Ерости каналлари, қудуқлар, анҳорлар ва сувдан
фойдаланиш ҳақидаги фасл
Абу Юсуф айтади: Эй мўминлар амири сен анҳорнинг икки қирғоғи омма фойдаланадиган йўлда тепалик ҳосил қилиши, бунинг натижасида турар жойларга зарар етиши, бу анҳор волий, амир ёки бошқаси томонидан қазилган бўлишидан қатъий назар кўпчиликка ноқулайлик туғдирса, яъни уйларига кириш учун тепаликдан тушиш қийинлик қилса нима қилиш кераклиги, шундай ҳолатда имомга шикоят қилинса, у анҳорни кўмиб йўқ қилиб ташлашга буйруқ бериши мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида сўраган эдинг.
Агар бу анҳор эскитдан бор бўлса, унга тегилмайди. Агар волий ёки бошқаси томонидан янги қазилган анҳор бўлса, унинг фойдали ва зарарли томонларини эътиборга олинади, агар фойдаси кўпроқ бўлса тегилмайди, агар зарари кўпроқ бўлса, уни кўмиб, ер билан баробар қилиб ташлашга буйруқ берасан. Фойдаси кўпроқ бўлган анҳорни имом бузиб, кўмиб ташламаслиги керак. Анҳорни фойдасидан зарари кўпроқ бўлса имом уни кўмиб, ер билан баробар қилиб ташлаши керак. Ичимлик суви манбаи бўлган анҳор бундан мустасно, агар бу анҳор баъзиларга зарар келтириб, бошқалар учун фойдали бўлса имом унга тегмайди. Агар бирор бир қавм имомнинг рухсатисиз бу анҳорни тўсиб қўйсалар ёки кўмиб ташласалар, имом анҳорни олдинги ҳолига қайтаришни буюриб, ўша одамларни жазолаши керак. Чунки анҳор сувидан ичиш учун ва ерларни суғориш учун фойдаланишнинг фарқи бор. Бизнингча ичимлик суви манбаи бўлган анҳорни қурол билан ҳимоя қилиш мумкин. Бундай анҳордан бошқа бир кишининг экинлари, хурмозорлари, дарахтзолари ва узумзорларини суғориши ундан ичимлик суви манбаи сифатида фойдаланадиган кишиларга зарар келтирса, уларнинг бунга монелик қилишга ҳаққи бор.
Эй мўминлар амири, шунингдек сен Дажла ва Фрот дарёларидан бошланадиган ва бир гуруҳ кишиларга тегишли бўладиган анҳорлар, ўша кишилар бундай анҳор қазишни хоҳласалар, уни қазишга кетадиган харажатлар қандай тақсимланиши ҳақида сўраган эдинг. Уларнинг ҳаммаси жам бўлиб анҳорни бошидан охиригача қазийдилар, ариқнинг қазилиши бир кишининг ер майдонидан ўтгач, ўша киши кейинги қазиш ишларида иштирок этмайди, қолганлар худди шу тартибда қазишни охирига етказадилар.
Баъзи фақиҳлар эса шундай дейдилар: анҳор бошидан охиригача қазилади, қазиш ишлари тугагач, уни қазишга кетган жами харажатлар ҳисобланади ва анҳорнинг сувидан фойдаланадиган ҳамма кишиларга уларнинг ерига қараб бўлинади. Эй мўминлар амири, сен ўзингга маъқул келганини танла, умид қиламанки Аллоҳнинг иродаси билан бу иш сенга қийинлик қилмайди.
Анҳордан фойдаланувчилар унинг ўпирилиб кетишидан хавфсираб уни мустаҳкамлашни хоҳласалар, лекин баъзилари бу ишда иштирок этишдан бош тортсалар, агар анҳорнинг ўпирилиши ҳаммага умумий зарар келтирса, уни мустаҳкамлашда иштирок этишга уларнинг ҳаммасини мажбурлайсан. Агар анҳорнинг ўпирилиши умумий зарар келтирмаса ҳамма уни мустаҳкамлашда иштирок этиши мажбурий эмас, фақатгина ери зарар кўрганларнинг ҳар бирини бу иш билан шуғулланишга буюрасан. Анҳордан фойдаланувчилар бирор кишининг анҳорнинг сувидан ичиш учун фойдаланишига монелик қилишга ҳақлари йўқ, лекин бирор кишига анҳорнинг сувидан ерини суғоришига рухсат бермаслик ҳуқуқига эгалар.
Булоқ суви, қудуқ ёки ариққа эгалик қиладиган киши, бирор йўловчини уларнинг сувидан ичиши ҳамда миниладиган ҳайвонлари ва қўйларини суғоришига монелик қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, уларнинг сувини ичиш учун сотиши ҳам мумкин эмас. Ичимлик суви бизнинг наздимизда одамлар, уй ҳайвонлари, чорва моллари ва миниладиган ҳайвонлар ичадиган сувдир. Юқорида айтилган сув манбаларининг эгаси уларнинг сувидан ер, экинлар, хурмозор ва бошқа дарахтзорларни суғоришга рухсат бермаслик ҳуқуқига эга. Мазкур сув манбалари эгасининг рухсатисиз ҳеч ким ерларини суғора олмайди, агар эгаси рухсат берса суғориши мумкин. Шунингдек, сув манбалари эгаси уларнинг сувидан ерларни суғориш учун фойдаланиш ҳуқуқини сотиши мумкин эмас, бу каби савдо сотувчига ҳам, олувчига ҳам ҳалол бўлмайди, сабаби у номаълум, хатарли ва ҳисоблаб бўлмайдиган ишдир. Бу ёмғир сувларидан ҳосил бўлган сув ҳавзасига ҳам тааллуқли бўлиб, унинг сувини сотиш яхши эмас. Мазкур ҳавзадан фойдаланишда маълум ўлчов ёки маълум кунлар белгилаб қўйилган тақдирда ҳам бу масалага оид ҳадисга асосан мумкин эмас.
Идишда турган сувни сотиш мумкин, чунки бу сув сақлаш учун олиб қўйилган бўлиб, уни сотишнинг ёмон жиҳати йўқ. Агар бир киши ўзи ҳовуз кавлаб, уни идишда сув ташиб тўлдирса, бу сувни ҳам сотиши мумкин, чунки сувни идишда ташиб сақлаган ва уни сотишнинг ёмон жиҳати йўқ. Агар ҳовуз ёмғир сувлари билан тўлган бўлса у сувни сотиш мумкин эмас. Булоқ ёки қудуқ сувини ҳам уларда сувнинг кўп ёки кам эканидан қатъий назар сотиш мумкин эмас. Ким булоқ ёки қудуқдан бирор идишда сув олса, бу сув уникидир. Агар бу сувни сотиш мумкин бўлганида, қудуқдан сув олганга кишига эмас, қудуқнинг ҳақиқий эгасига мумкин бўлган бўларди. Билмайсанми, киши биродарининг сув идишидан унинг рухсатисиз сув олиши мумкин эмас, фақатгина қаттиқ чанқоқлик каби ҳаётга хавф соладиган зарур ҳолатлар бундан мустасно.
Булоқ, ариқ, қудуқ анҳор эгаси уларнинг сувидан йўловчилар фойдаланишига қаршилик қилиши ҳадис ва ривоятларга мувофиқ мумкин эмас. Лекин у мазкур сув манбаларидан бирор кишининг экинзор, хурмозор, дарахтзор ва узумзорларининг суғоришига рухсат бермаслик ҳуқуқига эга, чунки бу ҳақда ҳадисда келмаган ва бу ҳолат унинг эгасига зарар келтиради. Лекин чорва моллари, туялар ва миниладиган ҳайвонларнинг суғорилишига қаршилик қила олмайди.
Билмайсанмики, агар бир киши бошқа бир кишининг анҳорини ўз ерига буриб олса, уларнинг иккаласи хусуматлашади, бу иш ариқ эгасининг фойдасига ҳал бўлади, анҳор эгасига жабр қилган киши анҳор, ариқ, булоқ, қудуқ ёки ҳовуз суви бўладими, уни ўз ерига буриб олиши мумкин эмас. Билмайсанмики, бу иш сув эгасининг экинзорига зарар келтиради, унинг суви бошқа ерга буриб олинса ерига ишлов бериш, экинзор, хурмозор ва дарахтзорларини суғоришига халақит беради. Бошқаларни сувдан ичимлик сифатида фойдаланиши сув эгасига халақит бермайди ва зарар келтирмайди. Мазкур масалага оид ҳадислар бу икки ҳолат бўйича фарқлидир.
196. Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Абу Лайло амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Умарнинг хизматкори унга шундай мактуб ёзди: “Менга экинзор, хурмозор ва дарахтзоримни суғорганимдан кейин ортиб қолган сувни ўттиз минг дирҳамга сотишни таклиф қилишди. Агар сизга маъқул келса, сувни сотиб, пулига сизга ишлашимда менга ёрдам берадиган қул сотиб олардим. Шунга нима дейсиз?”.
Абдуллоҳ ибн Умар унга жавобан: “Мактубингни олдим ва нима демоқчи эканингни тушундим. Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): “Ким ортиқча сувини ўт-ўланлар кўкариб ўсишига тўсқинлик қилиш учун бермаса, Аллоҳ қиёмат кунида уни ўз фазлидан маҳрум қилади”, деганларини эшитганман. Қачонки мактубимни олсанг, хурмозор, экинзор ва дарахтзорларингни суғор, ортиб қолган сувни энг яқин қўшниларингга суғориш ишларида фойдаланишлари учун бер. Саломат бўл!”
197. Жарир ибн Усмон ал-Ҳимсий Зайд ибн Ҳаббон аш-Шаръийдан ривоят қилади: “Бизлардан бўлган бир киши Рум ерига жойлашди, кишилар унинг чодири атрофига экин эка бошлагандилар, уларни ҳайдаб юборди. Муҳожирлардан бўлган бир киши уни бу ишдан қайтариб, тўхтатиб қолмоқчи бўлди, лекин у қулоқ солмади. Шунда у киши: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) билан учта ғазотга бирга чиққанман, шу ғазотларнинг бирида у зот (с.а.в.): “Мусулмонлар учта нарса – сув, ем-ҳашак ва оловда шерикдир”, деганларини эшитганман деди. Халиги киши Пайғамбар (с.а.в.) зикр қилинганларини эшитиб, тинчланди ва муҳожирнинг олдига келиб уни бағрига босиб, ундан узр сўради.
198. Аъло ибн Касир Макҳулдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ҳеч кимга ем-ҳашак, сув ва оловдан фойдаланишга тўсқинлик қилманг, чунки улар оғир аҳволдагиларга энг зарур нарса ва заифларга ёрдамдир”.
199. Муҳаммад ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Абу Бакрдан, у Амрадан, у Оишадан ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) сувни сотишдан қайтарганлар”.
Абу Юсуф айтади: биз буни қуйидагича шарҳлаймиз – Аллоҳ билгувчироқ – бу сув сақлаб қўйилишидан аввалги ҳолат учундир, чунки сув идиш-товоқларда сақланади, қудуқлар ва ҳовузларда эмас.
200. Ҳасан ибн Аммора Адий ибн Собитдан, у Абу Ҳозимдан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сизлардан ҳеч бирингиз ўт-ўланларни суғоришга етмаслигидан хавфсираб, кишиларнинг сувдан фойдаланишига қаршилик қилмасин”, дедилар.
Бирор йўловчи чанқоқлик ҳаётига хавф солишидан қўрқётган бўлса-ю, анҳор, булоқ, қудуқ ёки ариқ эгаси унинг сув ичишига ёки миниладиган ҳайвони, туяси ё қўйини суғоришига қаршилик қилса, бу борада бизнинг қонуншунос дўстларимиз инсон ҳаётига чанқоқлик хавф солаётган вақтда у сув учун қурол билан курашиши мумкин, лекин бу ҳолатда сув эгасининг эҳтиёжидан ортиқча бўлиши керак деб ҳисоблайдилар. Мазкур ҳолатни егулик учун қўллашни маъқулламайдилар, фақатгина очлик инсон ҳаётига хавф туғдираётган бўлса, егуликни қурол ишлатмасдан тортиб олиши мумкин дейдилар.
Сув алоҳида ўринда тургани сабабли, қонуншунослар агар чанқоқлик инсон ҳаётига хавф туғдирса уни қурол ишлатиб олиш мумкин, ҳаттоки идишларда олиб қўйилган сув бўлса ҳам, фақат бу сув эгасининг эҳтиёжидан ортиқ бўлиши керак деб ҳисоблайдилар. Бу ҳолатни Умарнинг (р.а.) сўзи билан асослайдилар. Бир гуруҳ кишилар сафардалик чоғларида сув бор жойга келиб, ўша ернинг аҳолисидан сув ичишлари учун қудуқ қаердалигини сўрадилар, лекин улар қудуқнинг қаердалигини айтмадилар. Шунда йўловчилар: “Ўзимиз ва от-уловларимиз қаттиқ чанқоқликдан ўлар ҳолатга етдик, бизга қудуқ қаердалигини айтинглар ва қудуқдан сув олиб ичишимиз учун челак беринглар”, дедилар. Лекин улар барибир қудуқни қаердалигини айтмадилар. Шунда бу ҳолатни Умар ибн Хаттобга (р.а.) айтган эдилар, у: “Нимага қуролингиздан фойдаланмадингиз?” деди.
Мусулмонларнинг ҳаммаси Дажла ва Фрот дарёлари, шунингдек улар каби катта дарёлар, сувли водийларнинг сувидан фойдаланишда шерик бўлиб, уларнинг сувидан ичадилар, туя ва отларини суғорадилар ва бунга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Ҳар қандай тоифадаги кишилар бу сувдан ўз ерлари, хурмозор ва дарахтзорларини суғориши мумкин, сувдан фойдаланишда улар бир-биридан ажратилмайди. Агар бир киши катта дарёдан ўз ерига ариқ қазиб олишни хоҳласа, унинг бу иши катта дарёга зарар келтирса, ариқ қазишига рухсат берилмайди. Агар ариқ қазиши катта дарёга зарар келтирмаса, ариқ қазишига рухсат берилади. Агар мусулмонлар умумий фойдаланадиган катта дарёни чуқурроқ қазиш эҳтиёжи пайдо бўлса, бу имомнинг мажбурияти ҳисобланади. Шунингдек, дарё тўғонининг бузилиш хавфи туғилса, уни тузатиш ҳам имомнинг вазифасидир. Мусулмонлар умумий фойдаланадиган катта дарёлар маълум бир гуруҳ кишиларга тегишли бўлиб, уларнинг рухсатисиз фойдаланиш мумкин бўлмаган дарёлар каби эмас.
Билмайсанмики, бу каби дарёларнинг эгаларидан бирортаси ўз ерини сотадиган бўлса, улар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи (шуфъа)га эгадирлар. Шунингдек, бирор киши уларнинг дарёларидан ерини, дарахтзор ёки хурмозорини суғоришига қаршилик қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Дажла ва Фрот дарёлари эса бундай эмас, чунки уларнинг сувидан ким хоҳласа фойдаланиши мумкин, уларда кемалар сузиб юради. Дажла ва Фрот дарёларининг сувидан ҳамма бирдек фойдалангани учун, улардан фойдаланувчилар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи (шуфъа)га эга эмаслар.
Фасл
Агар бирор киши Фрот ёки Дажла дарёси қирғоғидаги ерига сув йўли чиқарса, ундан сув ташувчилар сув олсалар, улардан бунинг эвазига ҳақ олиш мумкин эмас, сабаби ер эгаси уларга бирор нарса сотмаяпти ва ерни ижарага бермаяпти. Лекин ўз еридаги мазкур жойни туялар ва миниладиган ҳайвонлар туриши учун ҳар ойда тўланадиган маълум тўлов эвазига бериши мумкин. Бу ҳолатда ер эгаси жойини маълум нарҳга ижарага берган бўлади. Бир киши ўша жойнинг бир қисмини туяси ёки миниладиган ҳайвонини қўйиш учун бир кунга бўлса ҳам ижарага олиши мумкин.
Агар бу сув йўли жойлашган ер уни очган кишига қарашли бўлмаса уни ижарага бериши мумкин эмас. Агар бу жой ҳеч ким эгалик қилиши мумкин бўлмаган ерда бўлса-ю, уни бирор киши ўзлаштириб олса, (эй мўминлар амири) сен бунга йўл қўймаслигинг керак, чунки бу каби жойдаги сувдан мусулмонларнинг ҳаммаси ҳақ тўламасдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Агар у кишида ерга эгалик ҳуқуқи бўлса, сен у ерни ижарага беришига ижозат беришинг мумкин. Лекин унда бу ерга эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаса ёки ер унга имом томонидан берилмаган бўлса, уни кавлаш, ижарага бериш ёки у ерда бирор ўзгариш қилиши мумкин эмас. Агар бу ер уники бўлса ва мусулмонлар сув олиш учун ўша ер орқали ўтмоқчи бўлсалар, имом бу масалани қуйидагича кўриб чиқади:
- мусулмонлар сув олиш учун борадиган шундан бошқа йўл бўлмаса, у киши ўзининг сувга олиб борадиган еридан уларнинг ўтишларига қаршилик қилмайди ва бунинг эвазига ҳақ олмайди, шунингдек сувдан ичиш учун фойдаланишларига ҳам қаршилик қила олмайди.
- мусулмонлар сув олиш учун борадиган бошқа йўл бўлса, у киши ўзининг сувга олиб борадиган еридан уларнинг ўтишларига рухсат бермаслик ҳуқуқига эга.
Дажла ва Фрот каби дарёлардан сув йўли чиқариб уларни ижарага беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, фақатгина ер унга қарашли бўлса ёки имом томонидан у ерда иншоат барпо қилиши учун берилган ер бўлса шундай қилиши мумкин. Чунки Дажла ва Фрот дарёлари барча мусулмонларга қарашли бўлиб, улардан фойдаланишда шерикдирлар.
Агар бир киши ўзига қарашли бўлмаган ерда сув йўли очса ёки бошқа бирор иншоат барпо қилса, буни одамлар фойдаланиши учун қилса, унга рухсат берилади.
Агар бирор жойнинг аҳолиси сув олишлари учун ўзларига сув йўли очсалар, бошқаларни ундан фойдаланишига қаршилик қилмайдилар. Агар миниладиган ҳайвон ва туяларининг у ерда туриши уларга зарар келтирса, от-уловли кишиларга рухсат бермаслик ҳуқуқига эгалар, лекин бошқаларга қаршилик қила олмайдилар.
Эй мўминлар амири, сен ўзининг шахсий анҳорига эга бўлган киши, унинг сувидан экинлари, хурмозор ва дарахтзорларини суғорса, сув унинг ерларидан оқиб чиқиб, бошқа бировнинг ерига тошиб кетса бунга анҳор эгаси жавобгар бўладими деб сўраган эдинг. Анҳор эгаси бунинг учун жавобгар бўлмайди, чунки сув унинг еридан ташқарида тошган. Агар сув тошган ўша ер яроқсиз ҳолга келиб қолса ҳам, анҳор эгаси жавобгар бўлмайди, чунки сув тошган ернинг эгаси уни тўсиқлар билан ҳимоялаб қўйиши керак эди. Лекин мусулмон киши бошқа бир мусулмон ёки зиммийнинг ерига унинг экинларига зарар етказиш учун атайлаб сув тошириши мумкин эмас. Расулуллоҳ (с.а.в.) бировга зарар келтиришдан қайтарганлар ва: “Ким мусулмонга ёки бошқасига зарар келтирса у лаънатлангандир” деганлар. Яна Умар ибн Хаттоб (р.а.) Абу Убайда ибн ал-Жарроҳга, мусулмонлардан ҳеч ким зиммийларга зулм қилмаслигини буюриб, мактуб ёзган.
Агарда анҳор эгаси қўшнисининг экинларига зарар етказиш учун атайлаб унинг ерига ўз еридан сув тошириб юбормоқчи эканлиги маълум бўлса, бунга йўл қўймаслик керак. Агар сув тошган ерда балиқ йиғилиб қолиб, кимдур уни овласа, балиқ ер эгасига эмас, уни овлаганга тегишли бўлади. Билмайсанми, агар бир киши бошқа бир кишининг ерида кийик овласа, кийик уни овлаганга тегишли бўлади, ер эгасига эмас, балиқ ҳам худди шундай. Ер эгаси ўз ерига кириб яна балиқ овлашини таъқиқлаши мумкин холос. Шунда ҳам у қайтиб яна балиқ овласа, балиқ уники бўлади ва у бунинг учун ҳақ тўламайди. Лекин қўл билан олса бўладиган балиқни овлаш таъқиқланган, агар шундай балиқни овласа у ер эгасига тегишли бўлади.
Агар бир кишининг анҳори бўлиб, у бошқа бировнинг еридан оқиб ўтса, у ер эгаси бунга қаршилик қилишга ҳаққи йўқ. Анҳор у ерда аввалдан оқиб ўтадиган бўлса, сен уни ўз ҳолича қолдирасан, сабаби анҳор эгаси унга шундайлигича эгалик қилган. Агар анҳор олдин унга қарашли бўлмаган ва қўшни ердан оқиб ўтмаган бўлса, сен ундан анҳор унга қарашли эканлигини тасдиқловчи далил сўрайсан. Агар ер унга қарашли экани ҳақида далил келтирса, анҳорни унинг қўлида қолдирасан. Анҳорнинг келиб чиқиши ҳақида далил келтиролмаса-ю, лекин бу анҳор олдин ҳам шу йўналишда оққани ҳамда у шу анҳордан ўз ерига сув чиқарганини исботловчи далил келтирса, анҳор ва унинг икки қирғоғидаги ҳарим45и унга тегишли бўлади. Агар анҳор эгаси унга ишлов бериш учун чуқурроқ қилиб кавламоқчи ва тўғирламоқчи бўлса, бунга ер эгасининг қаршилик қилишга ҳаққи йўқ. Анҳор эгаси кавланган тупроқни унинг икки қирғоғига ташлайди, ундан ташқарига ташлаб ер эгасига зарар келтирмаслиги керак. Шунингдек, мазкур анҳор пастроқдаги бошқа ердан оқиб ўтса, ўша ер эгаси анҳорнинг ўзининг еридан ўтишига қаршилик қилса, анҳор эгаси анҳор унга қарашли экани ҳақида далил келтирса, сен унинг анҳори пастдаги ердан оқиб ўтишига рухсат берасан.
Агар бир киши бошқа бир кишининг ерида унинг рухсатисиз қудуқ, ариқ ёки ер ости сув йўли қазиса, ер эгасининг бунга қаршилик қилишга ва қазилган ерни кўмиб ташлашини талаб қилишга ҳаққи бор. Агар бу қазиш иши билан ўша ерга зарар келтирса, ерни қазиган киши ўша зарарни қоплаб беради.
Агар бир кишининг ер ости сув йўли бўлса-ю, бошқа бир киши ҳам унинг тагидан ёки устидан сув йўли қазиса, биринчи сув йўлининг эгаси бунга қаршилик қилишга ва қазилган сув йўлини ёпиб ташлашни талаб қилишга ҳаққи бор. Агар сув йўлининг эгаси бошқа кишининг сув йўли қазишига рухсат берган бўлиб, у сув йўли қазиган бўлса ҳам, агар хоҳласа кейинроқ бунга қаршилик қилиши мумкин. Лекин бу билан иккинчи сув йўли эгаси зарар кўрса бунга жавобгар бўлмайди, фақатгина бир ҳолат бундан мустасно – унга маълум бир муддатгача рухсат берган бўлиб, бу муддат тугамасдан сув йўлидан фойдаланишига қаршилик қилса, қуришга кетган харажатини тўлаб беради, лекин қазишга кетган харажатини тўламайди.
Эй мўминлар амири, сен сув йўқ жойларда экинларни суғориш, ҳайвонлар ва одамлар сувидан ичиши учун қазилган қудуқ, ариқ ва булоқлар атрофидаги ернинг чегараси ҳақида сўраган эдинг. Агар бир киши мусулмон ёки муоҳид (мусулмонларнинг ерида шартнома асосида яшайдиган киши)га қарашли бўлмаган ер майдонида қудуқ қазиса унинг суви ҳайвонлар ичиши учун бўлса атрофидаги ери 40 газ, нозих қудуқ бўлса атрофидаги ери 60 газ, агар булоқ бўлса атрофидаги ери 500 газ бўлиши керак. Нозих қудуқ бу – ундан туялар ёрдамида сув тортилиб экинлар суғориладиган қудуқ, аътан қудуқ – ундан сув тортилиб фақат ҳайвонлар суғорилиб, экинлар суғорилмайдиган қудуқдир. Сувидан экинлар туялар ёрдамида суғориладиган ҳар қандай қудуқ – нозих қудуқ бўлади.
201. Абу Юсуф Ҳасан ибн Амморадан, у Зуҳрийдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Булоқнинг ҳарими 500 газ, нозих қудуқнинг ҳарими 60 газ, аътан қудуқнинг ҳарими – агар ундан ҳайвонлар суғорилса 40 газ”, дедилар.
202. Исмоил ибн Муслим Ҳасандан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким қудуқ қазиса, унинг атрофидаги 40 газ ер ҳайвонларни суғориш учун унга тегишли бўлади”, дедилар.
203. Ашъас ибн Сивор Шаъбийдан ривоят қилади: “Қудуқнинг ҳарими у томонидан ҳам, бу томонидан ҳам 40 газ бўлади, ҳеч кимнинг қуддуқ эгасининг рухсатисиз унинг ҳаримига кириб, сувидан фойдаланишга ҳаққи йўқ”.
Абу Юсуф айтади: “Мен ер юзасига оқиб чиқмаган ер ости сув йўлининг ҳарими қудуқнинг ҳаримидек бўлиши керак деб ҳисоблайман. Қазилган қудуқ, булоқ ёки ер ости суви йўлининг ҳаримига ҳеч кимнинг киришга ва у ерда қудуқ қазишга ҳаққи йўқ. Агар шундай қилмоқчи бўлса қудуқ ёки булоқ эгаси бунга қаршилик қилиб, иккинчи одам кавлаган қудуқни кўмиб ташлаши мумкин, чунки бу жой унинг қудуғи ёки булоғининг ҳаримидир. Агар иккинчи киши ўша ерда бино барпо қилса, экин экса ёки бошқа бирор иншоат қурса, биринчи киши бунинг ҳаммасига қаршилик қилиши мумкин. Бу ишларнинг натижасида биринчи кишининг қудуғига зарар етса у жавобгар бўлмайди, зарар иккинчи кишининг амалга оширган иш туфайли етгани учун ўша киши жавобгар бўлади, чунки у бу ишни бировнинг мулкида амалга оширди. Мен бу борада ер ости сув эгасига зарар етмайдиган йўлни танлаб, унинг ҳаримини белгилайман. Агар ер ости суви ер юзасига оқиб чиқса, унинг ҳаримини анҳорнинг ҳарими каби белгилайман.
Агар иккинчи киши биринчи кишининг ҳаримидан ташқарида лекин ўша ҳаримга яқин қилиб қудуқ қазиса ва бунинг натижасида биринчи қудуқдаги сув иккинчи қудуқ қазилгани сабабли кетиб қолаётгани маълум бўлса ҳам, иккинчи киши бунга жавобгар бўлмайди, чунки у қудуқни биринчи кишининг ҳаримидан ташқарида қазиган.
Кўрмаяпсанми, мен иккинчи кишига ҳам худди биринчи кишиникидек ҳарим ажратиб, уларнинг ҳуқуқини тенг қиляпман. Булоқ, аътан қудуқ ва нозих қудуқ ҳам худди шундай дахлсиздир.
204. Ҳасан ибн Аммора Зуҳрийдан, у Саъид ибн Мусаййабдан, у Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилади: “Ким ўлик ерни тирилтирса, у ер унга тегишлидир. Бундай ерни ўзлаштириб олган кишининг эса уч йилдан сўнг ўша ерда ҳаққи бўлмайди”.
Абу Юсуф айтади: Умарнинг ҳадисига кўра ўлик ерни ўзлаштириб олган киши унга ишлов бермаса, уч йилдан сўнг у ерда ҳаққи қолмайди. Ерни ўзлаштириб олган киши бу – ташландиқ ерга келиб уни тўсиқ билан тўсган, лекин унга ишлов бермаган киши бўлиб, у ўша ерга уч йилгача ҳақли бўлади. Агар уч йил давомида у ерга ишлов бермаса, унга эгалик қилишга бошқа кишилар ҳам ҳақли бўлади.
205. Муҳаммад ибн Исҳоқ Абу Бакр ибн Муҳаммаддан, у Амр ибн Ҳазмдан ривоят қилади: Амр ибн Ҳазм Абу Бакр ибн Муҳаммаддан аътан қудуқлар ҳақида сўради. У: “Жоҳилият даврида аътан қудуқнинг ҳарими ҳар томондан 50 газ бўлар эди, ислом келгандан кейин эса икки қудуқ орасидаги масофа 50 газ қилиб белгиланди, шунда ҳар бир қудуқнинг ҳарими 25 газга тенг бўлди”.
206. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Шуаъйб отасидан, у бобосидан ривоят қилади: “Кимки қудуқ қазиса, қудуқ атрофидаги 50 газ ер унга тегишли бўлади ва ҳеч ким қудуқ соҳибининг рухсатисиз у ерга кириши мумкин бўлмайди”.
207. Қайс ибн Робеъ Билол ибн Яҳё Аъбасийдан у эса иснодни Пайғамбарга (с.а.в.) етказиб ривоят қилади: “Дахлсизлик уч нарсада: қудуқ атрофидаги ер, отлар подаси ва ҳалқа бўлиб ўтирган кишилар жамосида бўлади”.
208. Муҳаммад ибн Исҳоқ иснодни Пайғамбарга (с.а.в.) етказиб ривоят қилади: “Агар бирор водийдаги сув ўзани тўпиққача етган бўлса, водийнинг юқори қисмида яшовчи аҳоли сув ўзанини тўсиб, водийнинг қуйи қисмида яшовчи аҳолини сувсиз қолдиришга ҳаққи йўқ”.
209. Абу Умайс Қосим ибн Абдураҳмондан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилади: “Сув ўзанининг қуйи қисмида яшовчи аҳоли токи сувга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондирмагунларича унинг юқори қисмида яшовчи аҳолига нисбатан сувдан фойдаланиш ҳуқуқида устундирлар”.
210. Абу Маъшар шайхларидан иснодни Пайғамбарга (с.а.в.) етказиб ривоят қилади: “Пайғамбар (с.а.в.) ёмғир суви йиғиладиган кичик ариқларнинг суви тўпиққача етса, бу ариқнинг эгаси унинг сувидан қўшнисининг фойдаланишига тўсқинлик қилмаслигини белгилаб берганлар”.
Do'stlaringiz bilan baham: |