www.ziyouz.com kutubxonasi
25
Эртасига эса биринчи қилган иши уни Чилонзордаги энг катта хўжалик магазинига бошлаб
борди. Магазинда Нилуфарга ёқадиган нозик қандил йўқ, ҳаммаси қимматбаҳо биллур
қандиллар йиғилиб қолган экан. Бегимқул қимматларининг ичидан энг қимматини, уч юз эллик
сўмлик катта, бесўнақай, лекин ёнганда майин кўкимтир жило сочиб турадиган мана шу биллур
қандилни сотиб олди.
Ёдида бор, ўшанда Бегимқул чўнтагидан тахи бузилмаган шалдироқ эллик сўмликларни
чиқариб, кассага тўлаётганида Нилуфар аллақандай чўчиб:
— Вой, пул фабрикасида ишлайсизми? — деб сўради. Унинг гапига Бегимқул:
— Мевасини енгу, боғини суриштирманг, жонидан! — деб кулиб қўя қолди. Бироқ кейин,
оғир қандилни бирга кўтариб чиқаётганларида:
— Бобой омон бўлсинлар! — деб қўйди, гўё Нилуфарнинг дилида шубҳа қолдиргиси
келмаганадй. — Бобой омон бўлсалар сиз билан биз дард кўрмаймиз, жонгинам!
Бегимқулнинг дадаси Асакадаги катта бир миллионер колхозда бош бухгалтер бўлиб
ишларди. Кўринишидан у Бегимқулнинг тамом тескариси, нимжонгина, ювошгина, камгап
одам. Лекин бу юввош одамнинг қўли етмайдиган жой йўқ. Тошкентда ҳам ошна-оғайнилари
кўп. У ҳаммани ҳайратда қоддирадиган катта тўй қилди, тўй кечаси Нилуфарларнинг эшигида
битта-иккита эмас, йигирмадан ортиқ янги «Волга»лар саф тортиб турди...
Ё тавба. Яна ҳамма айбни уларга тўнкаяпти! Бошда, тўйдан олдин енгилтаклик қилиб,
Бегимқулнинг тан-тили-ю, тўй сарполарига учиб, энди айбни унга тўнкаш инсофданми? Бу
хонадонга келиб тушиб нима камчилик кўрдинг, нималарга муҳтож бўлдингки, энди, тўйдан
кейин ноғора қоқасан? Ич-ичингдан зил кетиб, пушаймон чекасан? Ўз айбингни бировларга
тўнкамоқчи бўласан?
Ҳа, тўйда ҳам, тўйдан кейин ҳам Нилуфар ҳеч нарсага муҳтож бўлмади, худди
эртаклардагидай ҳозир ҳам кўнгли нимани тусаса ҳаммаси бир зумда муҳайё бўлади. Ҳатто
бошқалар ойлаб навбат кутадиган, ёзилолмай доғда қоладиган ноёб китоблар, Нилуфар кўпдан
бери орзу қилиб юрган жаҳон классикларининг кўп жилдли асарлари ҳам унинг битта гапи
билан бир кунда пайдо бўлади, одамлар йиллаб йиғадиган нодир буюмлар унинг истаги билан
бир лаҳзадаёқ йўқдан бор қилинади. Буни кўрган қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлари, бирга
ўқиган дугоналари унга ҳавас, ҳатто ҳасад қилишади. Нилуфар эса... Нилуфар эса истаган
нарсага қўли етадиган, ҳар ишга қодир бу хонадонга келин бўлиб хато қилганини тўйдан
кейин... бир ой ўтмасданоқ тушунди.
Тўй кечаси тантанали ҳолатда калити қўлга теккан бу уйда чиндан ҳам ҳамма нарса муҳаё,
ҳатто анқонинг тухуми деса топилади, фақат бир нарса — самимий гаплашадиган бир дўст,
киши бир нимадан тўлиб кетганда ўтириб дардлашадиган бир инсон топилмайди. Ажабо, дард,
оддий инсоний дард ўзи йўқ бу уйда!
Тўй бўлганига сал кам бир йил бўпти-ю, ҳар куни бир хил гап, бир хил қилиқ, бир хил
ҳазил-мутойиба.
— Қалай, паловхон тўра гатопми, жонгинам? Гатоп бўлса шампанхонди олинг, кўпиртириб
битта олайлик! Ё беш юлдузлигидан қиттай-қиттай қилиб гижинглашамизми, акаси жонидан?
Хўп дея қолинг, ўргилай! Ҳозир «Роҳат»ни қўйиб юбораман, бир ҳўплам олиб, ҳалиги... акангиз
яхши кўрадиган новвот ранг ич кўйлакти кийиб, битта қилпиллаб берсалар тоабад қуллари
бўламиз, лаббай? Ҳа, ёқмай ўлсин! Сарёғдек ёқиб турипти-ю, яна қовоқ-тумшуқ қиладилар! Ха-
ха-ха..
Қизиқ, илгари, тўйдан олдин ҳам Бегимқулнинг гап-сўзлари шампанхон тўра билан кураш
услубларидан нарига ўтмас эди, лекин у пайтларда Бегимқулнинг бу ҳазил-мутойибалари билан
дағалроқ қилиқлари дилидаги нозик туйғуларни ошкора қилишни истамайдиган замонавий
йигитларнинг сохта қўрслиги бўлиб кўринарди, Нилуфарга... Ҳайҳот! Нилуфар кутган нозик
туйғулардан асар ҳам йўқ экан унда!.. Нозик туйғу тугул самбо, чемпионлик унвонини сақлаб
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |