Жизя солиғи тўлайдиганлар ҳақидаги фасл
Жизя солиғини тўлаш Савод ерларида яшовчи, Ҳийра ва бошқа шаҳарлар аҳолиси бўлган – яҳудийлар, насронийлар, мажусийлар, собийлар46 ва сомирийлар-дан47 иборат барча зиммийлар учун мажбурий бўлиб, Бану Тағлиб насронийлари ва хусусан Нажрон аҳолиси бундан мустаснодир. Жизя солиғи фақат эркаклардан олинади, аёллар ва ёш болалардан эмас, шунингдек бой кишидан 48 дирҳам, ўрта ҳол кишидан 24 дирҳам, ерга ўз қўли билан ишлов берадиган камбағал деҳқондан 12 дирҳам олинади. Жизя солиғи ҳар йили олинади, агар пул ўрнига миниладиган ҳайвонлар, асбоб-анжомлар ва бошқа шу каби нарсалар тақдим қилинса, улар қийматига кўра қабул қилинади. Жизя солиғи сифатида ўлимтик, чўчқа ва маст қилувчи ичимлик олинмайди. Умар ибн Хаттоб (р.а.) мазкур нарсаларни жизя солиғи сифатида олишни таъқиқлаган ва: “Эгаларига уларни сотишни буюринглар ва пулини олинглар. Лекин жизя солиғини пулдан бошқа нарсалар билан тўлаш солиқ тўловчиларга яхшироқ бўлса, шундай қилиш мумкин. Бизга етиб келишича, Али ибн Абу Толиб (р.а.) зиммийлардан жизя солиғи сифатида игна олган.
Садақа ҳисобидан кун кўрадиган мискин ва ногирондан жизя солиғи олинмайди. Ногирон ва сурункали касалликка чалинган киши мол-мулкка эга бўлса, улардан жизя солиғи олинади, агар улар бой кишилар берадиган садақа билан кун кечирадиган мискинлар бўлишса, жизя солиғи олинмайди. Монастир роҳибларидан ҳам худди шундай, агар улар мол-мулкка эга бўлсалар жизя солиғи олинади, мол-мулклари бўлмаса жизя солиғи олинмайди. Монастирга кетганлар ўз мол-мулкларини бошқа бир кишига у монастирлар ва унда яшовчи роҳиблар ҳамда бошқаларни моддий жиҳатдан таъминлаши учун берган бўлсалар, улардан жизя солиғи олинади. Мазкур ҳолатда жизя солиғи монастир эгасидан олинади, агар монастир эгаси ўша мол-мулк унинг қўлида эканини инкор қилиб, бу ҳақда Аллоҳнинг номи ва ўз диндошлари қасам ичадиган бошқа нарса билан қасам ичса, у ўз ҳолига қўйилади ва ундан жизя солиғи олинмайди.
Мусулмондан агар у йил тугагандан сўнг исломни қабул қилган бўлса, жизя солиғи олинмайди. Агар у йил тугагандан сўнг исломни қабул қилса, жизя солиғини тўлаши керак, чунки у ҳамма мусулмонлардан олинадиган харож солиғига айланади. Агар йил тамом бўлишидан бир ёки икки кун, бир ёки икки ой, шундан кўп ёки кам муддат олдин исломни қабул қилса, йил тугамасидан олдин мусулмон бўлгани учун ундан жизя солиғи олинмайди.
Жизя солиғини тўлаши керак бўлган киши уни тўлашидан олдин ёки бир қисмини тўлаб вафот этса, қолган қисми унинг меросхўрларидан талаб қилинмайди ва у қолдиган мол-мулкдан олинмайди, чунки жизя солиғи унинг қарзи ҳисобланмайди. Худди шунингдек, исломни қабул қилган кишининг бўйнида жизя солиғининг бир қисми қолган бўлса, у олинмайди.
Ишлашга қодир бўлмаган ва мол-мулки йўқ қариядан, ақли ноқис кишидан жизя солиғи олинмайди. Зиммийларнинг чорва моллари – туя, қорамол, қўйларидан закот олинмайди, бу экакларига ҳам, аёлларига ҳам тааллуқлидир.
246. Суфён Абдуллоҳ ибн Товусдан, у отасидан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: “Зиммийларнинг мол-мулкидан солиқ олинмайди”.
Абу Юсуф айтади: Зиммийларнинг – хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – молларидан закот олинмайди, фақатгина тижорат учун олиб келган молларидан ушр солиғининг ярми олинади. Агар сотиладиган тижорат молларининг ҳисоби 200 дирҳам ёки 20 мисқол олтин ёки шунга тенг қийматга етса, улардан закот олинади.
Жизя солиғини талаб қилишда зиммийларнинг ҳеч бири калтакланмайди, қуёш тиғида турғазиб қўйиш ва бошқа азобларга дучор қилинмайди, таналарига ёқимсиз нарсалар илиб қўйилмайди, балки уларга яхши муомала қилинади. Лекин уларни тўлашлари керак бўлган жизя солиғини тўламагунларича қамаб қўйиш ва солиқ тўлиқ олинмагунча озод қилмаслик мумкин.
Жизя солиғини йиғишга масъул шахс насронийлар, яҳудийлар, собийлар ва сомирийлардан ҳеч бирини жизя солиғидан озод қилиши, баъзи қисмини тўламасликларига рухсат бериши, шунингдек, уларнинг бирига жизя солиғини тўлатиб, бошқасини озод қилиши мумкин эмас. Чунки жизя солиғини тўлашлари эвазига уларнинг жонлари ва молларининг дахлсизлиги таъминланган. Жизя солиғи харож солиғига тенгдир.
Тинчлик шаҳри48, Куфа, Басра ва шу каби шаҳарлардан жизя солиғини йиғиш борасида, менинг фикримча, бу ишни имом солиҳ кишиларга топшириб, мазкур шаҳарларнинг ҳар бирига яхшилик аҳли бўлган, ишончли, диёнатли ва ҳалол кишини юборади ва унга ёрдамчилар қўшиб беради. Улар яҳудий, насроний, мажусий, собий, сомирий дини вакилларини йиғадилар ва юқорида айтиб ўтганимдек уларнинг табақасига қараб жизя солиғи оладилар. Сарроф, баззоз, ер эгаси, савдогар, даволовчи табиб каби бой кишилардан 48 дирҳам олинади. Ҳунармандчилик ва тижорат билан шуғулланувчилардан, ҳар кимнинг ҳунари ва тижоратидан тушадиган даромадга қараб, бойларидан 48 дирҳам, ўрта ҳолларидан 24 дирҳам олинади. Кимнинг касб-кори 48 дирҳам солиқни кўтарса, ундан 48 дирҳам олинади, кимнинг касб-кори 24 дирҳам солиқни кўтарса, ундан 24 дирҳам олинади. Қўл меҳнати билан кун кечирадиган тикувчи, бўёқчи, этикдўз, дурадгор ва шу каби касб эгаларидан 12 дирҳам олинади. Мазкур солиқлар солиқ йиғувчилар томонидан йиғиб олингач, давлат хазинасига топширилади.
Савод ерлари борасида эса, харож йиғишга масъул қилган кишиларингга шундай кўрсатма бер, улар ўзлари диёнатли ва омонатли деб билган кишиларини қишлоқларга юбориб, қишлоқ эгалари (оқсоқоллари)га яҳудий, насроний, мажусий, собий ва сомирий динига мансуб аҳолини йиғиб беришларини айтадилар. Уларни йиғганларидан сўнг, юқорида сенга айтиб ўтганимдек, табақаларига қараб улардан солиқ оладилар. Харож йиғишга масъул кишиларга яна шуни ҳам буюрки, улар мен сенга баён қилиб берган меъёрлардан четга чиқмасинлар, сен жизя солиғи олинмасин деган кишингдан жизя солиғини олмасинлар, зулм ва адолатсизлик қилмасинлар.
Агар қишлоқ эгаси (оқсоқоли): “Мен улар борасида сизлар билан келишмоқчиман ва улар тўлайдиган солиқни тўлаб бермоқчиман”, деса, харож йиғишга масъул шахслар унинг бу таклифига рози бўлмасликлари керак. Чунки бу ҳолатда жизя солиғининг камайиб кетиш эҳтимоли катта бўлади. Қишлоқ оқсоқоли уларга 500 дирҳам беришга келишиши мумкин, ваҳоланки жизя солиғи қишлоқдаги зиммийларнинг ўзларидан олинадиган бўлса, 1000 дирҳамга етиши ёки ундан кўп бўлиши мумкин. Бундай келишув қонуний эмас ва солиққа зарар етиши жиҳатидан мумкин эмас. Эҳтимол оқсоқол қишлоғидаги зиммийлардан солиқ йиғаётганда, уларнинг бири 12 дирҳамдан камроқ бериши мумкин, жизя солиғи эса 12 дирҳамдан кам бўлмаслиги керак, ёки уларнинг орасида 48 дирҳам олиниши керак бўлган бой кишилар бўлиши мумкин.
Солиқ йиғувчилар йиғилган жизя солиғини харож солиғи билан бирга давлат хазинасига топширадилар, чунки улар барча мусулмонларга тегишлидир. Зиммийларнинг тижорат молларидан, бизнинг ҳудудларимизга омонлик истаб келганлардан, ушр солиғи йиғиладиган ерлар уларнинг қўлларига ўтган зиммийлардан ва Бану Тағлиб насронийларининг чорва молларидан олинган 49 барча солиқлар харож солиғи каби умумий бўлиб, харож солиғи сарф қилинадиган ўринларга сарфланади. Мазкур солиқлар закот ва ҳарбий ўлжанинг бешдан бир улуши сарфланадиган ўринларга сарфланмайди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла закот тақсимланадиган ўринларни белгилаб берган ва закот ўша ўринларга сарфланади, Аллоҳ ҳарбий ўлжаларнинг бешдан бир улуши тақсимланадиган ўринларни ҳам белгилаб берган ва бу ўзгармас бўлиб, инсонлар бу ҳукмларни бузишлари ва унга хилоф қилишлари мумкин эмас.
Эй мўминлар амири, Аллоҳ сени қўллаб қувватласин, сен қўл остингдагиларга пайғамбаринг ва амакингни ўғли50 Муҳаммаднинг (с.а.в.) ҳимоясида бўлган зиммийларга яхши муносабатда бўлишни, уларга зулм қилмаслик, озор бермасликл, тоқатларидан ортиқ солиқ юкламаслик ва мол-мулкларидан олиниши керак бўлган солиқнигина олишни буюришинг керак!
Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким муоҳидга зулм қилса ва унга тоқатидан ортиқ солиқ юкласа, мен (қиёмат кунида) унинг (зулм қилганнинг) зарарига ҳужжат бўламан”, деганлар.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) вафоти яқинлашганда: “Мендан кейин келадиган халифага Расулуллоҳ (с.а.в.) тузган аҳдномаларга амал қилишни, аҳднома эгаларини ҳимоя қилиб, уларга тоқатларидан ортиқ солиқ юкламасликни васият қиламан”, деган.
247. Ҳишом ибн Урва отасидан, у Саъид ибн Зайддан ривоят қилади: Саъид Шомнинг ерларидан ўтиб кетаётганида қуёш тиғида турғазиб қўйилган кишиларни кўриб: “Уларга нима бўлган?”, деб сўради. Унга: “Жизя солиғини тўламаганлари учун қуёш тиғидга турғизиб қўйилдилар”, деб жавоб беришди. Саъид бу ишдан нафратланиб, уларнинг бошлиқларини олдига кириб: Мен Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким инсонларга азоб берса, уни Аллоҳ азоблайди”, деганларини эшитганман деди.
248. Баъзи шайхларимиз Урвадан, у Ҳишом ибн Ҳаким ибн Ҳизомдан ривоят қилинади: Ҳишом Иёз ибн Муғним жизя тўламаган зиммийларни жазирама офтобда турғазиб қўйганини кўриб, унга: “Эй Иёз, бу нима қилганинг! Ахир Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бу дунёда инсонларга азоб берадиганлар, у дунёда ўзлари азобланадилар”, деганларку деди.
249. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб (р.а.) Шом сафаридан қайтаётиб, Шом йўлларининг бирида жазирама офтобда турғазиб, бошларига ёғ қуйиб қўйилган кишиларга дуч келди ва: “Уларга нима бўлган?”, деб сўради.
“Улар жизя солиғини тўлаши керак бўлган кишилар, токи тўламагунларича шундай азобланадилар”, дейишди.
Умар: “Жизя тўламаганларига нима сабаб кўрсатяптилар?”, деди.
Улар: “Тўлайдиган нарса топа олмаяпмиз”, деяптилар, дейишди.
Умар: “Уларни ўз ҳолига қўйинглар ва уларга тоқатларидан ортиқ солиқ юкламанглар, мен Расулуллоҳ (с.а.в): “Инсонларга азоб берманглар, бу дунёда инсонларга азоб берадиганларни Аллоҳ қиёмат куни азоблайди”, деганларини эшитганман деди ва ўша одамларни қўйиб юборишни буюрди.
250. Ўтган шайхлардан бири иснодни пайғамбарга (с.а.в.) етказиб ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Абдуллоҳ ибн Арқамга зиммийлардан жизя солиғи йиғишни топширдилар ва кетаётганида уни чақириб: “Огоҳ бўл, ким муоҳидга зулм қилса ёки тоқатидан ортиқ солиқ юкласа, ё обрўсини тўкса ёки молини хоҳишига қарши олса, қиёмат кунида мен унинг зарарига ҳужжат бўламан”, дедилар.
251. Ҳасин ибн Амр ибн Маймун ривоят қилади: Умар (р.а.): “Мендан кейин келадиган халифага зиммийларга яхшилик қилиш, улар билан тузилган аҳдномаларга амал қилиб, уларни ҳимоя қилиш ва уларга тоқатларидан ортиқ солиқ юкламасликни васият қиламан”, деган.
252. Варқо ал-Асадий Абу Зибёндан ривоят қилади: Салмон Форсий билан бир ғазотда бирга эдик, олдимиздан бир киши ўтиб қолди, у (зиммийнинг боғидан) мева узиб, уни дўстларига бўлиб бераётган эди, Салмон унга (бу иши учун) танбеҳ берди, у киши Салмонни танимади ва унга гап қайтарди. Халиги кишига: “Ахир бу Салмонку”, дейишди. Шунда у ортига қайтиб, Салмондан узр сўрай бошлади ва: “Эй Абу Абдуллоҳ, бизга зиммийлар борасида нима ҳалол?”, деди.
Салмон: “Сенга уч нарсани айтаман – кўзингни очиб, тўғри йўлдан юр, бор нарсангга қаноат қил!51 Агар зиммийлардан бири сенга ҳамроҳ бўлиб қолса, сен унинг таомидан ейишинг, у эса сенинг таомингдан ейиши мумкин. Сен унинг миниладиган ҳайвонини минишинг, у эса сенинг ҳайвонингни миниши мумкин, фақат (ўз фойдангни ўйлаб) уни кетаётган йўлидан қолдирмаслигин керак!”, деди.
253. Умар ибн Нофеъ Абу Бакрдан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб (р.а.) кимнингдир эшиги олдидан ўтаётиб, у ерда тиланчилик қилиб турган кўзи ожиз қарияни кўриб қолди, орқасидан бориб, унинг қўлидан ушлади ва: “Сен аҳли китобларданмисан?”, деб сўради. У: “Ҳа, мен яҳудийман”, деди.
Умар: “Гувоҳ бўлганим бу ишни қилишингга сени нима мажбур қилди?”, деб сўради. У: “Жизя солиғини тўлаш ва ўз ҳаражатларим учун шу ёшимда садақа сўраяпман” деди. Шунда Умар (р.а) қариянинг қўлидан тутиб ўз уйига олиб боди ва унга уйидаги нарсалардан берди. Сўнгра давлат хазинаси хазинабонини чақиртириб, унга шундай деди: “Бу қарияга ва унга ўхшашларга қара! Аллоҳга қасамки, биз ёшлигида унинг ҳисобидан кун кўрдик, қариганида эса уни ташлаб қўйиб, унга нисбатан ноинсофлик қилдик. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди)” (Тавба, 60). Бу оятдаги фақирлардан мурод мусулмонлар бўлиб, бу эса аҳли китобдан бўлган мискиндир.
Умар (р.а.) мазкур қария ва у кабиларни жизя солиғидан озод қилди.
Абу Бакр (р.а.): “Мен бу воқеага гувоҳ бўлиб, ўша қарияни ўз кўзим билан кўрганман”, деди.
254. Исроил ибн Юнус Иброҳим ибн Абдул Аълодан, у Сувайд ибн Ғафаладан ривоят қилади: Ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) ҳузурида солиқ йиғувчилар тўпланди ва у: “Эй бу ердагилар! Менга етиб келишича, сизлар ўлимтик, чўчқа ва маст қилувчи ичимликни жизя солиғи сифатида олаётган экансизлар”, деди. Шунда Билол: “Ҳа, улар бу ишни қиляптилар”, деди.
Умар: “Бундай қилманглар, балки мазкур нарсаларнинг эгаларига уларни сотишни буюринглар ва пулини олинглар”, деди.
Do'stlaringiz bilan baham: |