www.ziyouz.com кутубхонаси
72
Шу боис, аёл зоти ҳамиша бошида паноҳи бўлишини хоҳлайди.
Аёл зоти аззанча ўзига мустақил бўлсин, мағрур бўлсин, барибир, ана шу паноҳига бош эгиб
яшайди.
Бош паноҳи амалдорми? Бош паноҳи камбағалми? Кўрми ё калми? Бош паноҳи майибми?
Барибир, аёл зоти учун барибир!
Кўмирчи бўлсин, темирчи бўлсин, тўрт девор ичида суюкли бўлсин!
Аёл зоти ана шу бош паноҳига суяниб яшайди!
Боши очиқ...
Аёл зоти аззанча хўрликни кўтаради, аззанча таҳқирлашни кўтаради. Аммо «боши очиқ», деган
гапни кўтаролмайди!
«Ўнта ўғлим бўлмасин... чолим ўлмасин», демиш гап, аёллар юрагидан отилиб чиққан бўлади!
Бу дунёга кимни бойлаб қўйиб эди-да, аёл зотини бойлаб қўяди?
Дард бор, бош ёстиққа тегиш бор.
Ана шунда, суяб турғизажак танмаҳрам кунга ярайди. Ана шунда, оғизга сув томизажак
танмаҳрам кунга ярайди.
Eркак зоти ёмон бўлиб туғилмайди! Қарсак икки қўлдан чиқади!
Ўзи яхшилаб олади! Нима деса, хўп дейди! Қўлини косов қилади, сочини супурги қилади!
Майли, болалари онамизни ўз онаси ўрнида кўрмаса-да, майли! Аммо онамиз уларни ўз боласи
ўрнида кўради! Бир оначалик қарайди!
У киши ана шундай бир эркакдан умидвор бўлди!
7
Отамиз қайноғаси дарвозасида оёқ илди. Узангидан оёқ олди. Отини етаклаб ичкарилади.
Ичкарида жамоа жам бўлди.
Отамиз жамоа билан юзма-юз бўлди. Юган тутамлаб, дол турди.
Салмоқлаб-салмоқлаб, аёли жавобини берди:
— Икки талоқ! Бўлдими? — деди.
Дераза олдида ўтирмиш Оймомо онамиз ўз жавобини эшитди.
Онамиз акаси музтар бўлиб қотиб қолди.
Ҳамсоя-қўллар ачиниш ҳам қайғуриш билан бош чайқади.
— Қайнсингилгинам умри хазон бўлди! Бошқа эркакка тушганида ҳалигача неварали бўларди!
Бу гапни онамиз янгаси айтди.
Ҳамсоя-қўллар далда берди:
— Тақдир-пешона экан-да, ким ўйлабди дейсиз...
— Ҳали жойи чиқади!
— Жойи чиқса, берамиз!
— Ҳали қўчқордайин-қўчқордайин ўғиллар кўради!
— Ҳали попукдайин-попукдайин қизлар кўради!
— Тешик мунчоқ ерда қолмайди!..
8
Отамиз жамоадан кўзини олиб қочди.
Ерга қаради. Мунғайиб қолди.
Ер остидан тоғасига қараб-қараб олди.
Ўзини жуда-жуда ёмон сезди. Оёғи остида ер борми-йўқми, билолмади. Ўзини омонат сезди.
Мунғаймиш кўйи кетига қайрилди. Ердан кўз олмай от етаклади. Оҳиста-оҳиста одимлади. Ер
сунгалаб-ер сингалаб одимлади. Мунғайиб-мунғайиб одимлади.
Бош кўтариш учун мажоли-да қолмади, ҳаддида қолмади! Бош кўтариш учун ботинолмади!
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |