www.ziyouz.com кутубхонаси
9
Даврон ўрта яшар кишининг мулойим овозини эшитиб бошвоқсиз хаёллар комидан қутулди.
Ўрнидан турди.
— Ётаверинг, тинчингиз бузилмасин. Бу дейман, ўғлим, юлдуз санаятувдингизми ё Хизр
бувани кутятувдингизми?
— Униси ҳам, буниси ҳам эмас. Қани, Йигитали ака, ўтиринг, — Даврон шундай деб
каравотдан жой кўрсатди. Бироқ Йигитали ака дўнгликка чордона қурди. Кафтига нос тўкиб,
тили остига ташлади. Эллик ёшларга бориб қолган, томирлари бўртиб турувчи бу киши
экспедитсияга яқинда қўшилган, айтишича, раиснинг кўзбўямачилигига қарши чиқиб,
колхоздан кетиб қолган эди. Уйи бу ердан узоқ эмас, шунинг учун асосан қатнаб ишларди.
Баъзи-баъзида гурунгталаб бўлган кезлари шу ерда тунаб қоларди. Пешонабоғини танғиб
астойдил ишловчи Йигитали акани барча беҳад ҳурматлар, у ҳам йигитларга ўғлим, деб
мурожаат қиларди.
— Эски ҳисоб бўйича бугун лайлатулқадр кечаси. Ҳамма Хизр бувани кутади, — деди
Йигитали ака кафтини қоқиб. — Менам кутганман. Отам ҳам кутган. Отамнинг отаси ҳам кутган
бўлса керак. Лекин ҳеч қайсимиз Хизр бувани кўрмаганмиз. Хизр бува лайлатулқадр кечаси
кўринганларида ҳаммаёқ ёришиб кетади, шунда ниманики ушласанг, ўша олтинга айланиб
қолади, дейишарди. Қадимда шу қишлоғимиздаги бир жувон Хизр бувани кўрганмиш.
Қўрққанидан боласини ушлаб олган экан, гўдаги росмана тиллага айланиб қолибди. Зор-зор
йиғлабди бечора. Кейин бошига муҳтожлик тушганида боласининг битта бармоғини кесиб
заргарга сотибди. Бир йилдан кейин лайлатулқадр кечасида яна Хизр бува ўтибдилар. Жувон
яна қўрқиб боласига ёпишган экан, чақалоғига жон кирибди-ю, кесилган бармоғидан қон
отилибди. Бу ривоятни кичкиналигимиздан қулоғимизга қуявериб ишонтириб қўйишганди.
Энди бу гапга ҳеч ким ишонмайди.
Йигитали ака шундай деб носни тупурди-да, тўнининг енги билан оғзини артди.
— Бизлар оми бўлганмиз-да, ҳар нарсага ишонаверардик.
— Ишонган ҳам яхши, Йигитали ака, — деди Даврон, — баъзилар ҳеч нарсага ишонмай,
қолганларни гаранг қилиб юборишади.
— Беш қўл баравар эмас. Ҳали бир башанг йигит билан юрувдингиз. Ишларимизни
текширдими, нима дейди?
— Ишларимиз дуруст экан.
— Ундай бўлса майлига. «Ишни йиғиштирарканмиз», деган узунқулоқ гаплар оралади.
— Бу ҳозирча номаълум.
— Сизга-ку бари бир. Бу ер бўлмаса бошқа ерга бориб шу ишингизни қилаверасиз. Мен яна
тавбамга таяниб колхозга қайтишим керак. Раёнда ишлай олмайман, шаҳарга кетолмайман.
— Йигитали ака, пахта иши шунча юрагингизни олиб қўйганми?
Йигитали ака нима деб жавоб беришини билмай қараб қолди. Носқовоғини кафтига шап-
шап урди.
— Э, ўғлим-а, ғаройиб саволларни берасиз. Деҳқоннинг боласига ҳам шундай дейдими? Мен
пахтадан бўлак нима кўрибман бу дунёда? Ўн икки ёшимда елкамга кетмон ташлаб далага
чиқиб катталар билан баравар ишлар эдим. Пахтадан сира нолимаганман. Пахтадан бўйин
товлаган деҳқоннинг кўзи кўр бўлади.
— Йигитали ака, айбга буюрманг, ёшлик қилиб ноўрин сўз айтиб юборибман.
Йигитали ака индамади. Томоқ қириб қўйди. Дўпписини олиб бошини силаган бўлди. Даврон
орадаги ноқулайлик чодирини кўтариш учун сўзини давом эттирди:
— Мен ҳам пахтакордан чиққанман. То мактабни битиргунимча даладан бери келмас эдим.
Қишлоқ болаларининг аҳволи ўзингизга маълум. Шу касбга ишқим тушиб, ўқидим. Бир нави
ишлаб юрибман. Аммо кўпинча кўнгил пахтага тортиб кетади. Далани қўмсаб қоламан. Мен-ку,
сизнинг олдингизда бир гўдакман. Деҳқонман, деб кўкрагимга муштлай олмайман.
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |