www.ziyouz.com kutubxonasi
17
йигирма-ўттиз бетини зўрға ўкиган Ҳикматилло, учинчи куни қолган қисмини бир ўтиришдаёқ
ўқиб чиққанди. Ўша куни Ҳикматилло қурилишда навбатчи эди. У кечаси прорабнинг хонасига
кириб, эшикни ёпиб олди-да, китобни очди, очди-ю... У ёғи нима бўлгани ёдида йўқ, фақат тонг
палла китобни ёпиб ўрнидан тургани эсида... Китоб қаҳрамонларининг фожиали муҳаббати,
Кетриннинг тўлғоқ азобида ўлиши, севгилисидан айрилган Генрининг мусибати уни титратиб
юборган эди!..
— Бечора Кетри! — деди Нилуфар. — Унинг ўлими... худди Генрининг кўз ёшларига
ўхшаш тинимсиз қуйган ёмғир... эсингиздами? Мен йиғлайвериб эсим кетувди...
— Ҳа, ҳа, — деди Ҳикматилло бирдан ёпирилиб келган ҳаяжонни яширишга уриниб. У
кўзлари аллақандай порлаб, овози титраб гапираётган бу мулойим жувон билан ўзи ўртасида
қандайдир нозик бир яқинлик пайдо бўлганини ҳис этди, назарида, Нилуфар шу топда фақат ўз
кўнгли эмас, унинг, Ҳикматиллонинг кўнглидаги тўфонни ҳам ҳис этаётганга ўхшарди!
— Биласизми, Ҳикмат ака? — деди Нилуфар ва қўлини Ҳикматиллонинг қўлига қўйди. —
Кетрин ўлади-ю, бироқ... бироқ мен уни жуда бахтли, жуда бахтли аёл деб ўйлайман...
— Нега?
— Чунки... Генридай... ажойиб йигитнинг муҳаббати... шундай пок туйғулар, шундай
самимий... — Нилуфар «қулт» этиб ютиндию, кўз ёши аралаш жилмайди. — Кечирасиз, мен
жуда... ғалати...
— Йўқ, йўқ! — деди Ҳикматилло. — Мен... тушуниб турибман. Ҳаммасига тушуниб
турибман. Мен ўшанда... кўлда... билмаган эканман...
Боядан бери бир меъёрда қуйилаётган сувнинг сокин шинғиллаши тиниб, ваннадан
Бегимқулнинг:
— Ҳой, бу қанақа шивир-шивир? Рашким ёмон маним! — деб қичқиргани ва хахолаб
кулгани эшитилди.
Нилуфар, худди, бехосдан хунук бир гап айтиб юборган одамдай қизариб кетди-да, бошини
бир томонга эгганича, тез юриб, меҳмонхонадан чиқди.
Йўқ, бу Ҳикматилло билган бултурги Нилуфар эмас, тамом бошқа одам эди!.. Ё бу бир йил
ичида унга бир нима бўлгану, жуда ўзгариб кетган ё, аксинча, Ҳикма-тилло бошдаёқ янглишган,
бошдаёқ у ҳақда нотўғри хулоса чиқарган!
Ҳа, гап Нилуфарда эмас, унинг ўзида! Нилуфар бултур ҳам бирда ёш қизларга хос
шўхликлар қилиб, рашкини келтирса, бирда у билан, Ҳикматилло билан самимий гаплашгиси
келиб, музика ҳақида, қандайдир нотаниш китоблар ҳақида гап очар, лекин у қизнинг суҳбатига
жўр бўлолмас, у оламдан бехабар оддий бир тўпори эди. Дуруст, у-ку оламдан бехабар, тўқим
табиат бир йигит экан, Бегимқул-чи? Бегимқул қайси фазилатлари билан ром қилдийкин бу
нозик табиат санамини?
Ҳикматилло яна боягидай юраги оҳиста безиллаб, диванга ўтиб ўтирди.
Эшикда, вужудидан паға-паға иссиқ ҳовур тараган, юмалоқ юзи ҳозиргина бўялган
қўғирчоқнинг юзидай ялтиллаган, мамнун-хушчақчақ Бегимқул кўринди.
— Қани, хотинжон, овқат гатопми, ўргилиб кетай сиздан? Гатоп бўлса опкелинг. Иштаҳалар
карнай бўп кетди! Холодильникдаги коньякниям олинг, оғайним билан бир отамлашайлик!
Ошхонада бошланган жаз-буз орасидан Нилуфарнинг хиёл ранжиган овози келди.
— Тонг отмасдан туриб коньякми?
— Коньяк бўлмаса шампанхон тўрани олинг, ўргилсин. Сиз ҳам яйрайсиз, биз ҳам! —
Бегимқул Ҳикматиллога кўзини қисиб, сервантдан биллур кадаҳларни олди.
Жизиллаб турган бир това қуймоқ кўтариб Нилуфар кирди, колбаса келтириб қўйди.
Бегимқул коньякка чиқди шекилли, холодильникнинг эшиги гурсиллади. Ошхонадан
Нилуфарнинг яна бир нима деб зорлангани, Бегимқулнинг хушомад қилиб кулгани эшитилди:
— Хотин зоти икки тоифага бўлинади, хоним. Яхши хотинлару, ёмон хотинлар, — деди
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |