www.ziyouz.com кутубхонаси
47
туртди.
— Турсин, барг олиб келсин, — деди.
— Боянагина олиб келдим-ку? Буларинг тўядими ўзи, йўқми?
— Тўртинчи уйқудан кейин шундай бўлади, турсин...
— Кўзим илингандан туртасан-туртасан! Анавиларинг бўлса, кетмон чопиб ҳоригандай
ухлагани ухлаган! Икки кунлаб ухлайди, уларингга индамайсан! Уйғот барини! Бўлди, иззати!
— Айтмаса-да, энди ухламайди.
— Шу охирими? Хайрият-е!..
Отамиз уйқули кўзларини уқалаб-уқалаб турди. Эгар қошига арқон ўраб, баргга отланди.
— Айтиб қўяйин, агар яна пилла оламан десанг, мендан ўпкалама! — деди.
Отамиз бояги чолдан қўрқди. Бошқа бир адирдан барг олиб келди.
Узун шохлардан новдалар сийириб-сийириб олди. Онамизга қўлтиқлаб-қўлтиқлаб ташиб берди.
Ўзи-да ичкарилади.
Деразалар гилам билан ёпилишидан ичкари қоронғи бўлди.
Отамиз дераза токчасига ўтирди. Елкаси билан деворга суянди.
Шунда бир нима эшитди. Сергак бўлиб қулоқ солди.
Ташқарида шовуллаб ҳаво ёғди. Шовуллашидан, майдалаб ёғди. «Ана энди барг олиб келиш
қийин бўлади. Олиб келса-да, қуритиш лозим бўлади», — дея хаёлланди отамиз.
Отамиз сўрилар аро мўралади, онамизни излади.
— Ай, ҳаво ёғяпти, эшитяпсанми? — деди.
— Бекорларни айтибди.
— Ана, қулоқ сол, ишонмасанг, ана.
Отамиз даҳлизлади. Ёруғда хиёл кўз очолмай турди. Кейин, ташқари қараб, ҳайрон бўлди.
Кун чарақлаб турди, ерда бир томчи-да ёмғир йўқ бўлди.
Анграйиб, тағин ичкарилади.
Ичкарида ҳамон шовуллаб ёмғир ёғди...
Онамиз қоронғидан кинояли овоз берди:
— Ҳа, ёғаяптимикин? — деди.
— Ташқарида кун чиқиб турибди, момоси. Нимага ундай?
Онамиз пиқ-пиқ кулди.
Отамиз тағин ўтирди. Эътибор билан қулоқ солди.
Пилла уруғлар бир вақтда барг еди, бир меъёрда барг еди, яна тағин, ёппасига барг еди...
Ана шу вазиятда эшитилмиш сирли овоз, ёмғир ёғишига ўхшади...
Сокин, қоронғи олам бўлди. Мисоли тун бўлди, ёмғир майдалаб-майдалаб ёғди: шуввв...
Сўриларда омонат турмиш новдалар ерга тап-тап тушди. Мисол, ёмғирдан намиқмиш бўғот
шох-шаббаси қирс-қирс синиб тушди...
Ёмғир эзиб-езиб ёғди: шуввв...
21
Барг ташвиши охирлади.
Eнди, читир ўт топиб келиш лозим бўлди.
Отамиз адир отланди. Тошлоқдан ўтди.
Адир пойида оёқ илди. Жиловга эрк берди. Телпагини кейинига сурди. Олис-олисларга қаради.
Вахшивор адирлари турнақатор бўлди. Қирлари ўркач-ўркач бўлди. Охири кўринмади.
Адир-қирлар ўти бўлганича бўлди. Белга урди. Тўлқин бўлиб чайқалди.
Қизғалдоқ адирлар, қизғалдоқ қирлар алвон-алвон товланди.
Отамиз адирлади, отамиз баҳор оралади.
Димоғи турфа исларни туйди. Бир ис шувоқ ўт исидан бўлди.
Отамиз баҳор оралаб бора берди. Ана шу исни таратмиш ўтни топди.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |