www.ziyouz.com кутубхонаси
28
Бернс. — Менинг идорам бунга анча вақт сарфлади.
— Бундай иш ҳамманинг ҳам қўлидан келади, — деди Бэркхардт паст овоз билан. — Бироқ
ҳаммасидан кўра, мени у ҳақда маълумот тўплаш учун нега ўз идорангизга топшириқ
берганингиз қизиқтиради, ахир, унинг янги лавозимга тайинланиши ҳеч кимга маълум эмасди-
ку.
Бернс оғзини беўхшов қийшайтирди, лаблари қимтилгандай бўлди. У елкаларини қисиб,
гапира кетди:
— Лэйн, сиз мени ёллаганингизда, энг яхши кадр сифатида танлаб олгандингиз. Сизни мен
қандай қилиб яхши бўлганлигим қизиқтирмасди. Сизга мен керак эдим, шунинг ўзи кифоя эди.
— Тағин касб-корлик сирларими? — тўнғиллади Бэркхардт.
— Нима, кўзбойлоқчи ўз найрангларини қандай амалга оширишини изоҳлаб ўтирадими? —
сўради Бернс.
— Демак, мен найранг учун пул тўлар эканман-да? — деди Бэркхардт сал олдинга интилиб.
— Йўқ, албатта, — эътироз билдирди Бернс. У оромкурси суянчиғига ястаниб, ўз бошлиғига
назокат билан жилмайди. — Йўқ, асло, — сиз найранг учун тўлаётганингиз йўқ, — давом этди
Бернс, — аммо Лэйн... — ва бу сўз ҳам ҳавода муаллақ туриб қолди... — Сиз чиндан ҳам
сеҳргарни ёлладингиз. Фақат сеҳргаргина сиз учун шундай найранглар кўрсата олади.
Яна жимлик чўкди. Палмер бу икки эркак ўзаро муносабатларининг янги босқичига
кирганликларини тушунди. Улар ўртасидаги нафрат ҳашаматдан заруратга айланди.
Олтинчи боб
Ресторан унча катта эмас, лекин сахийлик билан безатилганди. Унинг ягона тор ва узун
залига рококо услубидаги мураккаб безакли оқ-пушти ранг ромлардаги кўзгулар илиб
ташланганди. Залнинг хира ёруғида Палмер ойналар нақшини унча илғай олмади. Кўзини
қисган ҳолда қўлидаги қадаҳга нигоҳ ташлаб, уни аста лабига олиб борди ва шошмасдан
охиригача ичди.
Унинг қаршисидаги стол ёнида Мак Бернс ўтирар ва паст овозда телефон гўшагига
алланималарни гапирарди. Ресторанга улар иккаласи келишди. Бурчакдаги стол атрофига
ўтиришлари билан Мак Бернсга телефон тутқазишди.
— Йўқ, азизам... — деди Бернс совуқ бир овозда. — Билганини қилсин, жўнатвор уни... —
Лекин унинг кейинги сўзларини англаб бўлмади.
Палмер вискидан сипқарганча Бернсни кузатарди. Афтидан қиладиган иши шундан иборат
эди. Бу томошанинг ҳаммаси: банк биносидаги учрашув саҳнаси, унга ва оиласига оид
маълумотларни намойиш қилиш, ниҳоят, безаклари билан мижозларни лол қолдиришга
мўлжалланган ушбу ресторан — чиндан ҳам яхши таассурот қолдирарди. Бернс нуфузли одам
сифатида жамиятда муайян ўрин тутарди. Палмер буни билар, лекин ўз нуфузини тасдиқлатиб
олиш учун нега бунчалик беъмани йўлдан бораётганига ҳайрон бўларди. Аслида Бернс унга
ёпиштиришаётган кучга эгами? Палмер бирдан шубҳалар қуршовида қолди, Бернснинг
шуҳратига, умуман, ишониш мумкинми? У зийрак одамга ўхшарди, лекин лўттибозликлари
қанчалик ўринсиз таассурот қолдираётганини наҳотки сезмаса?
Бернс телефон гўшагини жойига қўйди-да, Палмерга қаради.
— Вуди, мени яна бир дақиқага кечиришингизга тўғри келади, — деди у ва тағин гўшакни
кўтарди. — Дўндиқча, мени Венесуэладаги Каракас билан уланг, — унинг телефончи қизга
мурожаат қилиб гапиргани аниқ эшитилди. — Рақами Сан-Мартин 00-40, шу давр ичида мени
идорам билан улашга ҳам улгурасиз. Раҳмат, қизалоқ.
Палмер ўзини ноқулай сезиб, Бернсга қарамасликка уриниб, қўлидаги шотланд вискиси тўла
қадҳнинг қаҳрабо рангини томоша қиларди. Қулоғига Бернснинг гапи чалинди:
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |