www.ziyouz.com kutubxonasi
22
миннатдор бўлиб юрарди. Бир умр!
Ошхона томондан асабий шивир-шивирлар, сўнг Нилуфарнинг «Қўйинг! Билганингизни
қилинг!» деган хитоби эшитилди, эшик очилиб Бегимқул кўринди, кўринди-ю, қўлларини ёзиб,
аллақандай аянчли носамимий жилмайди.
— Айтдим-ку, хотин зотида пул турармиди деб! Тавба! Мениям жуда ноқулай аҳволга
солдинг-да, дўстим... Менга қара! — деди у, тўсатдан эсига бир нарса тушган одамдай кўзлари
чақнаб. — Буюмларинг қани? Чамадон-памадонинг борми ўзи?
— Бор.
— Бор бўлса... балки чамадонингдадир? Ҳикматилло бўшашиб бошини чайқади.
Йўқ, пулни чамадонга солмаганини у аниқ билади.
Чамадонда кийим-кечак, олма-анор бор, холос. Пулни чўнтагига, солдат дафтарчасига
солгани эсида турибди.
— Сен бошингни чайқама, дўстим! Менам шундай одатим бор! Пулимни бир жойга қўйдим,
деб ўйлайману, доим бошқа жойдан топаман. Чамадонинг қаерда ўзи? Олдин бир қараб кўр...
Хонага Нилуфар кирди. Сайилга тайёр шекилли, эгнида атлас кўйлак, бир қўлида қирмизи
жемпер, бир қўлида қизил чарм сумка... Оқариб кетган юзида, теграси бўялган катта кўзларида
ҳаяжон аралаш изтироб.
— Вой, нима бўлди, Ҳикмат ака?
Нилуфар кириб келиши билан Ҳикматиллонинг ички аъзоларини сиқиб турган қандайдир
бир пружина ёзилиб кетди-ю, қаддини ростлади.
— Хўп, майли, бир гап бўлар... Хайр...
— Шошма! Чамадонинг қаёқда ўзи? Обориб қўяман...
— Кераги йўқ. Раҳмат...
— Аттанг! Жа ғалати иш бўлди-да! Доим тахланиб ётадиган пул, шу сафар... бунақа
бўлганини қара?... Жа-а.. ноқулай бўлди-да... Тўхта дейман, обориб қўяман...
— Овора бўлма...
— Тўхтанг! Ахир сиз... ахир биз! — Нилуфар, лаблари пирпираб, бир эрига, бир
Ҳикматиллога қаради. Унинг кўзларида яна ёш томчилари милтирагандай туюлди-ю,
Ҳикматилло тишини тишига босиб, эшикни юлқиб очди.
— Раҳмат сизга. Хайр.
Ҳикматилло, гўё Бегимқул қувиб келаётгандай, зиналардан ҳатлаб-ҳатлаб пастга тушди.
Офтоб чарақлаб турар, тўрт қаватли бинолар билан ўралган каттагина ҳовли бола-чақага
тўла, кулги, қийқириқ осмони-фалакка чиққан эди.
Ҳикматилло эшикда бир зум тўхтаб, кўкрагини тўлдириб нафас олди, кейин кўчага чиқиб,
ғиз-ғиз учиб ўтаётган машиналарга қўл кўтарди: чўнтагидаги етти сўмни тежашнинг барибир
фойдаси йўқ эди!..
Ҳикматилло қарсиллатиб ёпган эшик гўё Нилуфарнинг пешонасига келиб теккандай бўлди-
ю, кўз олди қоронғилашиб, деворни ушлаб қолди. Сўнг, бир-бир босиб, меҳмонхонага кирди-да,
шилқ этиб диванга ўтириб қолди.
— Хўш, нима қилдик, кетдикми?
Нилуфар индамади. У томоғига келиб тиқилган аччиқ фарёд кўксидан отилиб чиқишидан
қўрқиб, тишини тишига босди.
— Нима бало, оғизларига талқон солиб олдиларми? — Бегимқулнинг овози таҳдидли
янгради. У вазмин одимлаб, диванга яқинлашди. Нилуфар бошини кўтармаса ҳам, унинг
дарғазаб важоҳатини тасаввур этди.
— Нима бўп қолди бирдан?
— Ўзим... бошим оғрияпти...
— Ҳмм... — деди Бегимқул. — Милтиқнинг ўқидек одам... нечук туйқусдан бошлари оғриб
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |