www.ziyouz.com кутубхонаси
74
Тонг еллари ҳур-ҳур эсди.
Отамиз тегирмон олдидан йўл олди.
Тегирмон остидан шовуллаб отилмиш сув йўлни кўндаланг кесиб оқди.
Отамиз кечувда жиловни бўш қўйди.
От бош кўтармай-бош кўтармай сув ичди.
Шунда:
— Ассалому алайкум, Қоплон ака! — демиш овоз келди.
Овоз қаёқдан келди, сув шовуллашида билиб бўлмади.
— Мен бу ёқдаман, мисол учун! — деди овоз.
Отамиз тегирмон супасида турмиш Йўлдош қоровулни кўрди.
Қоровул бел боғидан қўшқўллаб ушлади. Кулиб-кулиб қараб турди.
— Тегирмонга келдингизми, мисол учун? — деди.
Отамиз нима дейишини билмади.
— Шундай, шундай... — дея бош ирға- ди.
Йўлдош қоровул тап этиб супадан тушди. Отамиз билан кўришиб-сўрашди.
— Буғдойингизни қайси бурчакка қўйиб эдингиз, мисол учун? — деди.
— Нима эди?
— Буғдойингизни ичкаридан топиб оламан-да, тегирмонга соламан, мисол учун. Тушгача
тегирмондан чиқади. Тушда келиб отга ортиб кета берасиз, мисол учун.
— Йўқ...
— Йўғи бўптими, мисол учун. Боғқоровул бўла туриб, тушгачайин ўтира берасизми? Узум-
ларингизни чумчуқ еб кетади, мисол учун! Мана биз ўтирсак, бўла беради. Биз маккажўхори
қоровули. Маккажўхорини ит ейдими, мисол учун...
Отамиз хўрсинди. Теваракка аланглади. Йўл бўйи симёғоч симларида тизилиб турмиш қал-
дирғочларга тикилди.
Йўлдош қоровул, отамиз истиҳола қилаяпти, дея ўйлади. Тағин гапга тушди.
— Навбатда турганлар жанжал қилади, деб ўйлаяпсизми, мисол учун? Чин, тегирмон навбати
билан, дейдилар, мисол учун. Лекин мен тегирмончи билан гапиришаман-да. Шундай-шундай,
дейман-да, мисол учун...
Отамиз қамчи сопи билан қалдирғочли симларга ишора қилди.
— Шу симларда ток бор-а? — деди.
— Ҳа, ток бор, мисол учун.
— Унда, нимага қалдирғочларни ток урмайди?
— Шуни билмадим-а, мисол учун. Чопиб бориб, Николай монтёрдан билиб келайинми, мисол
учун?
От сувдан бош кўтарди.
Отамиз отни тиззалари билан ниқтаб ҳайдади.
От сув сачратиб-сув сачратиб кечувдан ўтди.
Отамиз йўлида давом этди.
Йўлдош қоровул отамиз кетидан қараб қолди.
11
Отамиз тегирмондан олислади.
Тонгги ҳаводан баданлари жунжикди. Чопони ўнгирлари ёнларига ёйилди.
Бор вужуди билан, бор тани билан... қўмсаш қўшиғини айтди...
Улкан тол теварагини бир айланиб оёқ илди. Ерга тушди. Отини тол танасига бойлади.
Елкасидан нафас олди. Баданлари қизиди. Ёқаларини очди.
Азим ёнғоқ остига борди. Ёнғоқ танасига суяниб ўтирди...
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |