www.ziyouz.com кутубхонаси
14
ўтираверди. Ниёз баъзан «Тўғрими?», деб орқасига қараганда ҳам гапиришга ҳуши келмай бош
ирғаб қўя қоларди.
— Ҳозир рак ҳеч гап бўлмай қолди, — деди Ниёз ястанганича лабига сигара қистириб. —
Энди одамлар юракдан кетяптилар. Ўлимнинг олтмиш фоизи юракдан. Туппа-тузук одам таппа
ташлайди, тамом. Ўттиз протсент ўлим автомобил ҳалокатидан. Рак билан ўлганлар учинчи
ўринда.
— Менам шунақа деб эшитаман, — деди Йигитали ака. — Илгарилари тўппа-тўсатдан ўлиш
кам бўларди. Энди тез-тез эшитамиз. Бизнинг қишлоқда-ку, унчалик эмас, шаҳарда кўп
дейишади. Сабаби нима экан?
— Сабаби оддий: қон босими... — деди Ниёз сигарани олиб айлантирар экан. Кейин лабига
қистириб тутатди. Йигитали ака тасодифий ўлимнинг сабабини билолмай қолди. Ниёз гапни
«Америка томонда кечагина бўлган даҳшатли довул» ҳақидаги янги хабарга бурди. Даврон
ғижиниб қўйди-ю, индамади.
Ишемик касалларни келтириб чиқарувчи омиллар оддий карражадвал каби маълум бўлиб
қолган паллада «мулла йигит»нинг жавобдан бўйин товлаши унинг жоҳиллигидан яна бир
далолат эди. «Тараққиётнинг жадаллиги, ҳавонинг ифлосланиши, шаҳарнинг шовқини, ишдаги
асабий тортишувлар, жисмоний ҳаракатнинг ҳаддан зиёд камайиб кетиши оқибатлари ҳақидаги
мақолалар матбуот саҳифаларидан тушмай қолган. Шулардан биронтасини ҳам тузук-қуруқ
ўқимаган бўлса керак. Қумликларни текислаш Ниёзга топширилса бир-икки йилдаёқ
саранжомлайди. Оқибатини суриштириб ўтирмайди. Дўппига қўшиб фақат бошни эмас, оёқ-
қўлни ҳам қийма-қийма қилиб олиб келади. Агар катталардан биронтаси қумликни кенгайтир
деса, бутун водийни қулинг ўргилсин саҳрога айлантириб беради. Биз катта авлод орасидаги
қобилиятсиз олимлардан ранжиймиз. Бу соҳада қандай ўрнашиб қолган, нима учун зукко
устозлар уларга йўл очиб беришган, деб бош қотирамиз. Мана жавоб: Ниёз илм даргоҳига
қандай кирди, қандай юрибди. Унинг порлоқ истиқболи ҳам тайин. Ҳеч қачон хор бўлмайди.
Қариган чоғимизда бир ёш йигит келиб: «Ниёз Мансуров деган саводсиз одам археологияда
нима қилиб аралашиб юрибди?», деб қолса жавоб бера оламизми?»
Қумлик ортда қолгач, Даврон йўл кўрсатиб кетди. Шунда ҳам Ниёз узуқ-юлуқ «илмий»
ахборотларнинг бир талайини айтиб ташлади. Машиналари раён марказидаги китоб дўкони
олдида тўхташи билан ичкаридан паст бўйли, тўладан келган бир йигит чиқди-да, уларга
пешвоз юрди. Даврон билан қучоқлашиб кўришди. Қолганлар билан икки қўллаб, қуюқ
сўрашди. Даврон уни «Камолхўжа, синфдошим, шу раёнга ичкуёв», деб таништирди.
Камолхўжа меҳмонларнинг муддаосини эшитгач, «Аввал эшикка ўтмаймизми?», деб сўради,
сўнг жавоб кутмай «Майли, эшикка оқшомда ўтамиз, мен тездайла қайтаман», деб машинасига
ўтирди-да, қаёққадир кетди. Ярим соатга қолмай етиб келди. Машина тепасига балиқ
овлайдиган тўр ташлаб олган. Ёнида узун бўйли ориқ йигит. Даврон уни дарров таниди —
Зокирали. Балиқ ови деса ўзини томдан ташлайдиган Зокиралини бу атрофда танимайдиган
одам йўқ деса бўлади. Камолхўжа кимни ишга солишни билади.
Зокирали Даврон билан омонлашгач, «Вақтим зиқ, бир соатга сўраб келдим», деди.
Камолхўжа «жим бўл», дегандай қўл силтаб уни меҳмонларга таништирди:
— Мучали туя, — деб қистириб ҳам қўйди.
— Ҳайрон бўлмайсизлар, меҳмонлар, — деди Зокирали унинг ҳазилиги жавоб қайтарар экан,
— китоб дўконига мол мудир бўғондан бошлаб мучал битта кўпайиб қоған.
Ҳамма мириқиб кулди. Камолхўжа: «Олдинг, туя, олдинг!» деб уни елкасига қоқиб қўйди.
Ҳамма Камолхўжанинг машинасига ўтирди. То дарёга етиб боргунларича аския тинмади.
Давронга уларнинг одатлари яхши таниш. Бу ерликларнинг оғир ҳазил қилишларини, ҳар бир
одамнингн лақаби бўлишини Йигитали ака ҳам билади. Шунинг учун у ҳам аскияга қўшилди.
Фақат Ниёзгина бу очиқ оғир аскиянинг оқибатини ўйларди. «Ҳазиллари чинга айланиб кайфни
бузишмаса эди», дерди. На Камолхўжа, на Зокирали Ниёзнинг кимлиги билан қизиқди. Даврон
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |