www.ziyouz.com кутубхонаси
23
— Лекин мен...
— Билиб қўй, агар олдимга похол солаётганингни сезсам... — унинг гапини бўлди Бэркхардт.
— Агар билиминг ва қобилиятинг ҳақида менда аниқ тасаввур бўлмаса, ишимизда жиддий
тўсиқлар бўлаверади. Сен кечаю кундуз ишинг қай тарзда кетаётганидан бохабар бўлиб
туришинг лозим. Тушундингми?
— Тушундим. Узр, — деди Палмер.
Бэркхардт лабларининг бурчаклари сал кўтарилди.
— Бор гап шу, — деди у, бироз юмшаб. — Мен буни унутиб ҳам юбордим.
— Мен эса эслаб қолдим.
— Жуда яхши.
Олтмиш биринчи кўчада «Роллс-Ройс» сездирмай чап қаторга ўтди-да, катта йўлдан
бурилиб, шаҳарнинг ғарбий қисмига қараб юрди ва машиналарнинг умумий оқимига қўшилди.
Шу юришда Бешинчи авенюга яқинлашган сари автоуловлар гавжумлашиб борарди.
Анча давом этган сукутдан сўнг қария яна гап бошлади:
— Қонун лойиҳаси чиндан ҳам жамғарма банкларнинг бўлимига дахлдордир. Лекин моҳияти
нимадалиги эсимда йўқ.
— Уларнинг миқдорини кўпайтиришмоқчи, албатта.
Бэркхардт елкаларини қисди.
— Ҳа, шаҳар чеккаларида. Ҳозир шаҳар четидаги қасабаларга қўллари етмаганидан
пайтавасига қурт тушган уларнинг.
— Уларнинг омонатчилари, афтидан, қасабаларга кўчиб ўтишмоқда.
— Умуман шундай, — тасдиқлади Бэркхардт. — Аммо жамғарма банклари ўзларидан бўлак
ҳеч кимни айблай олмайдилар. Уруш бошланиши билан улар кўплаб сармоясини гаровга
қўйдилар. Бу уларда қарз беришнинг ягона туридир ва, албатта, жуда ҳам янглишдилар. Улар
омонатчиларнинг шаҳардан чиқиб кетишларига ёрдамлашдилар, ўзлари эса улар изидан
боролмаяптилар.
— Унда бунчалик ташвишнинг нима кераги бор? — сўради Палмер. — Агар ўз қопқонларига
ўзлари тушган бўлсалар, азобини ўзлари тортаверсинлар.
— Улар ўз қопқонларида азобланиш ниятида эмаслар. Улар катта эркинлик берилишини
талаб қилаяптилар ва бунга эришиш учун ҳамма нарсага тайёрлар.
Палмер тушунаман, дегандай бош ирғади:
— Оғир вазият. — У йўл тирбандлигидан тўхтаб қолган машиналарга қаради.
Анча олдинда Учинчи авенюда бир бинони бузишаяпти, унинг олдида юк машиналари
навбат кутиб, туриб қолибди. Кўча бўйлаб торгина йўлак қолган бўлиб, Бэркхардтнинг
машинаси ўтиб кетиши учун ўз навбатини кутарди. Бурчакдаги тахта тўсиқларда ёрқин
лавҳалар кўзга ташланарди. Уларда юзларида табассум балқиб турган кишилар ғазна
дарчасига шошилишяпти. Лавҳаларга «Энди кўп кутмаймиз» деган шиор ёзилган. Тез орада бу
ерда «Меррей Хилл» банкининг яна бир бўлими қулайлик туғдиради. У Нью-Йоркнинг
тежамкор аҳолисига тўрт ярим фоиздан тўлашга тайёр.
Палмер истеҳзоли кулиб, қарияга ўгирилди:
— Мана шу бурчак ёнидан ўтаётганимизда қон босимингизни назорат қилиб туринг, — деди.
— Бу ерда «Меррей Хилл»нинг яна бир бўлими очилаяпти.
— Биламан, — минғирлади Бэркхардт, — ҳар куни эрталаб шу ердан ўтаман.
— Мен уларнинг банкида филиалларга нисбатан муайян чекловлар бор, деб ўйлардим.
— Шу йилнинг баҳорида улар бошқа бир жамғарма банки билан бирлашдилар. Унинг эса
учта филиали бор. Бу шулардан биттаси.
Палмер енгил ҳуштак чалиб юборди:
— Бу жараённи нима билан тўхтатиш мумкин?
— Ҳеч нарса билан, — тўнғиллади Бэркхардт. — Улар истаганча бирлашаверишлари мумкин.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |