www.ziyouz.com kutubxonasi
48
этди-ю, таранг тортилган асаблари мойлангандай юмшаб, ухлаб қолди.
У қанча ухлади, билмайди. Бир маҳал қулоқлари тагида: «Синглим, ҳа, синглим», деган
овозни эшитиб кўзини очди. Хона хира кўкиш шуълага чўмган, нариги каравотдагилар уйқуга
кетган, тепасида таниш ҳамшира хотин турарди.
— Бир солдат йигит кеп турипти. Кўрмасам бўлмайди деб ялиниб қўймаяпти... Нима қилай,
синглим?..
Ҳамшира хотин гапини тугатмаган ҳам эдики, остонада... елкасида калтагина оқ халат,
қўлида қоғоз қутига солинган торт, Ҳикматилло кўринди.
Ҳамшира хотин унга стулни суриб берди-да, лабига бармоғини босиб, оёқ учида юриб чиқиб
кетди.
Ҳикматилло, худди гуноҳкор одамдай кўзлари жавдираб, стулга омонатгина ўтирди.
— Қалайсиз, Нилу?
Нилуфар индамади, унинг бир нима дейишга мажоли йўқ эди.
Ҳикматилло ҳамон кўзлари гуноҳкор жавдираб, қўлини унинг қўлига қўйди, нариги
каравотдагиларга қарай-қарай, қандайдир дудуқланиб, ҳаяжонланиб, шивирлади:
— Мендан ўтди, кечиринг, Нилу. Кеча мен... Сиз кетгандан кейин... ҳаммасига тушундим.
Ҳаммасига... Эшитяпсизми, Нилу?
Нилуфар бирдан қуйилиб келган кўз ёшини аранг тўхтатиб қолди, лаблари билинар-
билинмас қимирлаб:
— Ўзингиз... — деди. — Сизга бир нима дейишмадими?
— Мени нима қилишарди? Ҳаммаси... аҳмоқона гап!
— Нега бўлмаса учиб кетмадингиз?
— Эртага... эрталаб учяпман.
— Билетингиз нима бўлди?
— Куйди. Ярим пули куйди.
— Вой, пул... пулни қаёқдан олдингиз?
— Саҳрода эмасмиз-ку! Ая деган бир кампир бор. Биласиз-ку, биз ижарага турган уйнинг
эгаси...
— Тўхтанг. Менда пул бор. Тумбочкамин очинг. Сумкам бор.
Ҳикматилло: «Раҳмат, кераги йўқ!» демоқчи бўлди-ю, Нилуфарнинг юзидаги ҳаяжонни
кўриб, итоаткорлик билан тумбочкадан таниш қизил чарм сумкани олди. Сумкада чиндан ҳам
йигирма беш ва эллик сўмликлардан иборат бир даста пул бор эди.
— Ана, кеча айтсам ишонмовдингиз. Мен жуда... пулим кўп. Қандил пули!
— Нима? — деди Ҳикматилло тушунмай.
— Йўқ, шунчаки.. қандил пули дейман. Биллур қандил! — Нилуфар маъюс кулимсиради. —
Олинг. Қанча керак бўлса — шунча олинг.
— Раҳмат. Мана эллик сўм олдим. Борган заҳоти қайтараман! — Ҳикматилло остонада
пайдо бўлган ҳамшира хотинни кўриб, ўрнидан турди. — Умуман... мен хат ёзаман...
Ҳаммасини... ҳаммасини айтаман, Нилу! Адресингиз...
— Адресим... адресимни ўзим ҳам билмайман...
— Майли. Мен Главпочтамтга ёзаман хатимни. Ўзингиз бориб оласиз. Ўшанда... ҳаммасини
тушунтириб ёзаман. Эшитяпсизми, Нилу, ҳаммасини?
Нилуфар индамай кўзини юмди. У ўзи билан ўзи олишар эди...
Do'stlaringiz bilan baham: |