Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
www.ziyouz.com кутубхонаси
1
I
— Қулоқ сол, момоси, қулоқ сол. Қаердандир одам овози келяпти...
Сайрак адирда ёнбошлаб ётмиш бобомиз, момомизга шундай дедилар.
Бобомиз оғизларини анграйганнамо очдилар. Ўнг қулоқларини еллар елмиш тарафга тутдилар.
Еллар, овозларни ёрқин олиб келмадилар.
Бобомиз ўнг кафтларини қулоқлари сиртига тутдилар. Елпана қилдилар. Нафас олмадилар. Бор
вужудларини бериб қулоқ солдилар.
Бобомиз шунда-да бир нимани эшитмадилар. Чуқур тин олдилар.
Бобомиз ойдинга тикилдилар.
— Манови ёқдан шекилли... — дедилар. — Ўзи, вақтинг хушми, момоси? Эсон-омон юрибсанми?
Тўрт мучалинг бутми?..
1
Совчилар қадами қизлик эшикка шараф!
Совчилар оқшом вақти келди.
Уй бекаси дастурхон ёйди. Хўжаси мезбонлик қилди.
— Хуш кўрдик, хуш кўрдик, — деди.
— Хушвақт бўл, қассоб, хушвақт бўл, — деди совчилар. — Қани, илоҳи омин, шу уйда катта-
катта тўйлар бўлсин, оллоҳ-акбар!
— Оллоҳ-акбар! Айтганингиз келсин!
Паловдан кейин тарвуз сўйилди.
Совчилар одатлари бўйича у ёқ-бу ёқдан гапиришиб ўтирди.
Eсон қассобни ҳаминқадар элади. Кейин, мақсадга ўтди.
— Синглингнинг бошига бахт қуши қўниб турибди, қассоб, учириб юбормасанг бўлди, — деди.
— Аслини билмай, сўз демаслар, наслини билмай, қиз бермаслар, — деди қассоб. — Ким экан,
у?
2
Қишлоқда бир бўзбола бўлади.
Бўзбола елкадор, пишиқ қоматлик бўлади. Кулча юзларида чуқур-чуқур кулдиргичлари бўлади.
Қўй кўзлик, сийрак қошлик бўлади.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
www.ziyouz.com кутубхонаси
2
Бўзбола қоматини ғоз тутади. Жойида тик туради. Қўлларини кўкрагига қовуштиради ё белига
тирайди. Бир нуқтага тикилади. Қаерга тикилади, нимага тикилади?
Билмаймиз, биз билмаймиз.
Инчунин, ўзи-да билмайди.
Бўзболани илк бор кўрамиз.
Шунда, бу бола ё қаттиқ қайғуда, ё бир нимани ўйлаб ўйига етолмаяпти, деймиз.
Юриш-туришидан... кеккаяди, ўзидан ўзгани оёғи билан кўрсатади, деймиз. Шох-у бутоғинг
борми, мунча кериласан, деймиз.
У мизожи хуш кўрмиш одамлар билан салом-алик қилади. Борди-келди қилади. Чин дилдан
гапиришади. Очилиб гурунглашади.
Кўнглига ўтирмайдиганлар билан саломлашгисида келмайди!
Оқибат, бўзбола бизни назарга илмайди, деймиз.
Оқибат, бўзболани бировимиз хуш кўрамиз, бировимиз нохуш кўрамиз.
У ўзини биз учун дил-дилдан ошно билади.
Бизга содиқ меҳр қўяди. Биз билан ҳамиша хайрихоҳ, ҳамдард бўлади. Бир қориндан талашиб
чиққанлардайин бўлсам, дейди.
Ақалли, бир, бир ёмонлигимизни кўрса бўлди!
Биздан қўлини ювиб қўлтиққа уради. Биз билан салом-алик қилмаслик пайида бўлади.
Биздан қайтганини бизга-да, бировга-да айтмайди.
Қобоқ-тумшуқ қилади. Ичимдан топ деб юради.
У одамови!
У олислардан кўз узмайди, киприкларини-да пирпиратмайди.
Биз у тикилмиш тарафга қараймиз. Зангори уфқ. Шу! Ақалли булутлар-да йўқ.
У бизни ҳайрон қолдириб-қолдириб яшайди!
Бир нимани сўрасак, ҳа ё йўқ деб қўя қолади.
Қўлига сув берамиз. Сувни гўё биринчи кўраётгандай тикилади. Ўзича бош ирғаб қўя қолади.
Биз оғринамиз. Миннатдорчиликни тилаб оламиз.
«Сен ҳам одамга ўхшаб бирор нима де».
«Нима дейин?»
«Ҳеч бўлмаса, барака топинг, де».
Шунда у тиззаларини қучоқлайди. Олис-олисларга— Боботоғ чўққиларига ўйчан-ўйчан
термилади. Боботоққа термулиб-термулиб айтади:
«Чин гаплар кўнгилда бўлади. Тилга чиқса, ёлғон бўлади-қолади».
У ёлғиз бир ашулачини ашулачи деб билади. Бу ашулачини Юнус Ражабий, дейди.
У Юнус Ражабий ашула айтганда сўзлашувчи ё йўталувчи одамни кўришга кўзи бўлмайди.
У Юнус Ражабий ашула айтганда илжаювчи одамни отишга ўқи бўлмайди.
У Юнус Ражабий ашулаларини бош эгиб эшитади, музтар бўлиб эшитади.
У... қўшиқ айтади!
Адирга ўтга боради. Ўт ўриб-ўриб, теваракка аланглайди. Ёлғиз ўзи бўлади.
Кейин, ўтни болиш қилади. Қўлларини боши остига чалиштиради. Олис-олисларга — пахта
хирмони мисол оппоқ булутлар, ҳаволанмиш чумчуқлар галасига термулиб-термулиб...
димоғида қўшиқ айтади.
Бора-бора лаблари-да қимирлайди...
Совчи ана шу бўзболадан бўлади!
3
Eсон қассоб гапни чўрт кесди:
— Қоплонми? Бўлмайди!
— Қассоб, оғир бўл, сомондай оғир бўл.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |