www.ziyouz.com кутубхонаси
96
Раввин нутқини тугатишига Бернснинг тоқати чидамаса, у ёғи қандоқ бўлади, деб ўзидан-ўзи
сўрарди Палмер. Бироқ ялт этиб миясига бир фикр келди. У Бернсни ҳаддан ташқари яхши
биларди. Бундай вазиятда ҳар қандай майда янги ғийбатлар ҳам нишонга уриши ҳеч гап
эмасди. Бернснинг нималар деяётганининг аҳамияти йўқ, далилнинг ўзи муҳим: у неча минглаб
томошабинлар кўзи олдида ва мана бундай дабдабаю асъасали бир дамда Катта Вик билан
суҳбатлашаяпти.
Ташқи таъсиротлар — бу сиёсатдаги буюк иш, ўйлади Палмер. Бусиз ҳам Бернс Калхэйннинг
ишонган одами экани беш қўлдай маълум. Бироқ Калхэйннинг унга яқин бўлган бошқа
одамлари ҳам бор эди. Шу боис Бернс бошқа биров эмас, айнан у Катта Викнинг ана шундай
ишончини қозонган одам эканини аҳамиятли деб билганларга муттасил эслатиб туриши керак
бўларди. Бернс бошқа йиғинларда ҳам шундай томошалар кўрсатганини Палмер илгари ҳам
кўрганди. Манзара ҳар доим бир хил бўлар эди — нигоҳини залга тикканча ҳайкалдай қотиб
ўтирган Калхэйн. Унинг орқасида — Бернс. Унинг бир қўли Калхэйннинг елкасини қисади,
иккинчи қўли билан ишоралар қилади: гоҳ аллақаёқнидир кўрсатади, бир нимани
текислагандай бўлади, гоҳ сочиб, ўзидан нари итарса, гоҳ ўзи томон чорлайди. Балерина
танаси каби ҳаёт ва ҳиссиётга тўла бу қўл нотиқдан диққатни чалғитиб, бутун залнинг
нигоҳини муқаррар равишда ўзига жалб этиб олади-да, натижада ўз мақсадига эришади —
ҳаммани бу унча катта бўлмаган, аммо жўшқинликка тўла саҳнани киприк қоқмай кузатишга
мажбур қиларди.
— ... бизлар беадад равишда ишонамиз, эй парвардигор, — дер эди бу орада Фейтлбаум, —
сенинг қўлларинг қудратли ва бизларни тақво йўлига бошловчи ҳикматинг барҳақдир.
Залдаги одамлардан бир нечтаси раввиннинг ортидан қадимги яҳудий тилида қироат
этилган якунловчи дуо сўзларини такрорлади, бироқ залда кўтарилган шовқин уларнинг
овозини босиб кетди: меҳмонлар йўтала бошлади, стуллар сурила бошлади, суҳбат-гуруҳлар
янгиланди.
— Ташаккур сизга, рабби Бэн Ҳейм Фейтлбаум, — деди Грорк. У бошини микрофонга жуда
чуқур эгиб олди ва овози микрофонда шовқин ва қасирлаш келтириб чиқарди. У ўша заҳоти
бир неча қадам ортга тисарилди. — Чет тилида сиз ўқиган дуо учун ҳам ташаккуримизни қабул
айланг, — қўшиб қўйди у танобийдагиларга кўз қисиб қўяркан.
Кулги тинишини кутиб Грорк мактабнинг молиявий аҳволи ҳақидаги расмий ҳисоботларга
ўтди, унинг йигирма беш йил аввалги салмоқсизгина бюджетини шу мактабнинг гуллаб-
яшнашида гувоҳлик берувчи ҳозиргиси билан таққослади. Бу орада Палмер эндигина Калхэйн
билан суҳбатини тугатган Бернсни кузатарди. Аслида бу суҳбат ҳам эмасди, балки Бернснинг
монологи эди. Бу одамнинг ҳатто энг қийин вазиятларда ҳам ички сезгиси ва аниқ ҳисоб-китоб
билан иш тутишига Палмер тан бермай иложи йўқ эди. Раввин гапини тўхтатган бир вақтда у
ҳам Калхэйн билан суҳбатини узгудек бўлса, томошабинлар бунда қандайдир пинҳоний
ҳақоратни англаган ва ҳатто Бернсни руҳонийга нисбатан ҳурматсизлик қилишда айблаган
бўлар эдилар. Бироқ Бернс Фейтлбаумни ҳам, Гроркни ҳам бирдай ёмон кўрарди ва шу билан
унинг қилмишининг шахсий йўналиши ва уни динга нисбатан ҳақоратомуз хатти-ҳаракатларда
айблаш имкони истисно бўлар эди.
Калхэйн ташвишланганнамо икки бор бош ирғиб қўйди ва Бернс қаддини ғоз тутиб,
шеригига куйиб-пишиб гап уқтираётган Гроркнинг ёнидан ўтди-да, энди танобийга йўл оламан
деганда йўл-йўлакай Палмернинг ёнида тўхтади ва унга эгилди. Палмер унинг узунчоқ, торгина
бурун катаклари ошкора тантана билан титраётганини кўрди.
— Танобийда игна ташласанг ерга тушмайди, Вуди, — шивирлади Бернс, — яна ўн бештача
стол олиб киришга тўғри келади. Зўр, шундай эмасми?
Палмер унинг юзлари ял-ял ёнганини ҳис этди. Ўзининг катта ҳаётий тажрибасига қарамай,
у болаликдаги унга сингдириб келинган одоб юзига оёқ боса олмасди. Айни дамда у ўзини ғоят
ноқулай ҳис этмоқда эди. Нима учун Бернс бундай қилаётганини ва унга, Палмерга айни
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |