www.ziyouz.com kutubxonasi
19
Яқинда «Жигули» олганман. Бир катайса қилдираман, дўстим. Бугун бўшмисан ахир? Қачон
кетмоқчисан?..
— Эртага. Лекин ҳали билет олишим керак... Раҳмат.
— Шу ҳам масалами? Йўл-йўлакай кассага кириб ўтамиз. Қани, хоним, дастурхонни
йиғиштириб, ясан-тусанни бошланг. Ўн минут муҳлат сизга — Бегимқул айиқдай тебраниб,
меҳмонхонадан чиқди. Ҳикматилло ўнғайсизланиб ўрнидан турган эди, Нилуфар:
— Рост, бирга бўлинг! — деди, аллақандай ёлворган товушда. — Далада яхши жойлар бор.
Қўл бола ош қип бераман ўзим!
Нилуфар, гўё ўз гапидан ўзи уялиб кетгандай тўсатдан кўзлари ёшланиб кулди-да, тез юриб
меҳмонхонадан чиқди.
Ҳикматилло ўрнидан турди, ҳамон зил-зил оғриётган юрагига қўлини қўйиб, деразанинг
олдига борди. У жуда кўркам, хушманзара, лекин қандайдир ҳавоси бўғиқ жойга келиб қолган
одамга ўхшарди. Жой хушманзара бўлса ҳам, бундай пайтда бўғилиб кетаётгандай туюлиб,
тезроқ соф ҳавога чиққиси келади киши. Ҳикматилло ҳам ҳозир шу аҳволда эди. Айниқса
Бегимқулнинг ая тўғрисидаги гаплардан кейин, ярим ҳазил, ярим чин сандиқ тўла пулларига
шама қилганидан кейин жойида ўтиролмай қолди. Аттанг! Бир тишлаб узиб оладиган пайтни
бой бериб қўйди! Тавба! Ҳикматилло аяни билмас эмиш! Илоннинг ёғини ялаган, шайтонни
авраган кампир эмиш! Сандиқ тўла юз сўлкавойликлар эмиш!.. Ҳа, бир боплайдиган пайти
келувди! Бор гапни юзига айтиб, шартта туриб кетиш керак эди! Сут билан кирган жон билан
чиқади, — деганлари рост экан! Лаънати тортинчоқлик! Ғазаб ва нафратдан тарс ёрилиб кетай
деди-ю, бир оғиз гап топиб айтолмади! Доим шу! Пайти келганда бир нима деёлмайди-ю, кейин
мана шунақа ич-ичидан зил кетиб, фиғони чиқиб юради. Лекин... айтганда гап кор қилармиди
юлдузни бенарвон урадиган бу олғирга? Гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга!.. Яхшиси
бирорта аэрофлот кассасига обориб қўйишларини сўрайди-да, хайр-маъзур қилиб қўя қолади.
Бор-йўғи бир кун вақти бор. Бу безбет билан сайилга чиқиб, бачкана қилиқларини кўриб
қовурилиб юргунча... шаҳарни томоша қил, ўйнаб қол!.. Фақат... фақат Нилуфар!.. Ҳар бир
ҳаракати, боқишлари, ҳар бир сўзи юракни тимдаловчи маъюсликка тўла бу маъсума жувонни
ташлаб кетиш, айниқса негадир кўзи ёшланиб айтган сўнгги таклифини ерда қолдириш!.. Лекин
ерда қолдирмай бирга сайилга чиққанда нима бўлади? Бегимқулнинг бачкана ҳазилларини
эшитиш, хотинига қилган бемаъни қилиқларини ва бу қилиқлардан изтироб чеккан Нилуфарни
кўриб зил кетишдан бошқа нима бўлади?.. Йўқ, яхшиси, билетни чўнтакка солиб хотиржам
бўлиб олгин-да, ўз йўлингга равона бўл! Кейинги пушаймон, ўзингга душман. Энди бу
гаплардан фойда йўқ!..
Билет эсига тушгани учунми, Ҳикматилло беихтиёр ҳужжатлари солинган кўкрак чўнтагини
ушлаб кўрди, сўнг, тугмасини ечиб солдат дафтарчасини олди, олди-ю, юраги орқага тортиб
кетди: ҳамёнга солинган билет пули йўқ эди!..
Ҳаммаси беш сўмликлардан иборат тўқсон сўм пули бор эди!.. Солдат дафтарчаси, отпуска
қоғози жойида, дафтарчага солинган пул йўқ!
Ҳикматилло жон ҳолатда кўкракларини пайпаслаб, шимининг чўнтакларини ковлаштирди.
Гимнастёркасининг иккинчи чўнтагидан ҳар хил адреслар ёзилган митти блокнот, шимининг
бир чўнтагидан рўмолча, иккинчисидан амакиси берган ўн сўмнинг — унинг уч сўмини эрталаб
таксига тўлаган эди, қолган етти сўми чиқди, фақат алоҳида сақланган билет пули йўқ!
Лоп этиб, кечаси вагонда бўлган воқеалар эсига тушди.
Ҳикматилло чиққан вагоннинг деярли ярмини лўлилар эгаллаган эди. Кейин билса, улар
Саратов томонлардан яроқсиз отларни опкелиб, пуллаб қайтаётган асби жаллоблар экан.
Лўлилар ҳаммаси бўлиб йигирма чоғлик, уч-тўртта аёл — улар орасида боя вокзалда
хайрлашган хушчақчақ лўли йигитининг кетворган синглиси ҳам бор эди — ва беш-ўнта эркак
бўлса ҳам, бутун вагонни шовқин-суронга тўлдирган, ҳаммаси кайфли, ҳаммаси рақсга тушган,
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |