www.ziyouz.com кутубхонаси
48
Тизза бўйли, гуллари оч-сариқ ўт. Танаси кўкимтир-оқ, барглари майда-майда ўт. Сершох,
сертук ўт.
Читир ўт ана шу бўлди!
Отамиз читир ўт терди. Томири билан суғуриб-суғуриб ола берди.
Читир ўт қўл тегиши билан тағин-да ўткир ис таратди. Иси димоқни қитиқлади.
Отамиз отида икки бойлам читир ўт ортиб келди. Том устида ёйиб-ёйиб қуритди.
Пилла уруғлар тўлишди. Ўзини кўтара олмай қолди. Ўзини эплай олмай қолди.
Оқибат, баргдан қайтди, баргдан қолди. Баргдан терс бурилиб-терс бурилиб кета берди.
Пилла уруғлар карахт бўлиб-карахт бўлиб қолди. Мудраб-мудраб қолди.
Бу, пилла уруғининг бешинчи уйқуси бўлди, сўнгги уйқуси бўлди.
Сўнги уйқу тўрт-беш соатча давом этди.
Отамиз билан онамиз читир ўтларни дастлаб-дастлаб пилла уруғлар узра ёйди.
Пилла уруғлар читир ўтларга талпинди.
Пилла уруғ йигираман деса, жой танлаб ўтирмайди. Учрамиш жойида йигира беради.
Унда, не боисдан пиллачилар читир ўт териб келади?
Боиси, читир ўт иси пилла уруғига хуш ёқади. Пилла уруғ ана шу исга талпинади. Ана шу ис
оғушида мўл-мўл йигиради.
Боиси, читир ўт қуюқ-қуюқ тукли бўлади. Пилла уруғ ана шу тукларга мўл-мўл йигиради.
Ана-ана, бир уруғ талпина-талпина, аранг читирга чиқди, читир танаси бўйлаб юрди. Шохлар
айрисига келди. Ўзига маъқулига қараб юрди.
Новдалар айрисида жойлашиб олди, жойида айлана берди. Яъни, йигира берди. Ҳар
йигиришида ўзидан ипак чиқарди.
Ипак, читир ўт қуюқ тукларига илашиб-илашиб, тўр бўлди. Тўр қуюқлашиб-қуюқлашиб,
бошмалдоқдай-бошмалдоқдай ғанак ҳосил бўлди.
Оппоқ-оппоқ пилла ана шундай бино бўлди!
22
Пилла қўйилмиш уйлардан қўланса ҳид аримади.
Ҳидлар дастидан уйларда ўтириб-да бўлмади, ётиб-да бўлмади.
Отамиз билан онамиз бот-бот уй супурди, бот-бот уй ювди. Эшиклар билан деразаларни ланг
очиб қўйди.
Шунда-да бўлмади. Пилла қўйилмиш уйлардан ой-ойлаб бадбўй ҳид аримади.
IV
Бобомиз сергакландилар. Қаддини кўтардилар. Чордона қурдилар. Тиззаларини қучоқладилар.
Салласини кетига суриб қўйдилар.
Еллар забти бобомиз пешонасига хуш ёқди.
Отлар кишнаган тарафдан янги ўрилмиш йўнғичқа иси келди.
Бобомиз тун жарчиси овоз бермиш тарафга қарадилар.
Одам овозларидан дарак бўла бермади.
Бобомиз ойдин олисларга термилдилар. Хаёлий овозда айтдилар:
— Мабодо сувда зардоли оқмай қолса, болалар девордан бўйлайди. Зардоли беринг,
деёлмайди. Сув оқиб чиқадиган тешикни пойлайди. Шамоли қурғур ҳадеганда бўла бермайди.
Шунда, билдирмайман-да, ўзим шамол бўламан. Зардолини оҳиста-оҳиста силкийман.
Зардолилар дувв-дувв тўкилади... Шунда, кўчадан, ушла, оқиб келаяпти, ушла, деган овозлар
келади...
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |