Менежментнинг тарихий шарт-шароитлари.
Менежмент тушунчаси тор маънода бирор-бир ташкилот мақсадини аниқлаш ва унга эришиш учун зарур бўлган режалаштириш, ташкил этиш ва назорат жараёнларининг фойда келтириши, самара бериши фаолият йўналишини қанчалик тўғри танлай билишга, қарорлар қабул қила олишга ҳамда унинг бошқарилишини назорат қилишга ва бу жараён боришига боғлиқ бўлади. Менежмент кенг маъноли тушунча сифатида, жаҳондаги менежмент ва уни ташкил этишнинг назариётчиларидан бири Питер Друкер айтганидек, «алоҳида фаолият тури бўлиб, ташкил этилмаган бетартиб оммани бир мақсадга йўналтирилган самарали ва унумли гуруҳга, жамиятга айлантирадиган, ижтимоий ўзгаришларни рағбатлантирувчи элемент ҳисобланади». Менежмент нафақат корхона доирасида, қолаверса, бутун бир жамият, давлатни ўз танлаган йўли, мақсад ва интилишларига етакловчи, иқтисодиётни кучли, барқарор ишловчи механизмга айлантиришда муҳим таъсир этувчи куч ҳисобланади.
Менежментни жамиятнинг иқтисодий негизи билан боғлаб, шу билан бирга, унинг икки: ташкилий-техникавий ва ижтимоий-иқтисодий томонларини ҳисобга олган ҳолда ўрганиш лозим.
Менежмент тафаккури эволюциясининг таърифини ўз ичига олган: менежмент тизимланган илм-фан ва касб-ҳунар сифатида шаклланишидан аввал у қандай ривожланганлигини кўрсатадиган. Олдимизда турган энг муҳим масалалардан бири - бу менежментни самарали қилиш учун ҳеч қандай универсал усуллар ёки қатъий тамойиллар йўқлигини билишдан иборат. Аммо, шундай ёндашувлар мавжудки, улар раҳбарларга ташкилот мақсадларини самарали равишда амалга ошириш эҳтимолини орттиришга ёрдам беряпти. Кейинчалик баён қилинган ёндашувларнинг ҳар бири бизнинг бошқарув ва ташкилотни тушуниб етишимизга сезиларли даражада ҳисса қўшган. Шундай қилиб, бу бобни кейинчалик қатор масалаларни анча жиддий ва батафсил равишда кўриб чиқишнинг кириш қисми, шунингдек, бошқарувга бўлган қарашларнинг қисқача тушунчаси деб ҳисоблаш мумкин.
Агар ташкилот муваффақиятга эришмоқчи бўлса, менежмент функсиялари бажарилиши шарт. Менежмент амалиёти ташкилотларга ўхшаш эски, бу унинг ҳақиқатан ҳам қадимийлигини англатади. Санаси эрамиздан аввалги уч мингинчи йилларни кўрсатувчи лойдан қилинган тахтачаларда қадимги Шумернинг савдо-сотиққа оид битимлари ва қонунлари тўғрисида маълумотлар ёзилган, бу у ердаменежмент амалиёти мавжуд бўлганлигининг аниқ исботидир.
Археологик қазилмаларга қараб бундан ҳам қадимийроқ ташкилотлар мавжуд бўлганлигини, ҳатто қадимда инсонлар ташкилланган гуруҳлар бўлиб яшаганлигини билса бўлади. Аммо, қадимда менежменти мавжуд бўлган ташкилотлар мазкур китобда ёритилганлардан катта фарқ қилади. Менежмент фаолиятнинг мустақил соҳаси сифатида фақатгина йигирманчи асрда тан олинган. Кейинроқ, биз қисман бўлса-да, бунинг сабабларини ёритишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир эса, ташкилотларнинг ривожланиши ва уларни бошқариш тарихи ҳақида, улар қадимда қандай бўлганликларини кўрсатиш учун қисқача тўхталиб ўтамиз.
Қадимда йирик ташкилотларнинг вужудга келиши улар менежмент даражаларини ажрата олиш мумкин бўлган расмий тузилмага эга бўлганликларини аниқ кўрсатади. Бобил осма боғлари, Мачу Пикчу инк шаҳри ва Миср пирамидалари фақат мувофиқлаштирилган, ташкилланган бошқариш натижасида пайдо бўлган.Исо туғилишидан анча олдин йирик сиёсий ташкилотлар ҳам мавжуд бўлган. Буюк Искандар даврида улар Македония, Форс, кейинроқ Римдан Осиё ва Европагача ёйилган. Бу ташкилотлар раҳбарлари - қироллар ва генераллар эди. Албатта, мавжуд бўлган ташкилотлар фаолиятини таъминлашга ёрдам берган лейтенантлар, ғалла омборлари асровчилари, подачилар ва иш назоратчилари, ҳудудлар губернаторлари ва ғазначилар ҳам бўлган.
Йиллар ўтди, баъзи бир ташкилотларни бошқариш анча аниқлаша бошлади ва мураккаблашди, ташкилотларнинг ўзи эса, борган сари кучли ва борган сари барқарор бўла бошлади. Бунга юзлаб йиллар мавжуд бўлган Рим империяси яхши мисол бўлади. Генерал ва офицерлардан иборат аниқ бошқарув тузилмасига, армияларининг дивизияларга бўлинишига, режалаштиришга ва интизомга эга бўлган Рим легионлари, ёмон ташкилланган Европа мамлакатлари, Ўрта Шарқ давлатлари устидан ғалабали юриш билан ўтди. Босиб олинган ҳудудлар Римга бўйсинган генераллар бошқарувига берилган, Рим билан алоқани тезлаштириш учун йўллар қурилган. Алоқа (биз буни кейинроқ батафсил кўриб чиқамиз) бу ташкилот муваффақиятининг энг муҳим таркибий қисмидир. Ҳозир ҳам айрим жойларда ишлатилаётган машҳур йўллар император фойдасига солиқ ва тўловлар йиғишга ёрдам берган. Ундан ҳам муҳими, агар маҳаллий аҳоли ёки маҳаллий маъмурият рим бошқарувига қарши бош кўтарса, яхши йўллар мамлакат ичида жойлашган легионларга четда жойлашган провинсиялар билан тезда боғланишга имкон берган.Замонавий менежмент кўринишларининг деярли ҳамма турлари, шаклларини улар билан шуғулланган қадимги йирик ташкилотларда кўришимиз мумкин, аммо, умуман олганда, у вақтдаги менежментнинг ҳарактери ва тузилмаси бугунгидан фарқланади. Масалан, раҳбарлар ва нораҳбарлар орасидаги мутаносиблик, ўрта бўғиндаги раҳбарлар камроқ бўлган. Олдинги ташкилотлар муҳим қарорламинг деярли барчасини ўзлари қабул қиладиган юқори бўғиндаги раҳбарларнинг кам сонли гуруҳларига эга бўлишига интилганлар. Раҳбарлик, кўпинча, бир одам томонидан амалга оширилар эди, бу бир актёр театрига ўхшар эди. Агар менежментнинг юқори даражасидаги шахс (бу, деярли ҳамма вақтда, эркак киши бўлган) Юлий Сезар ёки Адриан каби яхши лидер ва ҳукмдор бўлса, унда ҳамма нарса бирмунча силлиқ ўтар эди. Ҳокимиятга Неронга ўхшаш ношуд раҳбар келганда, ҳаёт зим-зиёга айланиши мумкин эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |