www.ziyouz.com kutubxonasi
36
Бу ёқда Мусаннонинг соғлиғи ёмонлашиб борарди. Кўприк жангида олган жароҳатлари
битмай туриб, бир неча муҳорабада қатнашишга тўғри келган эди. Энди эса, муҳим жангга
тайёргарлик кўриш керак. У кундан-кунга кучдан қолар, кучдан қолган сари бошлаган ишини
охирига етказишни ўйлар эди. Чунки аъзойи баданидаги яралар битмай, унга азоб берарди. Бир
куни иниси Муқаннани ҳузурига чорлади:
—
Саъд ибн Абу Ваққосни кўролмасам керак. Ундан олдин ўлим етиб келади, менимча.
Энди, маслаҳатимга қулоқ тут. Жангни Форс заминида эмас, чегарада олиб боринглар, зафар
қозонсанглар марра сизники. Аллоҳ сақласин, мағлубиятга учрасанглар ортингизда кенглик ва
сизга мадад бўлгувчи инсонлар бор. Саъд етиб келгунга қадар, ўрнимга Башир ибн Саъдни
тайинлайман.
Саъд ибн Ваққос Зарвад дарёси соҳилига етгани хабари келганда, Мусанно ҳаётининг
сўнгги лаҳзаларини яшаётган эди. Забардаст қўмондон сўнгги нафасини шаҳодат калималарини
такрорлаб чиқарди. Навқирон дамларини муҳим жангларда ўтказган бу фидоий инсон жон
куйдириб қилган хизматлари ҳақини олиш учун Парвардигор ҳузурига отланди. Саъд ибн Абу
Ваққос қанчалик ҳаракат қилмасин, Мусанно дафн этилганидан кейин етиб келди. У кишига
васият етказилди ва Башир қўмондонликни топширди. Ҳазрати Умар томонидан юборилган
мактубда ҳам шундай кўрсатма берилган эди. (Ибн Касир, «Ал-комил»).
* * *
Мадина...
Ҳазрати Умар ҳузурига кирган бақувват кишига деди:
—
Йўқол кўзимдан, сени бошқа кўрмай. Сен мен учун азиз бўлган икки инсоннинг ҳаётига
зомин бўлдинг!
Бу одам бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида мусулмон бўлган,
кейинчалик шайтон йўлдан уриб, пайғамбарлик даъвосини қилган Тулайҳа ибн Ҳувайлид эди.
Ҳазрати Абу Бакр даврида Холид ибн Валид унинг лашкарини тортиб келтирган, Тулайҳанинг
ўзи эса, хотини Навор билан қочиб кетган эди. Ўшандан кейин у даъвосидан кечиб, кўринмай
кетди. Пешқадам Саҳобалардан Уккоша ибн Михсон ва Собитнинг ўлимига сабаб бўлган эди.
Турган гапки, қилмиши мақтов сўзлари кутмасди. Заиф товуш билан:
—
Эй мўминлар амири, улар менинг воситам билан шаҳид бўлдилар ва Аллоҳ ҳузурида
иззат-икромга сазовор бўлажак. Аллоҳ истаса, мени уларнинг қўллари билан жаҳаннамга
элтиши мумкин эди, — деди.
Бу гап Ҳазрати Умарнинг шиддатини сўндирди:
—
Қани, ўтир-чи!
Тулайҳа енгил тин олди. Энди Ҳазрати Умар билан бемалол гаплашса бўлади. Бир оз
суҳбатлашгандан сўнг, қилмишларига каффорат бўлиши учун жиҳод қилишга изн сўради.
—
Қаерга жўнатсангиз ҳам, кетавераман.
Ҳазрати Умар рози бўлиб, уни шу кунларда Мадинага етиб келган Амр ибн Маъдийга
қўшиб, Саъд ибн Абу Ваққос ихтиёрига жўнатди. Кетар чоғда уларнинг қўлларига бир мактуб
тутқазди. Унда Саъд ихтиёрига икки минг кишилик қувват юбораётганини, уларнинг жанг
борасидаги маслаҳатларига кулоқ солишни, лекин амирлик бермасликни тайинлади. Бинобарин,
уларнинг ҳар иккиси ҳам жанг сирларидан яхши хабардор эди. Амирлик берилмаслигининг
сабаби, уларнинг бунга нолойиқликлари туфайли эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам ҳузурларида Исломни қабул қилиб, кейин диндан қайтганлари эди. Икки минг кишилик
қўшинга тенг, деб эътироф этилган бу икки паҳлавон Қодисия қайдасан, дея йўлга чиқди.
* * *
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |