www.ziyouz.com кутубхонаси
3
Шу воқеадан сўнг қуёш икки қайта заминни ёритиб, икки марта мағриб сари бош қўйди.
Учинчи бор машриқни қизартириб кўтарилар чоғида қорайиб турган тухумсимон кема
атрофида ҳаракат сезилди. Аввалига уч қулоч келадиган чигирткасимон темир махлуқ —
узоқдан туриб бошқарилувчи сайёрапой кўринди. У то қош қорайгунча ён-атрофда изғиб юрди.
Кейин изига қайтди. Кеманинг юмалоқ туйнукчаларида нур кўринди.
Eртасига тонг отарда сайёрапой чиққан каттароқ туйнук оғзида худди одамга ўхшовчи,
лекин одамдан бир неча карра баланд ва қорувли, бошига саватсимон шаффоф шиша
қўндирган, ўзидан кўзни олгулик нур таратувчи икки кимса кўринди. Улар эҳтиётлик билан бир
неча қадам илгари босишди.
— Кив, — деди сал олдинда бораётгани, — ҳисобда янглишганга ўхшаймиз. Қўнадиган
майдонимиз бундай қаттиқ эмас, ўзимизнинг Унетдагидай юмшоқ тупроқли бўлиши керак эди.
— Ҳа, — деди Кив атрофга аланглаб, — ранги ҳам бўлакча. Бизга қорамтир бўлиб кўринган
эди. Сариқлигига ажабланяпман. Унетдан кузатганимизда бу сўниқ юлдуз хира нур таратган
эди. Агар юлдузнинг бутун сатҳи сариқ бўлса, Рекнинг гапи тўғри бўлиб чиқади. Унетликлар
учун мос ерни бошқа юлдузлардан излаш керак бўлади.
Eнди улар дадилроқ қадам қўйдилар. Юлдуз қўнган ернинг атрофида дов-дарахтлардан ҳам
нишон қолмаган эди. Улар илгарилаганлари сари битта-яримта дарахтга дуч кела бошладилар.
Кив сариқ тошга айланган баҳайбат чинор қаршисида туриб қолди.
— Ниг, буни қара, нимага ўхшайди? — деди ҳамроҳига.
Ниг чинорга яқинлашиб болғачасини чиқарди-да, дарахтнинг эгилиб турган шохларига уриб-
уриб кўрди.
— Ажаб, тошнинг бу хил тасвирига тушуниш қийин. Бу менга Унетни эслатяпти. Анави
томонга қара, бундай тошлар жуда кўп-ку!
Улар ҳаракатсиз қолган шаҳарга яқинлашиб келардилар. Жонсиз буюмлар уларга ўз
сайёраларини эслатарди — бу жойлар гўё улар яшайдиган сайёранинг жонсиз тасвири эди. Тиз
чўкканича қўлларини баланд кўтариб Худога нола қилаётган ҳолда сариқ тошга айланган
дастлабки одамни кўргач, Ниг чап қўлини кўтарди. Орқароқда келаётган Кив тўхтади.
— Бу бизнинг тошдаги тасвиримиз-ку? — деди у ҳайрат билан.
Ниг яна болғачаси билан тош одамга яқинлашди. Унинг ингичка бармоқларидан бирини
уриб синдириб олди. Уни кафтига қўйиб яна болғача билан урди. Бармоқ сопол сингари
майдаланди.
— Кив, биз янглишмаганмиз. Бу ерда ҳаёт бўлган. Балки ҳаёт кечиришга шароит қолмагач,
бу хира юлдузни тарк этгандирлар. Манави тасвирларни эса ёдгорлик сифатида
қолдиргандирлар?
— Гапингда жон бор. Булардан бир нечасини далил сифатида олиб кетишимиз керак.
— Албатта. Қайтишда оламиз.
* * *
... Бу шаҳристонга «оловли юлдуз» тушганидан хабар топган қўшни мамлакат ҳукмдори бир
қанча фозилларни тўплаб шу томонга юборди. Улар уч кунлик йўлдан сўнг ернинг тобора
сарғайиб, қаттиқлашиб бораётганини сездилар. Ер туёқлар зарбидан жаранглай бошлади.
Фозиллар олға юришни ҳам, қайтишни ҳам билмай тўхтаб қолишди.
— Бу ерларга Худонинг қарғиши тегибди, бўлак қадам босмаслигимиз керак, — деди
уларнинг бири.
— Аммо, шаҳристонда нима гаплигини билмай қайтмоққа ҳуқуқимиз йўқ.
— Шаҳристон ҳам балки бутунича тошга айлангандир. Шундай деб қайтаверамиз.
Улар тунни шу ерда ўтказиб тонгда бир маслаҳатга келамиз, деб қарор қилдилар. Сўл
томонда сарғайиб турган кимсасиз бостирма уларга бошпана бўлди. Тўрт чоғли ёши улуғроқ
фозил уй ичига, олти чоғли ёш эса очиқ ҳавога жой қилдилар.
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |