www.ziyouz.com кутубхонаси
8
Оқшом тушиб, чодир ёнида давра қурилди. Гулхан ёқилди. Қорайиб кетган қумғондаги сув
қайнаб-тошиб гўё ўтни ўчирмоқчи бўлади. Гулханнинг қумғон турган томони бир оз писиллаб,
тутайди-да, кейин яна аланга авжига қўшилади. Даврон сим ҳалқани қумғоннинг бўйнига илиб
уни оташ бағридан олди. Бир кафт қуруқ чой ташлаб, уч бора қайтарди. Ҳамиша қизийдиган
давра бугун, меҳмон бор учун, унча қовушмай турарди. Қирғийбурун меҳмоннинг кибр билан
гапириши гурунг меъёрини бузиб қўйганди. Натижада бу сафарги чой охиригача ичилмади.
Ниёз йўл юриб чарчаганиданми ё шаҳарда барвақт ётишга кўниккани учунми, чодирга кириб
кетди. Даврон йиғма каравотини ташқарига олиб чиқиб ёйди. Жунчойшаб ташлаб чалқанча
тушганича қўлларини ёстиқ қилди. Уйқуси келмади. Осмон тоза. Юлдузлар жимирлайди.
«Қайси бир шоир пахтазорни юлдуз тошган осмонга ўхшатган эди. Бир қараганда чиройли
таққос. Агар у пахтанинг тафтини ҳис қилганда совуқ юлдузларга қиёс этмас эди. Ўша шоир
ҳам Ниёзга ўхшаган одам-да. Соқи сумбати жойида, юраги эса фақат қон ҳайдаш билан банд.
Лекин сезги, ҳис, туйғу, дард деган тушунчалар мутлақо бегона. Ниёз ўзича менга ёрдам
қилмоқчи. Розилик беришга мажбурман. Бўлмаса, иш чала қолади. Одам кўп ҳолларда онгли
равишда онгсизлик қилади. Билиб туриб, истагига, маслагига зид равишда қадам ташлайди.
Ҳамиша шундай бўлиб келган. Наҳот бу давом этса? Йўқ, қачондир бунга чек қўйилади. Ким
чек қўяди? Кимдир биринчи бўлиб Ниёзлар тоифасига қарши чиқади. Кимдир? Ким? Нима учун
мен эмас? Қўрқаманми? Нимадан? Журъатим етишмайдими? Қўрқмайман, журъатим ҳам
етарли. Аммо ёлғизман. Тўғри, ҳозирча атрофимда маслакдошларим бор. Бироқ, ҳужум
бошлангач, чекка-чеккага чиқиб олувчилар кўпаяди. Курашга чоғланганларнинг бири Асад
Бекмирзаевич эди. Ҳайбаракаллачилар кўп бўлди. Мажлис чақиришди. Асад Бекмирзаевич
уларнинг қалқонига айланди. Қинғир ишлар фош қилинди. Академияга хат юбориш масаласи
кўтарилганда бири: «Икки марта уйланганман, шармандам чиқади», деди, бири: «Илмий
кенгаш аъзосиман, қўл қўёлмайман», деди, яна бири: «Тўғри-ю, тўғри эмас-да», деб ланжлик
қилди. Қани, қани, деб рағбатлантирган азаматлар оқибатда, «Қозиқнинг боши ҳам, учи ҳам
бўлма», деган мақолга содиқ қолишди. Академия президентига Асад Бекмирзаевичнинг ўзи
рўпара бўлди. Унинг далиллари исботланиб, институтда ўзгаришлар рўй берди. Йўқса,
бутунлай ёмонотлиққа чиқарди. Ҳаётнинг чалкашликлари беҳисоб экан, тишимиз ўтмайдиган
муаммолари гаранг қилиб юборади кишини... Худо жониворларни яратганда, яхши ҳамки, туяга
шоху мушукка қанот бермаган, дейишади. Шу фозиллигини Худо одамларга ҳам ишлатмаган
экан-да. Одамни яратгач, мансабларни қалаштириб «Истаганингни танлайвер, қобилиятингга
эмас, истагингга қара. Агар шу билан тўйсанг, олавер», деган шекилли. Кошки мансабпараст
одамни тўйдириш мумкин бўлса! Асад Бекмирзаевич ҳақиқат учун курашди. Лаззатини эса мана
шу Ниёзнинг қариндоши тотди. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир, дейдилар-ку. Тўғри
гап. Ниёз ҳам қариндошидан ўтиб қайга борар эди! Мана, вакил бўлиб келибди. Кечагина
археология деса, қулоғини кўрсатарди. Ўнта дарсдан битта чойхона паловни афзал кўрарди.
Энди менга ақл ўргатмоқчи. Бутун бир экспедитсиянинг тақдирини ҳал қилмоқчи. Тўғри,
маблағ кетяпти. Давлатнинг пулини беҳуда совурмаслигимиз керак. Лекин ҳамма нарсани пул
билан ўлчаб бўлмайди-ку! Балки халқимиз тарихида янги саҳифа очувчи манбалар худди шу
тупроқ остидадир. Буни Ниёз ҳеч қачон фаҳмлай олмаса керак... Ғуж-ғуж юлдузлар. Осмон
қайнаётганга ўхшайди. Юлдуз учди. Осмонни поралаб, узун нурли из қолдириб сўнди.
Илгарилари шунга қараб «бир одам ўлди», дейишарди. Неча юз йиллар шу фикр ҳукмрон эди.
Энди комета ёки метеорит учди, деб изоҳлашади. Фанда исбот этилган бу фикр йиллар
давомида ҳукмронлик қилар, лекин мутлақ бўлолмас. Балки буларнинг бари комета эмасдир?
Балки бу бирор фазовий кеманинг изидир? Балки у узоқ юлдуздан биз томонга келаётгандир.
Унинг нури фазонинг қайси бир бўлагида кўриниб қолгандир. Бўлиши мумкин-ку ахир? Биз бир
қоидага маҳкам ёпишиб олишга ўрганиб қоляпмиз...»
— Мулла Давронбек, ухлаганингиз йўқми?
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |