www.ziyouz.com kutubxonasi
41
— Аяжон! Нега акамларни сўйлоқ дейсиз, қийшиқ тишлари йўқ-ку! — деб кулишарди.
— Ҳозир бўлмасаям, келганда бор эди! — дерди ая. Ўшанда тишлари сўйлоқ, ўзи
нимжонгина, зангдай қоп-қора, кўримсизгина бир бола эди, мана энди филдек йигит бўлди.
Биттанг этагидан ушланглар, сўйлоққинамни!
Қизлар қотиб-қотиб кулишар, Ҳикматиллонинг ўзи ҳам бу сафар кампирнинг «сўйлоқ»
деганига ранжимай, қизларга қўшилиб илжайиб қўярди.
Хуллас, соат бирга қолмай иш тугаб, бетиним кулган ёқимтой қизлар даврасида ош ейилиб
бўлди.
Самолёт Тошкент вақти билан кечқурун тўрт яримда учар, аэропортга бир соат олдин
чиқилгандаям ҳали сал кам уч соат вақт бор эди.
Нима қилиш керак? Ҳикматилло ўйлаб туриб, Бегимқулга боришга қарор қилди.
Ҳикматилло, гарчи кеча ая масаласида хаёлан Бегимқул билан баҳслашган бўлса ҳам, пул
воқеасидан кейин уни кўришга сира тоқати йўқ эди. Айни замонда савоб қилсанг бутун қил,
деганларидек, аяни тинчитиб кетгиси келар, «наҳот у ноинсоф, ая бечорадан ҳам бир нарса
умид қилса», деган фикр унга тинчлик бермас, лекин энг муҳими — Нилуфар ҳақида бир нарса
билиб кетгиси келар, буни эса Бегимқулдан бошқа ҳеч ким айтиб беролмас эди!
Ҳикматилло жуда тортинчоқ бўлсаям, қўрқоқлардан эмас. Тортинчоқлик бошқа, қўрқоқлик
бошқа. Лекин унинг ёмон бир одати бор — катталарнинг олдига кириб бир нарсани илтимос
қилишни сира хушламас, одатда шундай пайтларда беихтиёр довдираб қоларди. Бунинг устига
райгазнинг кўримсизгина биноси олдида, кеча Бегимқул айтган енгил машиналар, «Москвич»,
«Жигули», ҳатто янги «Волга»лар саф тортган, қимматбаҳо пальто ва шляпа кийган салобатли
одамлар эшик олдида навбат кутиб туришарди. Шу боисданми, Ҳикматилло олисроқда
иккиланиб тўхтади. Навбат кутишдан фойда йўқ, бу салобатли одамлар турганда навбатсиз
кириш эса осон эмас лекин аяга ваъда бериб қўйиб, энди «одам кўп экан, киролмадим», деб
қайтиб бориш ундан ҳам оғир эди!
Ҳикматилло фуражкасини тўғрилади, гимнастёркасининг этакларини тортиб, қаддини
ростладида юраги гурс-гурс урганича, шитоб билан юриб борди. Одамлар, ҳатто шляпа кийган
салобатли кишилар ҳам бостириб келаётган сержант олдида беихтиёр чекинишиб, йўл беришди,
лекин эшикка борганида, йўлакда турган йўғон эркакшода хотин йўлини тўсди:
— Буқага ўхшаб, ҳаммани сузиб, ўтиб кетаман деяпсанми? Навбатинг қани?
— Мен... бошлиққа айтадиган бир оғизгина гапим бор!
— Ҳаммаям бир оғиз гап учун турипти бу ерда! Навбатсиз кирадиган... бошингда тожинг
борми?
Ҳикматилло бир зум гап тополмай дудукданиб қолди-ю, кейин кўкрак чўнтагидан шартта
ҳужжатларини чиқарди.
— Ўртоқлар... Мен икки соатдан кейин Сибирга... Узоқ Шарққа учишим керак. Мана,
самолёт билетим! Бир минутлик ишим бор, илтимос қиламан, ўртоқлар!
Орқадан: «Рухсат беринг!», «Солдат экан, майли кирсин!» — деган хитоблар эшитилди.
Эркакшода хотин бир нима деб тўнғиллади-да, йўл берди.
Узун, тор йўлак ғира-шира, эшик тепасидаги ёзувлар яхши кўринмас, лекин йўлакда ҳам
одам кўп эди. Тепасига «старший мастер Б. Қулажонов» деб ёзилган эшикнинг олдида, айниқса
одам гавжум эди. Ҳикматилло яна ҳужжатлари билан самолёт билетини дастак қилиб, зўрға
ичкарига кирди.
Бегимқул битта стол, битта шкаф базўр сиққан торгина хонанинг тўрида, тирсакларини бир
даста қоғозга тираб, бошини чангаллаб ўтирар, унинг қаршисида новча бир одам, қўлтиқтаёққа
суяниб, ғоз турарди.
Ҳикматилло Бегимқулни бир таниб, бир танимай қолди. Унинг эгнидаги қимматбаҳо кул
ранг костюми, фақат костюми эмас, оёғидаги туфлиси, кўйлаги ва галстугигача қандайдир
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |