиз кўзини мўлжаллаб учди, қулоғини
мўлжаллаб учди. Аммо чопон ўнгирига дуч келди.
Тағин учиб, яланғоч билакларга бориб ёпишди. Билакларга чим-чим ниш урди. Чим-чим-чим!..
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |